28 июнь куни ОКМК ФК Ўзбекистон чемпионатининг биринчи давра якунида, яъни Суперлиганинг 13-тур доирасида Қаршига сафар уюштириб, «Қизилқум» жамоасига қарши майдонга тушди.
Қаршидаги «Марказий» стадионида бўлиб ўтган баҳсда жамоалар кутилганидек 3 очко илинжида майдоннинг ҳар бир қаричида кураш олиб боришди.
Ўйиндаги дастлабки голли вазиятни вакилларимиз яратишди. 15-дақиқада майда паслар орқали ҳимоядан ажойиб тарзда ҳужумга ўтган Миржалол Қосимов шогирдлари якунда Иракле Рухадзенинг хатти-ҳаракатлари эвазига «Қизилқум» дарвозаси ишғол қилинди. Аммо VАР тизими орқали ушбу ҳолат такрор кўриб чиқилганда Иракле рақиб посбонига халақит берганлиги маълум бўлди ва учрашув бош ҳаками Равшан Абдувоҳидов томонидан гол бекор қилинди.
Юқоридаги голли вазият стадиондаги мухлисларнинг энг эсда қоларли воқеаси сифатида йодда қолди ва биринчи тайм 0:0 ҳисобида ниҳоясига етди.
Иккинчи бўлимда ҳам рақиб дарвозаси томон кетма-кет рейдлар уюштирган олмалиқликлар фаоллик эвазига стандарт вазиятларга эга бўлишди. Аммо ундан фойдаланишда бироз омад етишмади.
Афсуски, 70-дақиқада тўп билан ҳужумга чоғланган жамоамиз аъзоси Ойбек Рустамов ҳакам томонидан четлаштирилди. Бу ҳолатда ҳакам Рустамов тўп билан ҳаракатланиш палласида рақиб футболчисига бутсаси билан қалтис тарзда жароҳат етказди деб топди ва унга қизил карточка кўрсатди.
Шундай сўнг, бир киши кам бўлиб қолган ОКМК ФКнинг режалари ўзгариб кетди ва бу «кончилар»га ўз салбий таъсирини ўтказди. 84-дақиқада жарима майдончамиз ичида иккинчи қаватдан узатмани қабул қилиб олган «Қизилқум» ўйинчиси Элгужа Лобжанидзе моҳирона зарбаси билан Валижон Раҳимов қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди ва навоийликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди — 1:0.
Ушбу гол кетидан ўйин янада жонланди. Хоҳ у, хоҳ бу жамоаларнинг дарвозалари олдида хавфли ҳужумлар кўпая бошланди. Аммо ўйин охиригача таблодаги 1:0 ҳисоби бошқа ўзгармади.
Шу тариқа, Миржалол Қосимов шогирдлари биринчи давра якунини минимал ҳисобдаги мағлубият билан якунлади. Шундай бўлсада, Олмалиқ жамоаси биринчи давра натижаларига кўра, пешқадамлар қаторидан ўрин олиб, Суперлиганинг иккинчи давра ўйинлари олдидан энг яхши натижага эга бўлган уч клубан бири бўлиб турибди.