Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги 94-сессияси бўлиб ўтди. Масофавий тарзда видеоконференция алоқа орқали ўтказилган сессияда кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Жумладан, шаҳар бюджетининг 2024 йил 1-чорагида даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан режалаштирилаётган тадбирлар, талаб этилаётган харажатлар ва маҳаллий бюджет параметрларига 2024 йилнинг 1-ярим йиллигида киритилган ўзгартиришлар тўғрисида шаҳар Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Ш.Абдиев ҳисобот берди. Шаҳар ҳокимлиги томонидан киритилган таклифлар кўриб чиқилди. Мазкур масала бўйича сессия қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси порталига муҳокама учун ҳам қўйилган.
Шаҳарда 2023 йил давомида атроф-муҳитнинг ифлосланишининг олдини олиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши Тошкент вилояти бошқармаси Олмалиқ шаҳар бўлими бошлиғи Абдураим Айтматовнинг ҳисоботи ҳам эшитилди.
Шунингдек, сессияда шаҳар ҳокимининг 2024 йил 12 июндаги 187-10-147-Қ/24-сонли қарорини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Мазкур қарорга асосан бугунги кунда шаҳар ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётган Минаварова Марҳабо Маматовна мазкур лавозимга тасдиқланди.
Шаҳар Кенгашининг VI-90-53-10-147-К/24-сонли қарорига тузатиш киритиш тўғрисидаги масала бўйича Кенгаш қарорида масъул ташкилот раҳбарлари томонидан йўл қўйилган хатолик туфайли айрим исм-шарифларга тузатишлар киритилди. Кенгашга таклиф киритувчи масъул ташкилот раҳбарларига эса огоҳлантириш берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг «Маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва сенаторларнинг «Маҳалла еттилиги» билан ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси муҳокама қилинди. Унга асосан депутатларнинг маҳаллаларда ўтказган қабулларида фуқаролар томонидан тушган мурожаатларнинг тегишли ташкилот ва идоралар томонидан ҳал этилиши ҳолати муҳокама қилинди. Сусткашликка йўл қўяётган масъулларга нисбатан чора кўриш бўйича иш берувчиларга таклифлар киритилди.
«Очиқ бюджет» лойиҳасининг 2024 йил 1-мавсумида қўшимча ғолибларини аниқлаш тўғрисида шаҳар Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Шоҳруҳ Абдиевнинг таклифи кўриб чиқилди. Унга асосан шаҳарда мазкур лойиҳанинг 2024 йил 1-мавсумида ғолиб бўлган лойиҳалар рўйхатида навбатдаги ўринда туриб, маблағ етмаганлиги сабабли ғолиб деб эълон қилинмаган 1 та лойиҳа (20-мактаб) қўшимча ғолиб деб эълон қилинди.
Эргаш Абдураимов,
Халқ депутатлари шаҳар
Кенгаши котибият мудири.