Image default
Адлия саҳифаси

МЕҲНАТ ТАЪТИЛИ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ АСОСЛАРИ

Сир эмас, турли касб эгалари айнан ёз фаслида меҳнат таътилига чиқиб, салқин, баҳаво дам олиш масканларига боришга ошиқадилар. Бу табиий албатта.
Аммо шундай жазирамада ҳам беҳосдан шамоллаб қолиш, бетобланиш ҳолатлари бўлиши мумкин. Шундай ажойиб таътилни касалланиб ўтказиш, тузалиб-тузалмай ишга чиқиш ўйлови ҳар биримизга ёқмайди, тўғрими?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида айнан шундай ҳолатларда ходимларнинг меҳнат таътилларидан унумли фойдаланиш имкониятлари кўрсатиб ўтилган.
ЎзРМКнинг 229-моддасида ходимлар қуйидаги ҳолларда ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар:
►вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;
►ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати бошланганда;
►ҳар йилги меҳнат таътили ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;
►давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажараётганда, агар қонунчиликда бундай мажбуриятларни бажариш учун ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса;
►жамоа келишувларида ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Агар ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланишга монелик қилувчи сабаблар таътил бошлангунига қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига кўра таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.
Ходим ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган, юзага келган сабаблар тўғрисида иш берувчини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Ходимнинг аризаси ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида ходимнинг меҳнат таътили касаллик даврига мутаносиб равишда узайтирилади.
Унутманг, юқоридаги асослар мавжуд бўлганда тегишли ҳужжатлар (вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, чақирув маълумотномаси ва ҳ.)ни илова қилган ҳолда иш берувчини ўз вақтида ёзма огоҳлантиришингиз зарур!

Ашурова Матлуба,
шаҳар адлия бўлими
ЮХКМ бошлиғи.

МАВЗУГА ОИД

ОЧИҚ ВА ШАФФОФ МЕХАНИЗМ

admin

МУЛККА БЎЛГАН ҲУҚУҚ УНИ ТАСДИҚЛОВЧИ ҲУЖЖАТНИ БЕКОР ҚИЛИШ БИЛАН ТУГАТИЛМАЙДИ

admin

ЯНА БИР СОҲА ХОДИМЛАРИГА БОДИКАМЕРАЛАР БЕРИЛАДИ

admin

АГАР СИЗНИ ДСИ, СЭО ВА ЖСБ ЁКИ АБКМ ТЕКШИРГАНИ КЕЛСА, УЛАРДАН ҲУЖЖАТ СЎРАНГ!

admin