Кейинги йилларда ёз ойларида ҳароратнинг кескин кўтарилиши нафақат бизни, балки бутун дунё ҳамжамиятини хавотирга солмоқда. Инсонлар иссиқ, қуруқ ва қуёшли ҳаводан сақланиш учун ўзларига керакли шароитларни яратиб олишга ҳаракат қилмоқдалар. Айниқса, бу қишлоқ жойларда яшайдиган аҳолига бирмунча енгиллик туғдиради. Чунки қишлоқда соя-салқин дарахтлар ва турли сув ҳавзаларининг мавжудлиги кишига оз бўлсада ҳузур бағишлайди. Бундай иссиқ кунларда шаҳар аҳолисига қийин. Сабаби асфальт ва қуёшда тобланган девор ичида яшаш бироз қийинчиликлар туғдиради. Бундай иссиқ об-ҳавода инсон организмидаги суюқлик танани совутишга сарф қилинади. Натижада мия ва бошқа аъзолар сувсизлик ҳолатига тушиб ўзини нохуш ҳис қилади.
Ана шундай пайтда айрим кишиларда дисфория ҳолати, яъни ёмон кайфият, тушкунлик, қурқув, хафагарчилик, жиззакилик, жаҳлдорлик, уйқусизлик ҳамда кайфиятнинг кескин ўзгариши кузатилади.
Иссиқ об-ҳаво барча ёшдаги кишилар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, юрак қон-томир тизимида сурункали касалликлари бор кишилар, қариялар ва болалар кўпроқ азият чекадилар. Иссиқ кунларда артериал қон босимини кўтарилиши, инфаркт ва миокард қон айланиш тизимида ўзгаришлар кўпчиликда кузатилади ва шифокорга мурожаат этиш ҳолатлари кўпаяди.
Ҳимоя қилиш чоралари
Демак, ишлаб чиқариш шароитларида, ҳар хил мавсумдаги об-ҳаво ҳарорати инсонлар саломатлигига турлича таъсир кўрсатади. Бу таъсирлар об-ҳавонинг турли четланишларига ҳам боғлиқ. Иссиқ ҳавони ҳис этиш нафақат иссиқ кунларда бошланишига, балки ҳаво оқимига ҳам боғлиқ. Иссиқ кунларда турли хилдаги салқинлаштирувчи ичимликлар ташналикни вақтинчалик қондирсада, меъёридан кўп истеъмол қилиш жигар ва буйрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Бундай иссиқ кунларда буйракка шундоқ ҳам юклама тушади. Танамиздаги барча аъзолар меъёрида фаолият юритиши учун уйқудан олдин ёғли овқат ейишдан тийилишимиз керак. Чунки ёғли овқат ҳазм бўлиши учун тана ҳарорати кўтарилади ва организмдан кўп суюқлик ажралиб чиқади. Кун давомида оз-оздан 5 маротаба овқатланиб, имкон даражасида ҳўл мева ва сабзавотларни, иссиқ таомлардан кўра, совуқ таомларни истеъмол қилган маъқул. Сувни овқатни еб бўлгач, 30 дақиқа ўтгандан кейин кам-кам миқдорда истеъмол қилиш тавсия этилади.
Иссиқ кунда чўмилиш ҳавзаларида жуда совуқ сувга шўнғиб чўмилиш тавсия этилмайди. Негаки, совуқ сув томирлар торайишини келтириб чиқаради. Сувга шўнғишдан олдин бироз сояда туриш ва танани совутиш лозим. Бундай иссиқ кунларда совуқ душда чўмилиш ҳам тавсия этилмайди. Негаки, совуқ сувда торайган томирлар иссиққа чиққач кенгаяди. Яхшиси, иссиқ кунда илиқ душ қабул қилган маъқул. Меъёридан ортиқ жазирама кунда қуёшнинг фаоллиги ошиши янада хавфли. Шу сабабли офтобда тобланишда барча эҳтиёт чораларини кўриш керак. Бу муолажани соат 12:00 дан 16:00 гача бажармаган маъқул. Офтобда тобланиш пайтида бошда кийим бўлиши шарт. Энг яхшиси соябон остида ҳўлланган рўмолча билан бошни ўраб ётган маъқул.
