Image default
Жамият

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 33ЙИЛЛИК БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ШАҲАР ҲОКИМИ ХАМДАМОВ ҚОБИЛ МУРАТҚУЛОВИЧНИНГ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар, иши ва сўзи билан ҳамиша бизга ўрнак бўлиб келаётган нуронийлар, ташаббускор ва тиниқ ғоялар муаллифи бўлган ёшлар, муҳтарама онахонлар, мунис қизларим.
Сўзим аввалида, барча барчангизни энг улуғ, энг азиз айём мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Барчангизга тани сиҳатлик, оилангизга файзу барака, ватан равнақи йўлида олиб бораётган ишларингизга омад тилайман.
Ўтган йиллар мобайнида жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди. Айниқса, сўнгги беш йил мобайнида ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар халқимиз учун, унинг эртанги куни янада фаровон бўлиши учун барча зарур шароитларни яратилишига замин бўлмоқда. Барча соҳаларда олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар натижасида Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлди.
Азиз шаҳримиз аҳли, ҳурматли юртдошлар!
Бу йил юртимизда Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” ғояси асосида нишонланмоқда. Истиқлолнинг ўтган йиллари давомида эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак республикамизнинг барча ҳудудлари сингари шаҳримизда ҳам мислсиз ўзгаришларга гувоҳ бўламиз.
Шаҳримиз қиёфаси ўзгариб, энг зарур шароитларни ўзида мужассам этган турар-жой бинолари қурилмоқдаки, буларнинг ҳаммаси инсон учун, унинг эртанги куни учун барпо этилмоқда. Жумладан, Олмалиқ шаҳрида замонавий меъморчиликнинг сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган 21 та кўп қаватли, 2 минг 600 та оилага мўлжалланган уйлар қурилмоқда. Шу билан бирга иқтисодиёт ва аҳолини зарур инфратузилма билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Инвестиция дастури асосида 37 млрд.сўм ажратилиб, 16-умумий таълим мактабида қурилиш ишлари олиб борилди.
Мустақиллик байрами кунига қадар шаҳримиз бўйича 8 км ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 7 км. оқова сув тармоқлари реконструкция қилинди. Олмалиқ шаҳри кундан-кунга бунёдкорлик ишларининг жадал бориши ҳисобига янгича қиёфа касб этиб бормоқда. Албатта, шаҳримизда бу каби олиб борилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларининг барчаси олийжаноб ва меҳнаткаш халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётганлиги барчамизни қувонтиради.
Шаҳарнинг истиқлол солномасига оид баъзи рақамларни келтириб ўтаман. Жорий йилнинг шу даврига қадар саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 23,0 триллион.сўм бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 102,8 фоизга ўсганини кўрсатади. Йўналишлар кесимида озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноати 102,1 фоизга, қурилиш материаллари 102,4 фоизга ва енгил саноат йўналиши 103,4 фоизга ўсди.
Шаҳар ҳудудида хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони ўтган 2 йил мобайнида қарийб 49 тадан ортиқни ташкил этиб, иш фаолиятини олиб бормоқда. Жумладан, бугунги кунда қўшма корхоналар сони 17 та ва хорижий корхоналар 32 тани ташкил этади.
Мазкур корхоналар томонидан жорий йилда 57,0 млн.доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди, бу кўрсаткич йил якунига қадар 101,0 млн. долларга етказилади.
Шунингдек, ҳудудий экспорт ҳажми 29,4 млн долларга етиб бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 34 фоизга ошган. Шу билан бирга 4 та янги корхоналар экспортга жалб қилиниб, 5,7 млн. долларлик қўшимча экспортга эришилди.
Шаҳримиз корхоналари томонидан йил якунига қадар ҳудудий экспорт ҳажмини 62,7 млн. доллар етказиб, ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга оширилади.
Бундан ташқари, аҳолининг таклифларидан иборат бўлган «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2024 йил 1-мавсумида “Очиқ бюджет” ахборот порталида фуқаролар томонидан 114 та таклиф илгари сурилиб, якунда энг кўп овоз тўплаган қиймати 18,5 млрд.сўм бўлган жами 20 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Ушбу жараёнда 16,5 мингдан ортиқ ёки шаҳар аҳолисининг 12 фоизи томонидан овоз берилди.
