…Яхшилаб қирилган ҳайвон териси тухум сариғи ва жигар аралашмаси билан ишқаланиб, инсон тупуги ёрдамида ишлов берилган. Буни қарангки, тупук таркибида оқсилни парчалайдиган ферментларнинг борлиги тиббиётда исботланган. Терига айнан шундай ишлов беришдан сўнг у бир жисмга ўралиб ёстиқ ўрнида фойдаланилган. Узоқ шимол одамлари томонидан мана шу тариқа дунёга машҳур замш терилари яратилган экан…
Биз мақоламизни бежизга шундай бошламадик. Қаҳрамонимиз Кимёхон опа Йўлдошева ҳам терига ишлов бериш бўйича вилоятимизнинг етакчи ҳунармандларидан дейиш мумкин. 9 ёшидан бери шу ҳунармандчиликнинг ҳадисини олган қаҳрамонимиз оилавий қадриятларга содиқ қолган ҳолда мана 60 йилдан зиёд вақт ўтибдики анъанани эъзозлаб баҳоли қудрат давом эттириб келмоқда.
- Отамиз Шоолим Шоазизов ишлов берган терилар доиралар, дўмбираларга тортиқ қилинарди. Отам ўз даврининг энг машҳур ҳофизу хонандаларининг созлари билан ишларди, яъни улар учун чолғу асбобларига терини қайта ишлаб берардилар. Отамнинг ўзи ҳам шу аснода санъатга катта қизиқиш билдириб, доира ва дўмбира ҳам чаларди.
Биз фарзандлар отамнинг бу ҳунарга бўлган улкан ҳурмати ва қизиқишларини давом эттиришни истадик. Турмуш ўртоғим билан оила қурганимга мана 51 йил бўлибди. У киши ҳам менинг терига ишлов бериш орқали ўз маҳсулотимни яратишга бўлган иштиёқимни, ҳунаримни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган. Турмуш қурганимизда у киши шаҳримиздаги тергов суриштирув бўлимида ҳайдовчи сифатида фаолият юритарди. Шу ҳунар орқасидан оиламизда барака бўлди, фарзандларимизга кўмакдош бўла олдик деб ўйлайман, -дейди ҳунарманд Кимёхон опа.
Ҳозирда ушбу ҳунарни ёшларга ҳам фаол тарзда ўргатиб келаётган қаҳрамонимизнинг айтишича, келгусида фаолиятини кенгроқ тарғиб қилиш орқали ўзига хос ҳунармандчилик мактабини шакллантириш бош мақсадларидан бири экан.
Дилафрўз Эгамбердиева.