Маълумки, депутатлик халқнинг катта ишончи ва масъулият. Аммо депутатлик касб эмас, мансаб эмас ва унинг алоҳида мактаби йўқ. Депутатлар турли соҳаларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган, маълум ҳудуддан сайланган халқ вакили бўлиб, сайловчилари номидан давлат ҳокимият органларига масала ва муаммоларни етказади, дастур ва қарорлар қабул қилиш жараёнида фаол қатнашади. Бундан ташқари яна кўплаб вазифа ва ваколатларга эга. Бу шахс сайлангандан кейин халқ вакили бўлишнинг сир-асрорларини, муаммоларни ҳал қилишнинг механизмларини, жамиятнинг турли соҳалари бошқарувини ўрганиши, тегишли қонунларни ўқиб, таҳлил қила олиши, таклифлар ва ташаббуслар билан чиқишни билиши, фикрини кенг жамоатчиликка ва масъуллларга самарали йўллар билан еказа олиш кўникмаларини ўзида шакллантириши керак.
Жамоатчилик асосида ишлайдиган, қўшимча маош олмай туриб, ўзининг касби билан биргаликда катта масъулиятни бажарадиган бу каби инсонлардан фидоийлик талаб қилинади. Бу жараёнда депутатлар ўзаро билим ва тажриба алмашишга, ютуқлари билан ўртоқлашишга, камчиликларини услубий тавсиялар билан бартараф этишга эҳтиёж сезадилар. Бу борада Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг котибиятлари ташкил этилганлиги жуда катта аҳамиятга эга бўлди ва ўз самарасини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ташаббуси билан вилоятлар ўртасида депутатлар ва Кенгаш котибиятларининг ўзаро ташрифлари бўлиб ўтмоқда. Бунда бошқа бир вилоят вакиллари ҳудудлардаги энг намунали, ўрганиш учун арзирли ташаббус ва тажрибалари бор бўлган туман ва шаҳарларга ташриф буюриб фикрлашиб, тажриба олмоқдалар.
Ўтган ҳафта якунида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши, шаҳар ва туманлар депутатлари ва Кенгашлар котибиятлари мудирларидан иборат 26 нафар халқ вакиллари Тошкент вилоятига ташриф буюрдилар. 3-5 июл кунлари давом этган ташрифнинг биринчи кунида меҳмонлар Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутатлари ва Кенгаш котибияти фаолияти билан яқиндан танишишди. Дастлаб, улар шаҳар ҳокимлиги биносида шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Шермуҳаммад Бегиев, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши котибияти мудири Эргаш Абдурайимов, депутатлар, Кенгаш ҳузуридаги “Ёшлар Парламенти вакиллари мактаби” аъзолари томонидан илиқ кутиб олинди ва шаҳар Кенгаши мажлислар залида учрашув бўлиб ўтди. Шермуҳаммад Бегиев томонидан меҳмонларга шаҳримиз ҳақида қисқача маълумот бериб ўтилди.
Сўнг, Эргаш Абдурайимов бошчилигида депутатлар ва Ёшлар парламенти вакиллари мактаби аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва сенаторларнинг “Маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг шаҳримиздаги ижроси, Кенгаш ҳузуридаги “Ёшлар парламенти вакиллари мактаби” фаолияти ҳамда депутатлик фаолияти бўйича тақдимотлар қилинди.
Депутатларимизнинг мазкур уч йўналишдаги ишлари меҳмонлар томонидан юқори баҳоланиб, эътироф этилди.
Шунингдек, меҳмонлар “Металлург” маданият саройи, “Қалмоққир” кони, 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Кун якунида ҳам шаҳримизда бўлган меҳмонлар 4 июл куни тонгда навбатдаги манзилларга кузатиб қўйилди. Меҳмонлар томонидан шаҳримизнинг депутатлари фаолияти, ижро ҳокимияти билан ҳамкорлиги, “Олмалиқ КМК” АЖ ва жамиятнинг бошқа барча соҳаларда олиб борилаётган ишлар юксак баҳоланди.
Халқ депутатлари шаҳар
Кенгаши котибияти.