Image default
Жиноят ва жазо

СОҒЛОМ РУҲИЯТ ВА КЎТАРИНКИ КАЙФИЯТ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ АСОСИЙ ҚУРОЛИДИР

Ҳар бир иш самарадорлигида аввало шахснинг кайфияти, руҳияти дастлабки ўринда туради. Жумладан, ҳарбий хизматчиларнинг ўз бурчини нақадар виждонан бажариши, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни оқилона бартараф этишида психологик ҳолат асосий омил саналади. Шу боис эндиликда соҳада ҳарбий психолог штатлари жорий этилди. Бу мутахассислар ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётий ва профессионал кўникмалари, билимларини ошириб бориши, ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга холисона ёндашиш, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Ҳарбий психологларнинг айни йўналишдаги вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида“ги қарорида яққол кўрсатиб ўтилган. Мазкур ҳужжатга кўра Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш органлари негизида тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари ташкил этилди. Бригадаларда ва уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмларда, алоҳида батальонларда “ҳарбий психолог” (офицер) лавозими жорий этилди. Бундан ташқари, ҳарбий округлар бошқарув аппаратларида “психолог”, “етакчи социолог”, бригадаларда ва алоҳида батальонларда “ҳарбий қисм командирининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси – Маданият маркази бошлиғи” лавозимлари жорий этилди.
Шундай экан, бугун ҳарбий психологларнинг ўз вазифасини амалга ошириш йўналишлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтиш жоиз. Хусусан, ҳарбий хизматчиларга кўрсатиладиган психологик хизмат уларнинг руҳий ҳолатини ўрганиш, ўзини доимо яхши ҳис қилиши, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни осонлик билан ҳал қилишга асосланган бўлиб, бир неча йўналишлардан иборат.
Даставвал психологик таҳлил ва баҳо бериш йўналишига тўхталиб ўтамиз. Бунда ҳарбий психологлар аскар ва ҳарбий ходимлар билан мулоқот қилган ҳолда уларнинг руҳий ҳолатини таҳлил қилади. Натижага кўра руҳий ҳолат баҳоланади. Бу жараёнда ҳарбий хизматчининг стресс даражаси, мотивациялари, ўзини тутиши, бурчини бажариш жараёнидаги ҳаракатлари, шунингдек, бошқа муаммолари ўрганиб чиқилади. Табиийки, таҳлил ва баҳо ҳарбий хизматчидаги мавжуд муаммони ўз вақтида ва самарали ҳал қилишга хизмат қилади. Мутахассис тавсиясига асосан бу борада тезкор ва аниқ чоралар белгиланади. Оқибатда ҳарбий хизматчи қисқа фурсатда ҳеч қандай муаммоларсиз ўз иш жойига қайтади.
Кейинги йўналиш сифатида психиотерапия жараёнини таъкидлаш зарур. Ҳарбий психологларнинг тегишли мутахассислар билан ҳамкорликдаги психиотерапия ёрдами ҳарбий хизматчилардаги стресс, депрессия, аниқ бўлмаган қўрқувлар, турли даражадаги жароҳатлар ҳамда бошқа руҳий муаммоларни енгиб ўтишга хизмат қилади. Албатта, бу дастлабки йўналишга нисбатан бирмунча жиддий жараён бўлиб, нисбатан кўпроқ вақт ва эътибор талаб этади.
Галдаги йўналиш сифатида ҳарбий хизматчиларга мотивация бера олиш ва уларни руҳий қўллаб-қувватлаш зарурати эътироф этилади. Мотивация ўз-ўзидан ҳар қандай одамга ҳар қандай вазиятда олға юра олиш, янгиликлар сари ташаббускор бўлиш, муаммолар олдида таслим бўлмаслик, аксинча, навбатдаги ютуқлар сари илҳомлантиради, кўтаринки кайфият беради. Кайфият ўз навбатида руҳиятни қўллаб-қувватлайди. Соғлом руҳият ва кўтаринки кайфият ҳарбий хизматчининг биринчи ва асосий қуроли. Улар жамланган вақтда ҳарбий хизматчи мақсад сари дадил интилади, стресс билан бемалол мулоқот қилади, уни бошқара олади, жанг майдонида ўзига бўлган юксак ишонч ва куч-қудратини, салоҳиятини сақлаб қолади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлиги армиямиз учун доимий тарзда долзарблигини йўқотмайди.

Аслиддин Сайфиддинов,
ҳарбий қисм командири ёрдамчиси, ҳарбий психолог.

МАВЗУГА ОИД

60 МИНГ СЎМЛИКТЕМИР ЗАНЖИРНИ ЎҒИРЛАБ…

admin

ЭКСКАВАТОР «ТИШЛАРИ»НИ ЎҒИРЛАГАН ТЎРТОВЛОН…

admin

КЎР КЎРНИ ҚОРОНҒИДА ТОПАР

admin

ИШЛАМАЙДИГАН ОТАНИНГ 11.226.600 СЎМ АЛИМЕНТ ҚАРЗИ

admin