Хотира ажиб нарса! Баъзида кеча нима таом еганини эслолмайди киши, лекин шундай воқеалар борки, бутун умр ёдингдан чиқмайди. Қайта-қайта эслайверсангда сийқаси чиқмайди, қайтанга сайқалланади. Ёшим элликка етди-ю, беш яшарлигимни эслайман ҳамон…
Ўша баҳорнинг илиқ кунларини эслайман. Эслайман-у, уйимиздаги гуллаган ўрикнинг ифори димоғимга урилиб кетгандек бўлади. Хотиралар қуюндек келиб атрофни қуршаб олади ва секин ўз гирдобига тортиб кетади…
Ўша куни кенг ҳовлининг бурчагида, уйимизнинг орқа қисмида майсага ёнбошлаганча осмонда сузиб кетаётган булутларни томоша қилардим. Улар бир маромда ҳаракат қилар, бириси кетса иккинчиси пайдо бўларди. Тавба, момиқдек майин-а? Ушлаб кўрса бўлармикин? Хаёлларимни шитирлаган овоз бўлиб юборади. Қўшни ҳовлидан Баҳром ака кирди. Тавба, нега девордан келади, эшик ҳам борку, ўйладим мен. Қўрққанимдан индамай ётавердим. У катта йигит. 9-синфда ўқийди. Дастидан маҳалладаги биз тенги болаларга кун йўқ. Лекин кўз қирим билан кўриб турибман. Молхонанинг этагига йиғиб қўйилган сомон ғарамининг ёнига бориб чўнтагидан гугурт чиқазди. Шундагина қизиқиб ёнига бордим.
-Нима қиляпсиз? -дедим секин
У чўчиб кетди, бирдан мени таниб нафас ростлади. Кўзини қисганча:
- Ҳозир қизиқ бўлади, -деди. Гугуртни ёндириб ғарамга улоқтирди-ю, ўзи бир зумда девордан ошиб ғойиб бўлди. Олов секин чирсиллаб, кейин бирдан гуриллаб ёниб кетди. Қандайдир сониялар ичида ойимнинг бақирган овозини эшитдим.
- Нега ёқяпсан?
Ортга ўгирилсам , қўлларидаги халтани улоқтирганча мен томонга югуряптилар. - Мен эмас, Баҳром ёқди -дедим зўрға
- Қани у?
- Девордан ошиб кетди…
Бироздан сўнг акаларим келиб ўтни ўчиришди. Ойим мени бошлаб қўшнимиз Баҳромларникига чиқди. Ойиси Латифа келинойи эшикни очди, уйига кирдик. - Овсин, ўғлингиз Баҳром бизникига чиқиб ўт ёқибди. Сал қолибди, бориб қолмаганимда уйимиз ҳам ёниб кетаркан. Яхшимас-ку бу. Тартибга чақириб қўйсангиз бўларди.
У аёл ойимни гапини охиригача ҳам эшитмай сўзлай кетди - Ҳечамда, Баҳромжон уxлаяпти. Бугун умуман уйдан кўчага чиққани йўқ. Сиз нималар деяпсиз ҳозир?
Ойим бир Латифа келинойига, бир менга қараганча тилини тишлади. Узр сўраб , мени бошлаб олиб чиқиб кетди. Уйга киришимиз билан молхонадан арқон олиб чиқдию, мени ёнига чақирди. Секин бордим. Шу пайт ҳамма нарса тескари бўлиб кетди. Ер осмонга кўтарилди, осмон ерга ағдарилди.
-Ойиии, — чинқирардим тинмай. Ойим мени оёғимдан ўша гуллаган ўрик дарахтига осиб қўйгандилар. - Нима қилдим?- йиғлай бошладим энди
- Нега ёлғон гапирасан, виждонсиз? Ким ўргатди ёлғон гапиришни? Минг йиллик қўшнимнинг олдида номусларга ўлдирдинг-ку!
- Алдамадим. Баҳром ёқди. Ўзим кўрдим!
- Ўчир овозингни! Таъзирингни ейсан энди.
Нафасим қайтиб кетиб, кўнглим айнай бошлади. Лекин тушунмасдим. Ахир ростдан ҳам Баҳром олов ёқди-ку! Уни онаси бирам яхши, эшитиб ўтирмасдан боласини ёнини олади. Менинг эса ойим уришаверади-уришаверади.
Шу жойига етганда воқеалар узилиб қолади. Йўқ, дарахтда осиғлиқ қолиб кетмадим. Опам келиб ечиб олдилар.
Можаро шу билан ёпилиб кетди. Фақатгина йиллар ўтгани сайин онамни тушуна бошладим… Онам тарбиям учун гарчи алдамасам ҳам мени жазолаганди, лекин унинг онаси фарзандларининг орасига тушавериб уларни ахлоқсиз, ишёқмас ва такаббур қилиб бўлганди.
Аниқ ёдимда, ўшанда кичик акам армиядан қайтганди. Мен у кезлар олийгоҳда ўқирдим. Овқатланиб ўтирсак, ташқаридан аёл кишининг “ёрдам беринглар“ деган қичқириғи эшитилди. Акам югуриб кўчага отилди. Ортидан чиқсам, ариқ бўйида Латифа келинойи қўлларини бошини устига йиққанча дод соляпти. Тепасида Баҳром бақириб турибди. Қўлини мушт қилиб энди онасига ташланаётганди, акам бир ҳатлаб унинг ёқасидан ушлаб олди. Ҳали қўл кўтаришга ҳам улгурмагандики, оғзи-бурни қон Латифа келинойининг “Боламни урмааа!“ деган бақириғи янгради. Акам ҳам мен ҳам довдираб қолдик. Тавба, қанақа аёл бу ўзи?..
Фарзандидан калтак еявериб шишиб кетган юзи-ю, қонаётган бурнига қарамай яна боласини ёнини олади-я. Акам Баҳромни қўйиб юборди. Баҳром бироз ҳезланиб турдида, «чирт » этиб тупурганча уйга кириб кетди. Орқасидан чўлоқланганча онаси кетди. Улар иккита ўғил, иккита қиз фарзанд эди. Қизлар табиийки узатилган, катта акаси эса аллақачон четга даф бўлиб кетганди. Баҳром ҳам ноқобил чиқди, қамалиб кетди. Аммо бир ўзигамас, онасига ҳам жабр бўлди. Латифа келинойи орадан ҳеч қанча ўтмай вафот этди…
Кейинчалик эшитишимга қараганда, Баҳром ҳам қамоқхонада ўлибди. Катта уй эгасиз қолди.
Ҳозир ўқитувчиман, деярли ҳар куни Латифа келинойига ўхшаган аёлларни учратаман. Улар ахлоқсиз фарзандларини ёнини олади, билимсиз ўғиллари учун баҳо талашади. Уларга қараб тураман-у, Латифа келинойини ва унинг пароканда бўлиб кетган оиласини, онамнинг мени дарахтга осиб қўйган бақувват қўлларини эслайман…
Руқия Бегим Улуғхўжаева.