12-август оқшомида Суперлига 15-турининг марказий учрашувида «кончилар» ўз майдонида Наманганнинг «Навбаҳор» клубини қабул қилди.
Катта қизиқишларга сабаб бўлган ОКМК ФК ва «Навбаҳор» ўртасидаги қарама-қаршилик кутилганидек шиддатли тарзда бошланди. Ўйин дастлабки дақиқалардан бошлаб юқори темп ва интенсивликда ўтганлиги боис, ҳар иккала жамоа мухлислари учрашувни катта ҳаяжонда томоша қилиб бордилар.
Шу боисдан ҳам учрашувдаги биринчи гол футбол ихлосмандларини кўп куттириб қўймади. Ҳужумдаги тезкорлик ва аниқликда рақибларидан яхшироқ ҳаракат қилган ОКМК ФК аъзолари ва ниҳоят 17-дақиқада ҳисобни очишга эришди. Бу вазиятда олмалиқликлар навбатдаги ҳужумга ўтиш жараёнида Хуршид Ғиёсов тўпни ҳаводан марказга узатди, узатилган оширмани «Навбаҳор» ҳимоячиси Азимжон Аҳмедов қайтариш чоғида жуда қўпол хатога йўл қўйди ва тўпни ҳужумчимиз Датси Клейдига «совға» қилди. Албаниялик легионеримиз эса «совға»ни мамнунлик билан қабул қилиб, «лочинлар»ни жазолади — 1:0.
Бу голдан сўнг, «Навбаҳор» вакиллари Олмалиққа келган ўз мухлислари олдида мағлуб бўлмаслик йўлида тер тўка бошлади ва вазиятни ўнглаш учун ҳужумлар ташкил этиш навбатини қўлга киритди. 73-дақиқага келиб «лочинлар» кўзлаган мақсадларига етдилар. Яъни, дарвозамизга яқин бўлган нуқтада стандарт вазиятга эга бўлган рақибларимиз тўпни иккинчи қаватдан узатди. Тўпга эгалик қилиш палласида жарима майдончамиз ичида пала-партишликлар кузатилди ва бундан унумли фойдаланган «Навбаҳор» футболчиси Филип Иванович мувозанатни тиклади — 1:1.
Ҳисоб тенглашгач, ўйин ҳарорати янада кўтарилди. Сабаби ўйиндаги учинчи гол футболдаги биз билган «олтин гол»га тенглаштириларди. Иккинчи таймнинг қўшимча дақиқалар-у, сонияларигача гоҳ у томон, гоҳ бу томон учган тўп якунда «Навбаҳор» дарвозасидан қўним топди ва олмалиқлик мухлисларнинг ҳайқириғи бутун стадионни ларзага келтирди.
Майдон марказида тўпни рақибларидан олиб қўйган ОКМК ФК футболчилари тезкорлик билан қарши ҳужумга ўтди ва Азиз Холмуродов-Дилшодбек Аҳмадалиев-Михаэл Клепач комбинациясидан сўнг таблодаги ҳисоб 2:1 кўринишига келди. Ушбу «олтин гол»га ОКМК ФК таркибида дебют ўйинида майдонга тушган хорватиялик легионер Михаэл Клепач муаллифлик қилди!
Шу тариқа, ОКМК ФК ўта қийин бўлган беллашувда муҳим ғалабани тантана қилиш орқали ўз очколарини 29 тага етказиб олди ва чемпионлик пойгасидаги позициясини янада мустаҳкамлади.
Эслатиб ўтамиз, ОКМК ФК навбатдаги ўйинини Самарқандда «Динамо» клубига қарши ўтказади. Суперлиганинг 16-туридан ўрин олган ушбу баҳс 16 август куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Бош ҳакам: Равшан Абдувоҳидов
Ёрдамчи ҳакамлар: Ислом Азимов, Шерзод Аъзамов
Тўртинчи ҳакам: Хушнуд Суюнбоев
ВАР: Фирдавс Норсафаров
АВАР: Шоҳрух Аъзамов
Назоратчи: Владислав Тсейтлин
Комиссар: Диёр Хотамқулов
Дарвозабон: 35.Жавоҳир Илёсов
Ҳимоячилар: 2.Акрамжон Комилов, 6.Авазбек Ўлмасалиев, 3.Сардор Раҳмонов, 7.Дилшодбек Аҳмадалиев.
Ярим ҳимоячилар: 28.Арихиро Сентоку (19.Михаил Клепач, 85), 30.Аброр Саримсоқов, 4.Миржамол Қосимов (18.Азиз Холмуродов, 71).
Ҳужумчилар: 10.Хуршид Ғиёсов (99.Иракли Рухадзе, 90), 11.Клейди Датси (27.Али Абдураҳмонов 85), 9.Рубен Санчес (77.Нодирбек Абдураззоқов, 71).
Захирадагилар: 1.Валижон Раҳимов, 14.Азизбек Баҳромов, 18.Азиз Холмуродов, 19.Михаил Клепач, 21.Саидафзалхон Аҳроров, 22.Шоҳруҳ Гадоев, 27.Али Абдураҳмонов, 77.Нодирбек Абдураззоқов, 99.Иракли Руҳадзе.
Огоҳлантиришлар: Гиорги Никабадзе (24), Акрамжон Комилов (73), Дилшодбек Аҳмадалиев (78), Жамшид Болтабоев (88).
Али Абдуахадов,
ОКМК ФК Ахборот хизмати медиа муҳаррири.