Натижада, 3 та маҳалланинг 9,2 кмлик ички йўллари асфальтланиб, 9 та мактаб, 1 та мактабгача таълим, 2 та соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари билан бирга 1 та Ёшлар марказини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Мустақиллик байрами арафасида яна 6 та бино ва иншоот фойдаланишга топширилади. Йўллар файзли, ҳудудлар кўркам бўлиши баробарида фуқароларимизнинг ҳаётга бўлган қарашлари ўсиб, талаблари ҳам ўзгармоқда. Фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш, айниқса аҳолининг кам таъминланган қатламларига даромад топиши, оиласини таъминлаши ва яшаш фаровонлигини ошириши учун имкониятлар ва шарт-шароитлар яратилмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда мутлақо янги тизим, ўзига хос янгилик жорий этилди. “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” ҳамда яна бир халқимиз дилидаги гап “Меҳр дафтари” орқали эътибор ва ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами қўллаб-қувватланмоқда.
Қадрли шаҳримиз аҳли!
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2024 йил юртимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Жорий йилда Давлат дастури асосида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш борасида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан умумий қиймати 29,3 млрд. сўм бўлган 21 та лойиҳа ишга туширилиб, 460 та янги иш ўринлари яратилди. Йил якунига қадар янa 15 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 610 та янги иш ўринлари, 47,5 млрд. сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. 1,5 миллион доллар экспорт қилиш имкониятига эга 12 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига эришилади.
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш устувор вазифа этиб белгиланган. Бу йўналишда кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланган. Бир ҳақиқатни аниқ англаб етишимиз керак. Камбағалликни қисқартириш учун аввало, ишсизликни камайтириш керак. Қолаверса, аҳолини, айниқса ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг иқтисодий ва молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорликка иштиёқни уйғотиш зарур.
Шу ўринда ҳурматли Президентимизнинг “Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак” деган фикрларини алоҳида келтириб ўтишни лозим деб билдим. Ана шу тавсия асосида камбағалликни қисқартириш мақсадида, шаҳар Кенгаши депутатлари, фаоллари иштирокида барча маҳаллаларда хатлов ўтказилиб, сессияларда муҳокама қилиниб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” шакллантирилди. Дафтарларга киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, соғлигини тиклаш, муҳтожлигини бартараф этиш бўйича манзилли рўйхат асосида иш олиб бориш йўлга қўйилган.
Мақсадимиз инсонларнинг меҳнат қилиб бой бўлиши ва яхши, соғлом ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитларни яратишдир.
Азизлар!
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда шаҳримиз аҳлининг истиқлолни мустаҳкамлаш ва Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни ривожлантиришда олиб бораётган фидокорона меҳнатлари ҳурматли Президентимиз томонидан доимо қадрланиб, муносиб баҳо берилаётганлиги барчамизга катта ғурур, ифтихор бағишлайди.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Сизларни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман. Барча пок ва эзгу ниятларимиз ижобат бўлиб, Яратганнинг ўзи юртимизни турли офатлардан асрашини, кўп миллатли шаҳримизда бирдамлик, дўстлик ва аҳилликни ўзида мужассам этган юртдошларимиз омон бўлишини тилайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!
Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистондан, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, инсон қадр топган, улуғланган жонажон диёримиз омон бўлсин!

МАВЗУГА ОИД

ЧЕГАРАЧИЛАР УРУШ ҚАТНАШЧИЛАРИ ХОНАДОНИДА

admin

СИНАЛГАН САБРИМНИНГ ҲИМОЯСИ

admin

БАРЧА САЪЙИ-ҲАРАКАТЛАР — ИНСОН ҚАДРИ УЧУН

admin

ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯ:ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ МУҲИМ ЙЎНАЛИШИ БЎЛИБ ҚОЛАДИ

admin