33 ёшли Маҳмуд 10 йилдан ошиқ вақт мобайнида “Олмалиқ КМК” АЖ Мис бойитиш фабрикаси Мис ва молибден концентратини селекциялаш ва қуритиш цехида таъмирловчи чилангар бўлиб ишлаб, шу ердан олаётган маошига оиласини боқаётган, рўзғорини бутлаётганди. Аммо у ҳаётдаги маиший орзу-ҳавасларни деб, бир кредитини сўндирмасдан яна кредит, етмагандек камига танишларидан ҳам қарз олиб ташлаганди. Қарзини узишга келганида эса, бошини чангаллаб енгил пул топиш йўлини ўйлади. Қабиҳ режасини ўзига ўхшаган енгил ўйловчи 4 нафар ҳамкасби ва аввал ҳам судланиб чиққан бир киши билан маслаҳатлашди. Маслаҳат пишиб, ҳамтовоқлар топилажак мўмай пулни ўртада бўлишишга рози бўлди. Дастлаб, улар пойтахтдаги “Янгиобод” бозоридан эски палос сотиб олиб, иккига бўлиб бир амаллаб Мис бойитиш фабрикасининг чиқиндихонасига олиб кириб яшириб қўйишга эришдилар.
Яъни, МБФ Мис ва молибден концентратини селекциялаш ва қуритиш цехида электромонтёр бўлиб ишловчи Ёрқин, машинист бўлиб ишловчи Нормат, “Олмалиқметаллургқурилиштрести”да фронтал юклагич машинисти бўлиб ишловчи Тоҳир, “Ёшлик-3” карьерида электромонтёр бўлиб ишловчи Аваз ҳамда ҳеч қаерда ишлмайдиган, аввал судланган Пўлат билан жиноий тил бириктириб, 2024 йил 11 январь куни соат 17:00 дан 19:00 га қадар бўлган вақт оралиғида узунлиги 6,80 метр, эни 27 сантиметр бўлган паласни фронтал юклагич машинаси кабинаси ички қисмига яшириб, МБФ ҳудудига олиб кирди.
Шунингдек, эртаси куни, 12 январь куни тунги соат 02:00 дан 03:00лар оралиғида Маҳмуд ва Ёрқин Тоҳир томонидан олиб кирилган палосни фабриканинг Мис ва молибден концентратини селекциялаш ва қуритиш цехидаги Фильтрлаш ва қуритиш бўлимининг 15,16,17-сонли қуйилтиргичларининг тақсимловчи қутиси ичига таркибида қимматбаҳо металл бўлган саноат қумларини шимдириб олиб яшириб қўйган. Орадан 5 кун ўтиб, 17 январь куни соат 17:00 дан 19:00га қадар бўлган вақт оралиғида Маҳмуд ва Ёрқин томонидан Пўлат ҳамда Аваз орқали Норматга берилган узунлиги 6,43 метр, эни 31 сантиметр бўлган палосни Нормат ўз бошқарувидаги “LW300FN” русумли фронтал юклагич машинаси ковушини кўтарувчи цилиндр тагига яшириб, МБФ ҳудудига олиб кириб, яшириб қўйишга эришган.
Аммо жиноий гуруҳнинг режаси шу ерга келганда “пишмай” қолди. 18 январь кунидан 19 январь кунига ўтар кечаси Тошкент вилояти ИИББ ОКМКдаги ИИБ ТҚХ ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси МВнинг 99280-сонли ҳарбий қисм ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида таркибида қимматбаҳо металлар бўлган саноат қуми шимдирилган палос матоси тақсимловчи қути ичига жойлаштирилаётган вақтда жиноий тўда вакиллари қўлга олинди.
Узунлиги 6,80 метр, эни 27 сантиметр ҳамда узунлиги 6,43 метр, эни 31 сантиметр бўлган палосларда жами оғирлиги 41,085 килограмм, таркибида умумий нархи 27.058.726 сўмлик 33,5 грамм олтин ва 14 грамм кумуш қимматбаҳо металл борлиги аниқланди.
Суд мажлисида судланувчилар айбларига тўлиқ иқрор бўлиб, бу ишга қарзлари кўплиги сабаб бўлганлигини важ қилиб кўрсатишди. Ҳа, охирини ўйламасдан олинган қарз бу олтовлонни жиноят кўчасига олиб кириб, боши берк кўча томон бошлади. Бунинг барчасига аслида илмсизлик, иродасизлик, қаноатсизликни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Зеро, ҳалол топилган 10 минг сўм пулдан, ҳаром топилган 100 минг сўм пулни афзал билиш бу — илмсизликдир.
Суд Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-457, 462, 463, 465-468, 471, 472, 473-моддаларига амал қилиб, Маҳмуд Алиев, Ёрқин Авелов, Нормат Бахтиёров, Тоғир Сеитов, Аваз Гаипов ҳамда Пўлат Маматов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,169-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, уларга ушбу модда билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Баҳодир Юсупов,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди судьяси.