Оҳангаронлик Яхшибоева Ҳилола Ориф қизи бу сонимиз меҳмони. Оиланинг кенжа фарзанди бўлган Ҳилола билан суҳбат Хитой ва Ўзбекистон таълим соҳаси асосида бўлиб, сиз учун қизиқарли бўлган саволларга жавобларни ўқишингиз мумкин.
2020 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига Шарқ филологияси факультетининг хитой тили, инглиз тили йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган Ҳилола айни дамда таълимни Хитойнинг Фудан университетида давом эттирмоқда.
Фудан университети рейтинги бўйича жаҳонда 31-ўринда, Осиёда 6-ўринда туради. Хитойда эса энг нуфузли 3 та университетнинг бири ҳисобланади.
- Ҳилола, нимага айнан шу ўқишни танлагансиз? Кимдир тавсия қилганми ёки…
- 2023 йили университет миқёсида Хитой халқ Республикасида бир йиллик ўқув амалиётини ўташ учун грант имтиҳонига қатнашдим ва 100 баллдан 89 балл олиб, биринчи ўринни қўлга киритдим. Очиғини айтсам, Фудан университетининг рейтинги баланд ва камдан-кам талабаларни қабул қилганлиги боис, бошқалар қатори бу университетда ўқишни фақат хаёл қилардим. Бироқ Хитой тили устозим ўқишдаги баҳоларим, грант натижаларимни кўриб, билимимни юқори баҳоладилар. Кейин улар айнан мана шу университетга ўқишга топширишимни маслаҳат бердилар. Шу ўринда “Алкимёгар” китобида келтирилган иқтибос ёдимга тушади, “Агар инсон ниманидир чин дилдан ният қилса, бутун коинот уни ўша ниятига етказиш пайида бўлади” яхши ният ва устозим тавсияси билан рўйхатдан ўтдим ва 4-курсни ўқиш учун Фудан университетига келишга муваффақ бўлдим.
- Чет элда ўқиш осонми, қийинми?
- Чет элда ўқишнинг қийин томони шундаки, қандай муаммога дуч келишингиздан қатъий назар, ўзингиз енгиб ўтишингизга тўғри келади. Биламиз, ўзбек халқимиз болажон халқ. Шамолласак ота-онамизнинг қошимизда туришларига, кеч қолганимизда тезда етказиб қўйишларига, можаро юзага келганда ёнимизни олишларига, ҳимоя остида эканлигимизни сезиб туришга ўрганганмиз. Лекин бу ерда сизни ҳимоя қиладиган, суянадиган инсонларингиз узоқда эканлигини ҳис қиласиз ва кўникасиз. Бу қийин бўлиши билан бирга бизга фойдалари ҳам йўқ эмас. Шу жиҳатдан биз мустақил бўлишни, кутганларимиз хоҳлашсада ҳамиша ёнимизда бўлолмасликларини англаймиз. Аллоҳга дуо қилиб, ўз оёқларимизда туришни ўрганамиз.
- Ўзбекистондаги ОТМлар ва талабалар ўртасидаги фарқ?
- Тартиб бўлмаган жойда, таълим ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. Масалан, Хитойда бирор ўқитувчини дарсга 5 дақиқа бўлсин кеч қолганлигини кўрмадим. Ўзбекистондаги ОТМлардаги ички тартиб қоидаларини қатъий ўрнатиш ва ҳар бир талабадан унга амал қилиш талаби биринчи ўриндаги масала. Умуман олганда юртимиздаги таълим масканлари ҳақида катта шикоятим йўқ. Лекин талабалар борасида шикоятларим бисёр. Нимагаки, инсон ўз келажаги учун ўзи қайғурмас экан, бошқалар нима учун унинг келажаги учун қайғуриши керак? Илм ва ўқитувчилар ҳамда атроф-муҳитга нисбатан талабчан бўлмас эканмиз, қандай қилиб муваффақиятга эришишимиз мумкин. Сизнингча ёнимиздаги инсон учун бизнинг орзуимизга етишишимиз қанчалик аҳамиятга эга? Инсон ўзгаришни ўзидан бошламас экан, умрини фақат таълимнинг устидан шикоят қилишга, ҳаётидан нолишга ва ўзини омадсиз инсон деб ҳисоблаб яшашга сарфлаб юборади. Бугун Хитой кўчаларининг исталган қисмида ўтириб, китоб мутолаа қилётган ёш-у кексани кўриб хулоса қилдимки, бунинг негизи оиладаги таълим-тарбияга бориб тақалади. Оилавий китобхонликни йўлга қўйиш орқали жаҳонда китоб мутолааси бўйича биринчиликдаги Хитой халқидан ўзиб, иқтисодиёт жиҳатдан шундай юксалишимиз мумкин деб ўйлайман.
