Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунни омма ўртасида кенг тарғиб қилиш, ишчи ходимларнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича билимларини ошириш ҳамда “Олмалиқ КМК” АЖ Бошқарув раисининг буйруқлари ижросини таъминлаш мақсадида “Олмалиқ КМК” АЖ Каулди кон бошқармасида кўргазмали семинар ташкил этилди.
Ушбу семинарда “Олмалиқ КМК” АЖ Фуқаро муҳофазаси отряд бошлиқ ўринбосари Б.Абулқосимов, Каулди кон бошқармаси бош муҳандиси ҳамда цех бошлиқлари, ишчи ходимлар иштирок этди. Семинар уч босқичдан иборат бўлиб, 1-босқичда ишчи ходимларга ёнғин хавфсизлиги талаблари, ёнғин келиб чиқиши сабаблари ва аянчли оқибатлари тўғрисида видеороликлар намойиш этилди.
2-босқичда ишчи ходимлар билан кўргазмали машғулот ташкил этилди. Машғулотда корхонанинг 7 нафар ёнғин ўчириш дружиналари фаол қатнашди. 3-босқичда эса ўтказилган тадбирлар баҳоланди.
Семинар давомида “Бирламчи ёнғин ўчириш воситалари», “Ёнғин содир бўлгандаги ҳаракатлар тартиби” ҳамда ёнғинни бартараф этишдаги ҳаракатларни тўғри ташкил этиш, унинг тактик ва жанговор маҳоратларини ошириш тўғрисида маълумотлар ҳам бериб борилди.
Машғулотлар якунидаги муҳокамада маскан кузатувчилари ва ёнғин хавфсизлиги инспекторлари йўл қўйилган хато ва камчиликларга тўхталишиб, келгусида тажриба, кўникмаларни ошириш учун бу каби машғулотлар мунтазам равишда ташкил этилишини таъкидлаб ўтдилар.


А.Буляшева,
ОКМК ОЁХТТЭБ инспектори.