Image default
Жамият

БУГУННИНГ ЕТАКЧИСИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Хўш, бу саволга жавобингиз борми? Шаҳримиздаги маҳаллаларда фаолият олиб бораётган етакчилар нима билан машғул? Улар қанча ёшни атрофига жам қилишган? Сарлавҳадаги саволга жавоб тахминан мана бундай: бугуннинг етакчиси илҳомлантирувчи, очиқ фикрли ва жамоа манфаатларини юқори қўядиган инсон бўлиши керак. У янгиликка очиқ ва тез ўзгарувчан муҳитга мослаша олади. Шу ўринда яна бир савол:

Етакчилик масъулиятми ёки…?
Етакчилик нафақат масъулият, балки хизмат ҳамдир. Етакчи жамоаси учун намуна кўрсатиб, уларни ривожланишга ундайди ва уларнинг муваффақияти учун йўл очади. Қаранг, иккита саволни қўйиб, етакчига таъриф бердик. Сиз эса қуйида А.Қаҳҳор МФЙ етакчиси Илҳомжон Назаров фаолиятига баҳони саволларимизга берган жавобидан келиб чиқиб беришингиз мумкин.

  • Бугун ёшлар маҳалалага қандай масалалар билан мурожаат қилишмоқда?
  • Бугун рақамли технологиялар жадаллик билан кун сайин ривожланиб ўсиб бормоқда. Шу билан бирга ёш авлодларимизнинг онги, дунёқараши, қизиқишлари ва орзу мақсадлари ҳам сезиларли даражада ўзгармоқда. Ёшларни турли хил кераксиз ғоялар, нотўғри тушунчалардан ҳимоя қилиш ва уларнинг келгуси ҳаётида уларга асқотадиган йўналишга йўналтиришда маҳалла еттилигининг айниқса, ёшлар етакчиларининг ўрни катта. Бугунги кунда ёшлар маҳаллага асосан улар учун қандай имкониятлар яратилаётганлиги ҳақида билиш, тадбиркорликни бошлаш, ўқув курсларида ўқиш учун қандай имтиёзлар борлиги ҳамда бугунги кунда уларга қандай ёрдам турлари мавжудлигини билиш каби мурожаатлар билан келишади.
  • Неча нафар ёшга ёрдам кўрсата олдингиз?
  • Бугунги кунда биз ёшлар етакчилари ўз имкониятларимиз доирасидан келиб чиққан ҳолда ёшларга имкон қадар турли йўналишларда ёрдам беришга, кўмак кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз. Мисол учун маҳалламизда истиқомат қилаётган ишсиз ёшларимизнинг иш билан бандлигини таъминлаш, битирувчи ёшларнинг олий таълимга киришига кўмаклашиш, ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларни турли спорт тўгаракларига жалб қилиш, жумладан, беш ташаббус олимпиадаси билан қамраб олиш, маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатиш бизнинг асосий вазифамиздир.
    Мен фаолият олиб бораётган маҳаллада 744 та хонадон 2465 нафар аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг 548 нафарини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Ҳозирда йилнинг 3-чораги бўлиб бу кунга қадар маҳалламдаги 20 дан ортиқ ишсиз ёшларни ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда бандлигини таъминладик ва касб-ҳунарга ўқитдик. Бундан ташқари «Ёшлар дафтари» жамғармаси орқали 16 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ёшларга моддий ёрдам кўрсатдик. Мактаб формаси, фуқаролик гувоҳномаси олиш учун тўлов, даволаниш харажатларини қоплаб бериш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, туризм объектларига саёҳат ва тўлов контракт суммасининг 50 фоизини қоплаб бериш, шулар жумласидандир.
  • Ёшларимизнинг асосий муаммолари нимада?
  • Бугунги кунда ёшларимизнинг асосий муаммолари четдан кириб келаётган алдамчи ва ёт ғоялар таъсирига осонлик билан тушиб қолаётганида, деб биламан. Қўштирноқ ичидаги оммавий маданиятнинг жадаллик билан халқимизга кириб келаётганлиги ва ёшларимиз орасида ўсиб бораётган ёш авлодни бир мунча таҳликага солмоқда. Улар ушбу ёт ғоялар ва мафкуралар замирида қандай ғаразли ният ва мақсадлар ётганини афсуски, яхши англашмаяпти. Ҳозирда ёшларимиз виртуал оламга шу қадар чуқур шўнғиб кетишдиларки, асл воқелик, реал ҳаёт улар учун бир мунча зерикарли бўлиб қолмоқда. Бунинг натижасида эса дангасалик ҳиссининг ўсиши, қийинчиликсиз юқори натижаларга эришиш истаги каби пуч хаёллар таъсирида қолишмоқда. Шундай вазиятда биз жаҳолатга қарши маърифат шиори остида ёшларимизнинг фикрлашини, дунёқарашини ўзгартиришимиз керак. Уларни билимга, маърифатга ошно қилиб, ҳар қандай ёт ғояларга қарши иммунитет ҳосил қила оладиган ёшларга айлантиришимиз керак, деб ҳисоблайман.
  • “Ibrat farzandlari” лойиҳаси асосида сертификат олган ёшларингиз ҳам борми?
  • Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг ташаббуси билан “Ибрат фарзандлари” онлайн тил ўрганиш платформаси ишлаб чиқилди ва ёшларга тадбиқ этилди. Бу билан ёшларимизнинг моддий шароитидан, вақтидан ва жойидан қатъий назар ўз қизиқишига қараб тил ўрганишлари учун йўл очилди, десам муболаға бўлмаса керак. Ушбу лойиҳа барча тарафлардан юқори билим-салоҳиятига эга мутахассислар томонидан ўйлаб чиқилган ва босқичма босқич тарзда онлайн дарсларни кўриб, эшитиб, ёзиб ўрганишингиз мумкин. Маҳаллада бугунги кунда 150 дан ортиқ ёшлар ўзи қизиққан тилларни ўрганиб келишмоқда ва улар орасидан 30 нафардан ортиғи ушбу ўқув курсларини тамомлаб, тил сертификатларини қўлга киритишдилар.
  • 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар “яшил”, “сариқ” ва “аҳволи оғир” – “қизил” тоифаларга ажратилган эди. Хўш, бу борада маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилди
  • Маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ҳақиқатда 3 тоифага ажратилади, булар яшил, сариқ ва қизил тоифалардр. Жумладан, яшил тоифага давлат секторида бандлар, ёш тадбиркорлар, ёш фермерлар, ёш ҳунармандлар, мактаб ўқувчилари, профессионал таълим ўқувчилари, олий таълим талабаларини киритиш мумкин.
    Иккинчи сариқ тоифага эса миграцияга кетган ёшлар, ишсизлар, норасмий бандлар ва вақтинчалик ишлаш имконияти йўқларни киритамиз. Учинчи ва асосий қизил тоифага пробация назоратидаги ёшлар, профилактика ҳисобида турувчи ёшлар, мунтазам дарс қолдирувчилар, нотинч оила фарзандлари ва бошқа оғир тоифали ёшлар киритилади. Албатта, биз ёшлар етакчилари ушбу сариқ ва қизил тоифалардаги ёшлар билан тизимли ишлар ташкил этамиз ва босқичма босқич уларни қизилдан сариққа, сариқдан эса яшил тоифага чиқарамиз.
  • Норасмий банд ёшларни иш билан таъминлаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ногиронларга кўмаклашиш, миграциядаги ёшлар билан ишлаш йўналишида рақамлар билан маълумотлар тақдим эта оласизми?
  • Президентимиз Ш.Мирзиёев фармони билан миграциядаги ёшлар билан алоҳида тизимли ишлар ташкил этиш белгилаб берилди. Жумладан, миграцияга чиқиб кетган ёшлар билан онлайн суҳбатлар ташкил этиш, улар ҳолидан хабар олиш, ватанимизга қайтишда қийинчилик ва муаммоларга дуч келган ёшларга амалий кўмак кўрсатиш, чет давлатга чиқиш истагидаги ёшлар рўйхатини шакллантириш ва уларга тўғри йўналиш кўрсатиш каби бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. А.Қаҳҳор маҳалласида бугунги кун ҳолатига 16 нафар чет давлатларга ишлаш, ўқиш ва бошқа сабаблар билан чиқиб кетган ёшлар мавжуд ва улар билан тўлиқ алоқа ўрнатганмиз. Улар билан доимий равишда онлайн алоқа орқали суҳбатлар ташкил этиб келмоқдамиз.
    Бундан ташқари юқорида айтиб ўтганимдек, иқтидорли ёшларни қизиқишига ва қобилиятига қараб турли спорт ва фан олимпиадаларига олиб чиқиш, уларни келажакда ватанимиз шаънини ҳимоя қиладиган чапдаст ўсмирлар қилиб шакллантириш ҳам асосий вазифаларимиздан биридир. Бу борада маҳалламизни ўзида 5 ташаббус олимпиадасига қамраб олинган иқтидорли ёшлар 500 нафардан кўпроқ бўлиб, улар ўзининг саъй-ҳаракатлари орқали юқори натижаларга эришиб келмоқдалар.
    Бироқ жорий йилдан маҳалла бешлиги эмас, еттилиги бўлганлиги сабабли ҳамда маҳаллага ижтимоий ҳодим лавозими қўшилганлиги боис ногиронлиги ва сурункали касаллиги мавжуд ёшларга амалий ёрдам бериш ваколати ижтимоий ҳодим зиммасига юклатилди. Шундай бўлсада, етакчилар фуқароларимизга қўлимиздан келгунча ёрдам беришга тайёрмиз.
  • Маҳалла еттилигида ёшлар етакчисининг ўрни сизнингча қайси ўринда?
  • Маҳалла еттилиги таркибида ёшлар етакчисининг ўрни алоҳида ажралиб туради деб ҳисоблайман. Бу билан биз асосий ишни бажарамиз, демоқчи эмасман, барча еттиликдан биргаликда ҳаракат ва масъулият талаб этилади. Айтмоқчиманки, юртимиз келажаги ёшларнинг қўлида, деган жумлани Президентимиз ҳар бир йиғилишларида такрор ва такрор айтишлари ҳеч кимга сир эмас. Яъниким, бугунимизни қандай ўтиши ва эртанги кунимиз қандай бўлиши ёшларимизга боғлиқ. Ёшларни тўғри йўналтириш уларга тўғри йўл кўрсатиш эса ёшлар етакчилари қўлида, десам хато бўлмаса керак.

Суҳбатдош
Дилдора
Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

«ЙИЛ АЁЛИ» ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

admin

БАХТ БЕРИЛМАЙДИ, ЯРАТИЛАДИ.

admin

МУБОРАК ОЙ ФАЗИЛАТЛАРИ

admin

“ОКМК” АЖДА БЕШ ОЙЛИК ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

admin