- Таълим сифатига қай даражада аҳамият берилади?
- Хитойда таълим сифатига жуда катта эътибор берилади. Илм олиш орқали таълим сифатини яхшилаб, қурилиш ёки техника соҳаларида янги технологияларни кашф қилишга катта эътибор қаратишган.
Электрон машиналар ишлаб чиқариш, велосипед, мопедлар ва ҳар қадамда электромобилларни зарядлаш шохобчалари, дронлар, уйлар ўртасидан ўтган темир йўллар бу халқни техника соҳасида анча илгарилаб кетганини билдиради. Улардаги бу ютуқлар замирида билимга бўлган эътиборнинг юқорилиги ётади.
Яна бир мисол келтирсам, денгиз орқали ўтадиган биринчи темир йўл линияси ишга туширилганлиги, меҳмонхона шу каби жамоат жойларида инсонлар ўрнига роботларнинг хизмат кўрсатиши, ҳайдовчисиз йўловчи ташишга автоматлаштирилган таксилар, нақд пуллардан умуман фойдаланмаслик, қўл меҳнатидан деярли воз кечиш, тўловларни QR код орқали амалга ошириш каби кашфиётларнинг барчаси таълимга бўлган эътибор юқори эканлигидан далолат. - Сиз ўқиётган олийгоҳнинг йиллик тўлови қанча?
- Фудан университетининг энг кам йиллик тўлови 6.5 минг юандан 15 минг юангача, ўзбек сўмида 13 миллиондан 26 миллионгача бўлади. Бу нарх талабаларнинг чет эллик ёки хитойлик ёки қайси факултетларида ўқишларига қараб кўтарилиб боради.
- Яшаётган шаҳрингизда ойига қанча харажат қиласиз?
- Мен ҳозирда Хитойнинг Шанхай шаҳрида таҳсил оляпман. Бу шаҳар энг туристик ва нарх-наво қиммат бўлган шаҳар ҳисобланади. Шундай бўлишига қарамай, Хитой бошқа давлатларга қараганда ички бозорлари анча арзон бўлгани боис университетнинг бизга ажратган 500 доллар стипендияси бу ерда озиқ-овқат ва кийим-кечак бўйича харажатларимизни қоплашга ва бошқа шаҳарларни бир ой ёки бир неча ойда бир марта саёҳат қилишга ҳам етади.
- Талабалар ишлашлари ва ётоқ жойлари учун қандай шароитлар яратилган?
- Хитойда талабалар ишлашлари учун жуда кенг имкониятлар бор деб айта олмайман. Чунки бу давлатнинг кўп сонли халқи борлиги ҳаммага маълум. Бироқ бу ерга келиб ўз бизнесларини йўлга қўйган талабалар ҳам йўқ эмас. Биз эса давлат гранти асосида келганимиз учун, давлат томонидан таъминлаб бериладиган доимий ишларга жойлашишимиз мумкин эмас. Қолаверса, талабалик вақтида ҳар бир талабанинг асосий бурчи фақат яхши ўқиш деб ўйлайман. Шу сабабдан биз бу ерда иш излашга қизиқиш билдирмадик.
Ётоқхоналар жуда яхши, барча шароитлар бор. Хитойлик ва чет эллик талабаларнинг ётоқхоналари алоҳида жойлашган. Бир талаба учун битта хона ажратилган. Дарс қилиш ва бошқа ҳамма эҳтиёжлар учун шароитлар етарли. Лекин Хитой ётоқхоналарида таом тайёрлаш мумкин эмас. Ётоқхонадаги барча талабалар университет ёки ётоқхона ёнида жойлашган 2 қаватли, дунёнинг турли миллат ва дин вакиллари учун мўлжалланган ошхонада овқатланишади. Талабалар хоналарида ҳар хил электр, газ ва оловли нарсалардан фойдаланиши таъқиқлаб қўйилган. Бу ҳам бўлса турли кўнгилсизларнинг олдини олиш мақсадида. - Ҳозирги таҳсил олаётган шаҳрингизда яна қандай йўналишдаги ОТМларни биласиз?