Жазирама кунлари ультрабинафша нурланишнинг даражаси ошишини ҳисобга олиб, кўзга кўзойнак тақиб юриш зарур. Доимо ўзингиз билан газланмаган минерал сув олиб юринг. Иссиқ кунларда ялангоёқ юриб туриш фойдадан холи эмас. Чунки оёқ товонларида ички аъзолар фаолиятига таъсир этувчи фаол нуқталар мавжуд.
Жазирама кунларда спорт ва жисмоний машқлар билан кучли шуғулланиш мумкин эмас. Чунки машғулотлар пайтида иссиқлик алмашинуви 5 мартагача ошади. Шу сабабли организмда сувсизлик келиб чиқиши мумкин. Югуриш машқлари ёки тренажёрда шуғуллангандан кўра, иссиқ пайтда пляж ёки сояда дам олган маъқул. Иссиқ кунларда синтетик ва танага ёпишиб турадиган либос кийиш мумкин эмас. Пахта ва бўз матодан тикилган кийим-кечак терини нафас олиши ва тер чиқариши учун қулай. Сунъий, синтетик матолар терининг нафас олиш жараёнини қийинлаштиради. Шунингдек жазирама иссиқда юз терисига упа ва крем ишлатишни чагаралаган маъқул. Улар теридаги майда тешикларни беркитиб, нафас олишини қийинлаштиради. Ёзнинг жазирама иссиқ кунлари чекиш ва спиртли ичимликлардан воз кечиш учун энг қулай пайт ҳисобланади. Чунки шундай иссиқ кунларда алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлигига ўта хавфлидир. Чанқоқни босиш учун газсиз минералли сув, кўк чой ва ҳар хил шарбатларни совутилган ҳолда ичиш тавсия этилади. Бироқ улар ўта совуқ музлатилган бўлиши керак эмас.
Иссиқ уриш белгилари
Одатда иссиқ уриши белгилари бирдан бошланади, лекин баъзан у бошланишидан олдин мушаклар тортиб оғриши кўринишидаги баъзи ёқимсиз аломатлар пайдо бўлади. Кейин инсоннинг пульси тезлашади, баъзан аритмик кўринишида бўлади. Тери қопламаси нотабиий қуруқ ва иссиқ бўлади. Оғир кўринишларда тана ҳарорати 40 градусгача ошади ва асаб тизимининг зарарланиш белгилари намоён бўлади. Кўз қорачиғи кичраяди, мушаклар тонуси бузилади, тиришишлар пайдо бўлади. Ихтиёрсиз сийдик ва ахлат чиқариш ҳоллари иссиқ уриши бурун қонаши, қайт қилиш, диарея ва анурия билан кечади.
Иссиқ ёки қуёш уришида биринчи ёрдам
Бундай пайтда энг асосийси беморни тезроқ совуқ жойга ўтказиш ва танани иложи борича тезроқ совушига ёрдам бериш керак. Имкони бўлса бошга муз қўйиш, қўлтиқ ва чов орасини спирт билан артиш керак. Шуни билиш керакки, одамни совутиш жараёнида руҳий қўзғалиш белгилари намоён бўлиши мумкин. Агар қуёш ёки иссиқ уриши кўчада содир бўлган бўлса, ўша кишини тезда сояга ўтказиш керак. Кийимларини ечиб, терини совутиш ва оёқларини баланд қилиб ўтказиш керак. Агар бемор ҳушида бўлса, хона ҳароратидаги сувни ичириш керак.
Раҳима Мавлянова,
шаҳар 2-Оилавий поликлиникаси бош шифокори.