Ассалому алайкум, азиз ўғил-қизларим, қадрли
фарзандларимиз!Жонажон вилоятимиз ташкил этилиптики, ўзининг маъмурий марказига ҳам эга эмас эди. Вилоятнинг бошқармаларига ишимиз тушса бирини у ёқдан, бирини умуман бошқа жойдан излаб, сарсон-саргардон бўлиб юрар эдик.
Мана шу — менинг вилоятим маркази, деб фахрлана оладиган марказ йўқ эди.
Қаранг, ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда янги бир гўша – Нурафшон шаҳри пайдо бўлди ва бунёд этилмоқда.
Бугун биз жуда муҳим тарих саҳифасини ёзишда иштирок этмоқдамиз. Зулфия ая Зокирова нафақат, Тошкент вилоятининг, балки, бутун Ўрта Осиё халқининг, шарқ халқларининг ҳақиқий тинчликсевар аёлларининг – фидоий Оналарнинг тимсолидир.
Монументга қараб, ўтмишимизнинг энг оғир кунларини, бу қора кунлардан ёруғликка чиқиш учун не-не жонлар фидо бўлганини ҳис қиласан.
Мана бу аёллар, вилоятимизнинг, умуман олганда ўзбекнинг сизлар каби гул қизлари эди. Улар ҳам бахтли яшашга, ўз севган ёри ёнида ўйнаб-кулишга ҳақли эдилар. Зулфия ая эса бир эмас, икки эмас, беш нафар дилбандини оқ ювиб, оқ тараб катта қилган.
Аммо “Уруш” қаршисида уларнинг барчасини Ватан ҳимояси йўлида жангга боришини, бирин-кетин жангоҳларда мардларча ҳалок бўлишини ўзининг нозик жуссасида, қалбида кўтара олган Онадир. Бу инсон ўша даврларда жасорат кўрсатган минглаб Оналаримиздан бир мисол.
Демак, ҳар бирингиз бу мусаффо осмон ўз-ўзидан келмаганини, эркинлик ўз-ўзидан эришилган ҳуқуқ эмаслигини, бу бинолар, бу боғлар ўз-ўзидан барпо бўлмаётганини чуқур ҳис қилишингиз керак.
Замон ўзгарди, дунё кечаги дунё эмас. Ҳавф-хатар ҳар доим бор ва доимо бўлган. Бизнинг армиямиз ҳам замон талабларига мос кучли армиядир. Зулфия ая оиласи мисолида айтсам, бугунги куннинг Аҳмаджонлари, бугуннинг Юсуфжонлари ҳам кучли билимга ва катта тайёргарликка эга йигитларимиздир.
Йигитларимизга Зулфия аянинг 5 ўғлидаги мардлик, қизларимизга эса унинг келинларидаги ёрга садоқат, ота-оналарга эса Зулфия аядаги Матонат намунаси бўлишига, бу монумент тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрини англатиб турадиган тимсол бўлишига ишончим комил.