- Шанхай шаҳрида кўплаб машҳур университетлар қад ростлаган. Жумладан, Шанхай университети, Шанхай шифан, Шанхай чет тиллари университетлари бор. Барчасида турли йўналишлар йўлга қўйилган. Айниқса, Шанхай чет тиллари университетида ўзбек тили факультети борлиги ва бизнинг тилимизни чет элда ҳам ўрганишга қизиқиш билдирилганлиги бизда доим фахр ҳиссини уйғотади.
- Шанхайда талабага завқ бера оладиган жиҳатлар…
- Хитойда талабага завқ бера оладиган жиҳатлардан бири университет томонидан тез-тез ташкиллаштирилиб туриладиган кўнгилочар тадбирлар, мусобақалар, маданий ҳордиқ чиқариш учун ташкиллаштирилган саёҳатлардир. Биз бу тадбирларга қатнашиш орқали яна ҳам кўплаб чет эллик дўстлар орттирамиз. Улар билан бир жамоа бўлиб беллашганда, биз бир оила бўлиб ҳаракат қилиш кўникмасини ўзимизда шакллантириб борамиз. Масалан, май ойида ўтказилган “Аждарҳо қайиқ” фестивалида 34 та университетдан талабалар иштирок этишди. Жамоа аъзолари 100 дан ортиқ давлатлардан бўлишига қарамай, улар бир мақсад йўлида ҳаракат қилишиб, маррага биринчи бўлиб етиб боришга интилишгани ҳаммада кўтаринки таассурот қолдирди. Қолаверса, университет томонидан Ханжоу шаҳрига уюштирилган саёҳат давомида биз Хитойнинг тарихий маданияти ва қадимдан сақланиб қолган бинолари, император шарафига ёзилган қўлёзмалар, ўша даврдаги халқнинг яшаш тарзи ҳақида маълумотларга эга бўлдик.
- Курс ишлари, маъруза конспектлари, оралиқ ва жорий имтиҳонлар, диплом ишлари хусусида ҳам икки давлат ОТМлари ўртасидаги фарқлар ва ўхшашликларни солиштириб кўрдингизми?
- Бу борада фарқ катта эмас. Фақатгина Хитойда сиз ёзган конспектларингиз текширилмайди. Биз хоҳласак уни ўзимиз учун қайд этишимиз мумкин. Курс иши ва диплом ишини ҳам янги манбалар билан бойитиб, бошқалар учун фойдали ҳолда ёзиш талаб қилинади.
- Ёшларимизга чет давлатга бориб ўқиб келишни тавсия қилар эдингизми?
- Халқимизда бир гап бор, мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсиз деган. Мен бу гапга қўшиламан. Негаки, сиз чет элга чиқсангиз, ичингиздаги бошқа инсонни кашф қиласиз. Сиз билан тили, дини ўхшаш бўлмаган инсонлардан билмаган нарсаларингизни ўрганасиз , шу орқали дунёқарашингизни ҳам бойитиб, дўстлар орттириш йўли билан бошқа миллат вакиллари ҳақида ҳам маълумотларга эга бўласиз. Ҳозирда ота-оналаримиз фарзандларини барча шароит билан таъминлашга ҳаракат қилишади. Бу яхши албатта. Лекин уларни ўз йўлларини мустақил танлашга ўргатиш энг тўғри йўл, менимча. Қизларга бўлган муносабат, уларни чет давлатга чиқиб ўқишларига нисбатан салбий фикрлар билдирилишини қоралайман. Дунё аёлни таом тайёрлашига эмас, профессионаллигига ҳайратланади. Ҳар қандай буюк инсон ортида буюк аёл туради. Интеллекти юқори бўлган аёл буюк фарзандларни камолга етказади. Отадан қон ўтса ҳам, аёлдан ақл-заковат ўтади. Шунинг учун қизларни эски стереотиплардан сақлаш, ўша эски ғояларни четлаб ўтишга ўргатиш лозим. Инсон ҳамиша тадбирли бўлиши керак деб ўйлайман. Ҳаётдан эмас, инсон ўзидан натижа кутиб, олдига катта мақсадлар қўйиши керак. Чет давлатда ўқишни орзу қилишдими, албатта ўқишсин. Фарзандлари орзулари йўлида ота-оналар ҳам инвестиция киритишлари, уларга ишонч билдиришларини сўраб қолардим.
Суҳбатдош Дилдора Абдураҳмонова.