…Итальян режиссёри бор, Феллини. Шу одамнинг бир иқтибосини хуш кўраман: Мен учун иккита фантазия бор, бири спагетти бўлса, иккинчиси кинодир…
Болалиги Эргаш бахши юртида “Алпомиш” дан руҳ олиб ўтган қаҳрамоним-Абдумажид ота Фелинини билмас аммо макон ва даврнинг турли одамлари бўлган бу қаҳрамонларнинг ҳаётий қарашлари муштарак назаримда.
Қўшработнинг маълуму машҳур Жўш деган жойи бор. Мамлакат учун кўплаб Вазиру вузаролар, ҳокиму ҳукамолар, умуман давлат хизматчилари етишиб чиққан макон одамлари сўзамол нутқи, гапга тўн кийдириб гапириши билан ҳам таниқли. Очеркимиз қаҳрамони Абдумажид ота Шодиев бир умр Ички ишлар соҳасида фаолият юритишига қарамай тўю маъракаларнинг нуқтадони, гултожи бўлиб келди. Ота бир тўйда одамларни ўйинга чақираркан, шундай жумлани ишлатгани ҳали эсимда: “Даврага келинг, сиз бош, мен ёнбош бўлиб бир рақс тушайлик” …
Ота ўзининг халқчиллиги, ишни тўғри ташкиллаштира олиши ва узоқни кўра оладиган шахсий фазилатлари билан нафақат халқимизнинг, балки давлат раҳбарларининг эътиборига, эътирофига сазовор бўлиб келган. Қаҳрамонимизнинг Президент томонидан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланиши ортида нафақат шу юрт аҳлининг, балки давлат раҳбарининг ҳам алоҳида эҳтироми, ҳурмати мужассамдир.
***
1978 йил…30 ёшли лейтенант Шодиев Ички ишлар бошқармасининг Олмалиқ шаҳар бўлинмасига раҳбар сифатида иш бошлади. Болалиги, ўсмирлиги Нурота тоғлари этакларида ўтган қаҳрамонимизнинг маҳаллий аҳоли билан тезда тил топишиб, “шу ерлик” бўлиб, қурама лаҳжасида гаплашиб кетишига кўп вақт кетмади. ИИБнинг Паспорт бўлимидаги фаолиятидаги ўзига хос иш услуби кейинчалик “Милиция ходимларини тайёрлаш” мактабида ҳам давом этди.
“Нуроний” жамғармасида, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги раҳбарлик лавозимида янада тобланган қаҳрамонимиз ўша йилларни “Энг яхши тажриба йиллари” дея эслайди.
- “Нуроний”да ишлаган пайтларим 2015 йилларга тўғри келади. Ўша пайтда урушда бўлган кексалар сони 70 нафарга етарди. Ҳар бирининг уруш ҳақидаги ўйлари билан яхши танишман. Тоғли Тереклида 102 йил умр кўрган Абдураҳим ота бор эди. Белоруссияда хизмат қилган. Урушдан соғу омон қайтиб ўз қишлоғида ўқитувчилик қилган отанинг бир гапи ҳали эсимда туради:
“Қоронғу окопда битта орзуим бўларди: Уйга соғ қайтсам, кўп-кўп ўчоқлар қураман,ўчоқларда турли овқатлар пишади, болаларимнинг қандай овқат тановул қилишларини кўраман”…
Мен бу гапларни нега айтаяпман? Шукроналик бўлишини истайман. Уруш кўрганларнинг кўпи билан мулоқотда бўлган бир одам сифатида тинчлик ва ҳурликнинг бебаҳо неъмат эканлигини яна ва яна такрорлайман. Такрорлайвераман…
Урушда Сахалин оролларигача борган Рустам ота Шокиров бўларди. Бебаҳо одам эди, урушда офицер бўлган. Ота тинчликнинг, осудаликнинг қадрини ниҳоятда кўп айтарди: “Ҳар йили 9 майда менга гуллар тақдим қилишади, уруш йилларини айтиб беришимни сўрашади. Кейин мен қучоғим тўла бўлиб “Телеграф”даги уйимга қайтаман… Шу азиз тинчлик неъмати бор экан мен кўнглим сурурларга тўлиб уйга қайтаман… Порох ҳиди келмаган йўлакларда кезинаман…
Бу отанинг хотиралари эди…
ҚИЙИН ВАҚТЛАР КУЧЛИ ОДАМЛАРНИ, КУЧЛИ ОДАМЛАР ЭСА ЯХШИ ДАВРЛАРНИ ЯРАТАДИЛАР
Ҳар сафар байрам олди “Мустақиллик менинг тақдиримда” рукни остида эътироф қозонган инсонлар ҳақида ёзарканмиз, қаҳрамонларимиз истиқлол уларнинг ҳаётида қандай акс этганлигини гапириб беришади. Бу ҳам бир мароқли ҳикоя аслида.
- Болалигим десам Самарқанднинг юлдузли осмони, она қишлоғим, қора чарос узумлар қоплаган йўлакли уйимиз, бутун умр оддийликда ҳаёт кечириб, қаноатни туғ қилган ота-онам келади. Энди ўйлаб қарасам, 3 ой ўқиб пахтага, далага чиқардик. Сентябрда бироз ўқиймизда кейин пахтага, шу билан декабрда қайтардик. Қишда яна бироз ўқиб, баҳорда яна далага чопардик. Ҳозир дарсга шошаётган, илмга ошно ёшларни кўриб, улар энг яхши даврда яшаяпти деган хулосага келаман. Бугун ёшларимизнинг спортда, илм-фанда эришаётган муваффақиятларини кўриб, бу албатта мустақилликнинг меваси, натижаси деб биламан.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимни юртимиз мустақиллигининг шонли 33 йиллиги билан дилдан қутлаб қоламан.
“Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” деган ғоя 33 йиллик ҳуррият йўлини босиб ўтган мардона халқимизни ривожланиш йўли томон қўлни қўлга бериб, шаҳдам қадамлар ташлашига ундаса не ажаб.Яна бир бор байрам муборак бўлсин!





Дилафрўз Эгамбердиева.