Инсон зоти борки, оламдаги барча яхшилик ва эзгуликларни, ҳаёт сиру асрорлари ва сабоқларини онанинг меҳру саховати туфайли ўрганади. Инсон, оила, аёл тушунчаларини бир-биридан ажралган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Оилани ҳам, жамиятимизни ҳам бирлаштириб, унга файзу барака киритадиган, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздир.
Чиндан ҳам, аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёсдир.
Ўзининг оқилалиги, самимий инсонлиги,чеҳрасидаги табассуми ҳамда кибри йўқ аёллиги билан “Чамбил” маҳалласига намуна бўлиб келаётган Зуҳра опанинг суҳбатини олдик.
1992 йилда “Обиз” қишлоғидан Олмалиқ шаҳрининг “Чамбил” маҳалласига келин бўлиб тушган, айни пайтда 54 ёшни қаршилаган Зуҳра опа ҳозирда 4 фарзанднинг онаси, 4 набиранинг меҳрибон бувижониси.
Зуҳра опани бемалол “Чамбил” маҳалласида ҳар тарафлама ўрнак бўлишга арзийдиган аёл дея оламиз. Бу фикримиз, Зуҳра опа ва унинг оиласи ҳақида маҳалла аҳлининг фикрларида, уларнинг турмуш ўртоқларига қилган муомаласида, фарзандларига берган тарбиясида, икки келинларига бўлган муносабатларида ва фарзандларининг Зуҳра опа, унинг турмуш ўртоқлари Ҳасан акага қилган муносабатларида яққол номоён бўлади. Биз уларга оилада бундай муҳитни сақлашнинг сирини сўраганимизда, улар:
- Оилада тинчлик бўлиши учун Ота подшо бўлса, она вазир бўлиши керак, деб ҳисоблайман,-дея гапини давом эттирди Зуҳра опа.
- Вазир ҳамма нарсани фарзандларига тўғри етказа олса, келинларини ўз қизларидек, саройининг жавоҳирларидек кўрса, уларни тушуниб, ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб, оилада келиб чиқадиган муаммоларни вазминлик билан бартараф эта олса, оилада ҳар доим тинч, осойишта ҳаёт бўлади.
Оилавий бахт деганда, оиламнинг тинчлик, хотиржамлиги, фарзандларимнинг ўзаро бир-бирига бўлган илиқ муносабатлари ва биз ота-онасига бўлган ҳурматларида деб ўйлайман.
Оилада ҳар хил вазият бўлади, унинг тинчлиги ва осойишталигини сақлаб қолишга, биз катталар масъулмиз. Тўғри, қайнона бўлиш осон эмас, келин бўлиб, бировнинг оиласига ҳам мослашиш осон эмас. Лекин менинг вазифам оиламни барқарорлигини ушлаб туриш. Шундагина мен, турмуш ўртоғимнинг ва фарзандларимнинг менга бўлган меҳр-муҳаббатини оқлай оламан,- дейди Зуҳра опа.
Зуҳра опа невараларининг тарбиясидан ортиб, маҳалласида очган озиқ-овқат дўконида сотувчи бўлиб ҳам фаолият юритади. Улар дўконларига келган харидорларга хушмуомалалик билан муомала қиладилар.
Жамиятимизда шундай аёллар бор эканки, оиламизда, маҳалламизда, қолаверса, юртимизнинг ҳар бир хонадонида тинчлик ҳукм суради, ёшлар орасидаги ажримлар камаяди. Ниятимиз Зуҳра опа каби жамиятимизда шундай оилапарвар оналар кўпаяверсин.
Райҳон Хакимова.