Яқинда ЮНИСЕФ берган маълумотларни ўқиб қолдим. Унда мамлакатимиздаги мактаблар фаолияти мукаммал ўрганилган. Мазкур халқаро ташкилотнинг асосий урғуси таълим муассасаларидаги санитар эпидемиологик вазиятга қаратилди.
…“2000га яқин мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари марказий ичимлик суви тармоғига уланмагани сабабли сувни ташиб келишга мажбур бўлмоқда.
Бундан ташқари, мактабларда бошқа муаммолар ҳам мавжуд. ЮНИСЕФ ташкилотининг Ўзбекистонда болалар вазиятига бағишланган ҳисоботида қайд этилишича, таълимнинг барча секторларида иситиш, ёритиш, сув таъминоти, канализация тизимларининг ва тегишли санитария-гигиена иншоотларининг йўқлиги ёки носозлиги каби муаммолар бор.
Хўш, бу борада шаҳримизда жойлашган мактаблардаги вазият қандай? Улар янги ўқув йилига муносиб даражада тайёрми?
Тошкент вилоят санэпид бошқармаси, шаҳар Халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган рейд давомида шу каби саволларга жавоб изланди. Дастлабки манзилимиз шаҳримизнинг энг намунали мактаблари деб айтиладиган 19- ва 20-ихтисослашган Давлат умум таълим мактаблари бўлди. Мазкур таълим даргоҳларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари ўрганилди.
Ўрганиш давомида мактаб биносининг ички ва ташқи томонлари, ошхонаси, спорт зали, синф хоналари, ҳожатхонаси санитария қоида меъёрлари талаблари асосида ўрганилди ва аниқланган камчиликлар юзасидан керакли тавсия ва тушунтиришлар берилди.
Фаолияти бошқа мактабларга ибрат қилиб кўрсатиладиган мактабларимизда хам аҳвол жуда мукаммал деб бўлмайди, аниқланган камчиликлар бор. Энг ибратлисида камчиликлар бор экан, қолган 20 дан зиёд умумтаълим мактабларининг аҳволи ҳақида бонг урмасак ҳам бўлади унда.
Ютуқлар ўзимизники, камчиликлар ҳам. Уни кимдир хориждан келиб бартараф қилиб бермайди. «Ҳаммаси яхши, ҳаммаси аъло», «Боғдодда ҳаммаёқ тинч» деб хаёлдаги Сусамбилни яратмайлик. Демоқчимизки, муаммони тан ола билиш, уни бартараф этиш йўлида тизимли равишда ишлаш керак. Масалан, пандемия пайтида қўлларни ювиш, хоналарни дезинфекциялаш, ниқоб тақиш, умуман тозаликни жойига қўйдик. Коронавирус чекинди, биз ҳам баъзи амаллардан чекинганимиз бор гап.
Ишимиз туфайли кўплаб таълим даргоҳларида бўламиз, тадбирларда иштирок этамиз. Кириб боришингиз билан ҳожатхонанинг бадбўйи димоққа урилган вазиятлар кўп бўлган. Ваҳоланки, ўша мактабларнинг раҳбари бинойидек кийиниб тараниб юрадиган опалар, аёллар.
Аслида мактаблардаги гигиеник ҳолат ҳақида гапирарканмиз бунда раҳбарнинг эркак аёллигининг, ёшининг аҳамияти йўқ. Масала битта: ТОЗАЛИК!
Биламиз, мавзу «тишга тегадиган»… Ўқувчи сони кўп мактабларда тозаликни ҳамиша сақлашнинг уддасидан чиқиб бўлмаслигини рўкач қилишингиз мумкин. Бу борада мисолларим талайгина. Май охирлаб қолганди ўшанда. Кутубхонада ишим бўлганлиги учун ишхонага яқин деб 16-умумтаълим мактабига бордим. Кираверишда мен сўраган одам ҳозир келиб қолишини, кутиб туришимни айтишди. Узун коридорда 4-5 нафар фаррош аёл деворларни берилиб тозаламоқда. Ҳа, албатта бу уларнинг иши дерсиз. Аммо баъзи жойларда ҳолат ундай эмаслигини сиз ҳам, мен ҳам биламиз. Мактаб раҳбариятининг ташаббусини ҳис қиласиз.
Мавзуни бекорга «тишга тегадиган» демадик. «Тишга тегадиган» яна бир нарса: мактабларда турли тозалик воситалари, геллар ва шу кабиларнинг доимий равишда ишлатилмаслиги. Комиссия ва ёки баъзи бир меҳмонларнинг шарофати билан бир пайдо бўлиб кейин йўқоладиган тозалик воситалари…
Шахсий кузатувларимдан шуни билдимки, 85-90 фоиз ҳолатда мактаблардаги фаррошлар, тозалик посбонлари деярли масхус кмиёвий ювиш воситаларини ишлатишмайди. Бу борадаги таъминот қониқарли эмас.
Мактаблардаги тозалик, озодалик, орасталик ҳақида гап кетганда Сингапур, Япония ва Корея тажрибаси ҳақида гапиришни ўринли деб биламиз:
2016 йилда Сингапур мактабларида ҳам тозалаш ишлари ўқувчиларга топширилиши Таълим вазирлиги томонидан маълум қилинган. Бунинг билан давлат Япония тажрибасини ўзлаштириб, болаларда тозаликка бўлган меҳрни шакллантиришни мақсад қилган.
Япон мактабларида «Осоужи Жикан» – «Тозалик вақти» бор, у тахминан 20 дақиқа давом этади. Бошланғич синфларда болалар ўзлари билан биргаликда олиб келган овқатни ейишади ва биргаликда тозалашни бошлашади. Бу одат мактабни ўқувчилар тозаламайдиган давлатлар учун ғалати туюлиши мумкин, бироқ японларда бу одатий ҳол саналади. Ҳатто ўқув қуролларининг ичида латта деган элемент ҳам бор.
Ўқувчилар, одатда, гуруҳ ва қаторларга бўлиниб, тозалашга жалб қилинади, ҳеч кимга бир хил вазифа тушиб қолмайди. Юқорига ўтган синфларга эса мактабнинг маълум қисмларидаги тозалаш ишлари юкланади. Буларга ювиниш хоналари, ҳожатхоналар, ҳайвонлар яшайдиган жонли бурчак ва стадион кабилар киради.
Ҳар йили 3 марта ўқувчилар мактаб атрофи ва маҳаллани тозалаш бўйича ҳашар уюштиради. Бунда ўқувчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, атрофдаги чиқиндиларни теришади. Бу тозалаш вақтига ота-оналар ва ўқитувчилар ҳам қўшилиши мумкин.
Мана, сизга Япония ва Сингапур тажрибаси. Фикримизча, бу тажриба жамиятимиз учун жуда хам бир янгилик эмас. Ўқувчининг мактаб тозалигига жалб қилиниши, умуман жамоавий ишларда иштирок этиши бизга янгилик эмас. Сингапур ва Япония тизимидаги баъзи бир элементлар бизда ҳам бор.
Аммо, яхши шароитда бўлмаган мактабларда ўқувчиларни тозалаш ишларига жалб қилиш шундоғам яхши шароитда ўқимаётган болани жазолашдай гап.
Ўйлаймизки, бу борада аниқланган ва аниқланаётган камчилик ва муаммолар соҳа раҳбарларини янада синчков бўлишга ундайди, албатта.
Д.Эгамбердиева.