Image default
Ёднома

ХАЙРЛИ ИШГА БОШ ҚЎШИБ…

2021 йилнинг ёз фасли ҳалигача ёдимда. Адашмасам 6 август куни эди. Шаҳримизнинг пастки қисмида жойлашган «Бўстон» маҳалласининг шундоқ йўл ёқасида янги масжид қурилиши бошланаётганини эшитиб, мен ҳам ўз ҳиссамни оз бўлсада қўшиш мақсадида йўлга отландим. Ёз пайти тол тагида беш олти нафар нуроний отахонлар масжид қурилиши ҳақида суҳбатлашиб ўтиришарди. Кўпчилиги таниш чунки бир шаҳарда яшаймиз. Улар орасида «Бўстон» маҳалласидан бўлган Ғайрат акани кўриб яна ҳам хурсанд бўлиб кетдим. Аллоҳим насиб этган экан, ўша кундан янги масжидга қоровул бўлиб ишга киришдим. Янги масжид қурилишида энг кўп хурсанд бўлганлардан бири Омонов Ғайрат Нишонбоевич эди. Янги масжид қурилишига керак бўлган нимаики анжомни топса уйидан олиб келар, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қурилиши учун қилинган ҳар бир ишнинг қанчалик улуғ савобга эга эканлигини яхши биларди.

Омонов Ғайрат Нишонбоевич 1953 йил 10 январь куни Олмалиқ шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини шаҳримиздаги турли корхоналарда, хусусан, узоқ йиллар ОКМК АЖда «БелАЗ» ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Оилада бир ўғил, уч қизнинг отаси, ўн неваранинг севимли бобоси эди. Невараларининг диний ва дунёвий билим олишида улкан ҳиссалари бор. Шунинг учун ҳозирги пайтда уч нафар невараси юртимизнинг нуфузли университетларида таълим олмоқда. Етти нафари ҳам уларнинг ортидан бормоқда. Ғайрат ака турмуш ўртоғи билан 45 йил умргузаронлик қилиб, намунали оила сифатида ёшларга ўрнак бўлди.
Ҳалигача эсимда, ёзнинг жазирама иссиғида ҳам, қишнинг аёзли кунларида ҳам эрта саҳарлаб қорнинг ғичир-ғичиридан сезиб қолардик. Демак, Ғайрат ака келаяпти. Нафақада бўлишига қарамай ёшлар билан тенгма-тенг ишларди. Айниқса, бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Масжидимизга ичимлик суви олиб келишида жонбозлик кўрсатиб, бироз тоби бўлмасада енг шимариб резина этикда сув кечиб, ёшларга бош-қош бўлганлигини кўриб қойил қолганман.

Кўркам масжид қад ростлади, номланиши «Ҳилол»дир,
Бел боғлаган инсонларнинг меҳнати ҳам ҳалолдир.
Соғ-саломат йигитлардек елиб юринг шамолдай
Намозга чорлаб бизни худди ҳазрат Билолдай.


Яратганнинг тақдири экан, Ғайрат ака бироз хасталаниб, 2023 йил 30 июнь куни 70 ёшида оламдан кўз юмди.
Ҳозирги пайтда кўркам бўлиб қад ростлаган «Ҳилол» масжидининг ёнидан ўтар эканман, Ғайрат аканинг нурли сийратдаги руҳлари шод кезиб юрганлигини ҳис қиламан ва яна шу нарсага аминманки, келажакда бобосининг армон бўлиб қолган хайрли ишларини фарзандлари ва неваралари давом эттиражак.

Маъруфхон Шамсиев.

МАВЗУГА ОИД

ФАЙЗИНИСО ОПАНИ ЁД ЭТИБ…

admin

УРУШ. НОМИНГ ЎЧСИН СЕНИНГ!

admin

СИЗ ДОИМ ҚАЛБИМИЗДАСИЗ!

admin

MAQTASHGA ARZIGULIK BARCHA TA’RIFLARGA MUNOSIB EDI

admin