Румий ҳазратларида шундай дейилади:
…“Инсонда гўзал бўлган юздир,
Юзда гўзал бўлган кўздир,
Аммо инсонни инсон қилган оғиздан чиққан сўздир”.
Бугун кўксини унвонлар шодаси безаб турган Аҳрор Норматович ҳақида ёзарканмиз, унинг инсонийлик фитрати Румий ҳикматларига монанд бир инсон эканлигини туямиз…
Салкам 40 минг кишилик меҳнат жамоасига эга Олмалиқ кон- металлургия комбинатида Абдурашидов Аҳрор Норматович каби сўзи ҳикмат, умри ибрат қаҳрамонлар, ўз соҳасининг дарғалари кўплаб топилади. 45 йилдан бери темир йўл соҳасининг равнақи йўлида хизмат қилган Аҳрор Норматович “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонга кўра, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони билан тақдирланди.
Темир йўл соҳаси ҳамиша тоғ-кон ва қайта ишловчи корхоналарни ўзаро боғлаб турувчи артерия қон томири, шу билан бирга ташқи дунё билан боғлаб турувчи ришта бўлиб келган.
2023 йилда ОКМК АЖнинг энг асосий транспорт корхоналаридан бири бўлган Саноат темирйўл транспорти бошқармаси комбинат ишлаб чиқариш жараёнларида ана шундай бош томир ҳисобланади. Ана шу асосий жабҳада меҳнат қилиб келган қаҳрамонимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўли эътирофга сазовордир.
Ҳозирда ОКМК Саноат темир йўл бошқармаси участка устаси лавозимида фаолият юритиб келаётган ҳамсуҳбатимиз “Иш — завқ отасидир” деган гапни хуш кўради. Дарҳақиқат, Вольтер таъбири билан айтганда, “Иш бизни учта катта ёмонликдан асрайди: биринчиси зерикиш, иккинчиси ёмонлик ва учинчиси муҳтожликдир”.
Ўз иш фаолиятини СТТБда вагонларни кўрикдан ўтказиш участкасида бошлаган қаҳрамонимиз ишлаш асносида университетда ҳам олий маълумот ола бошлади. Ўша йиллари Абу Райҳон Беруний номидаги олийгоҳнинг талабаси бўлди. Кейинчалик ҳарбий хизматни ўташ учун Афғон диёрига кетади. Уруш, ўз номи билан уруш… Унда ғолиблар бўлмайди, қўли устун келган тараф ҳам аслида мағлубдир. Жанггоҳлардаги ҳаёт унга шуни ўргатди.
Афғондан қайтгач, қадрдон СТТБ жамоасида яна меҳнат қила бошлади. Кейинчалик “Медная” станциясида темир йўл устаси, 4-Темир йўл цехининг марказий диспетчер участкасида участка бошлиғи лавозимларида ишлади. Кўтарма мосламалар хўжалиги, шунингдек, майдалаш ва саралаш мажмуаси раҳбарлигидаги йиллар унинг иш тажрибасини янада оширди, уни тоблади.
Сўнгра 2004 йилдан то 2022 йилгача, яъни 18 йил давомида СТТБ 1-Темирйўл цехи бошлиғи сифатида фаолият юритар экан, жамоадошларининг меҳрини, эътирофини қозона олди, дейиш мумкин. Ишлаб чиқаришдаги қийин вазиятларда йўл топиш, муаммога ечим излаш мутахассисни нафақат ходим сифатида, балки унинг инсоний қиёфасини ҳам кўрсатиб беради. Шу маънода Аҳрор Норматовичнинг шахси ибратомуздир.
Вагон хизмати раҳбарлигидан сўнг ҳозирги кунга келиб 2-Темирйўл цехида бўлинма устаси лавозимида фаолият юритиб келаркан, ёш темирйўлчиларнинг устози, йўл кўрсатувчиси сифатида хам қадрлидир.
Бугун кўксини “Дўстлик” ордени, Биринчи даражали “Кончилик шухрати”, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари, қолаверса, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвонлари безаб турган қаҳрамонимиз “Одамлар учун ҳақиқий бойлик бу меҳнат қобилиятидир” дея таъкидлайди.
«Саломатлик энг катта неъмат, қаноат энг катта бойлик, садоқат энг яхши муносабатлардир». Мана шу ҳақиқат УМР КИТОБИНИНГ асосий сарлавҳаси бўлган яна бир замондошимизнинг ҳаёт йўли билан ҳамнафас бўлдик, ўзимиз учун нималарнидир кашф этдик. Зеро, нафақат иш услуби ва ёндашуви ҳамда тажрибаси билан, балки инсоний фазилатлари билан ҳам раҳбариятнинг, қолаверса, жамоадошларининг эътибор ва эҳтиромини қозонган ЗАМОНДОШИМИЗ ҳақида СЎЗ айтмоқлик ҳам БУРЧ ВА БАХТДИР АСЛИДА!
Дилафрўз Эгамбердиева.