Image default
Статистик қайдлар

АҲОЛИ СОНИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ НИМАГА КЕРАК?

Одамлар ҳисобини юритиш амалиёти илк бор милоддан аввалги учинчи минг йилликдан бошланган. Бу жараён дастлаб Осиё ва Африка давлатлари, Миср, Месопотамия, Ҳиндистон, Хитой ва Японияни қамраб олган. Бу ислоҳотдан кўзланган мақсад солиқ тўловчилар ва аскарликка яроқли аҳоли сонини аниқлаш бўлган.

Илк ўрта асрларда мазкур тартибот бирмунча такомиллашган. Аҳолини ҳисобга олиш элементлари хўжаликларнинг ёзма китоблар, кадастрлардаги тавсифлари билан уйғунлашган. Уларда одамлар ёки оилалар эмас, балки уй-жой каби солиққа тортиш бирликлари биринчи ўринга қўйилган.
Финляндияда ХVI асрнинг ўзиданоқ аҳоли сони рўйхатини олиб боришни бошлашган. Давлатнинг мақсади биринчи ўринда солиққа тортиш ва ҳарбий хизматга чақириш билан боғлиқ бўлган. Ўша даврда Швеция, ўзининг шарқий қисми бўлган Финляндияни қўшганда ҳам аҳолиси кам, камбағал давлат эди. Шу сабабли ҳам йирик йирик маъмурий аппарат ва армияни сақлаб туриш учун ҳарбий хизматга мажбур бўлган ва солиққа тортиладиган аҳоли ва унинг мулки тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш лозим эди.
Аҳолини универсал рўйхатга олиш 1665 йилда Янги Франция (Квебек) колониясида бўлиб ўтди. АҚШда 1790 йилда тўлиқ аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилди. Ўшанда ўн етти нафар полиция ходими мамлакат бўйлаб саёҳат қилиб, хонадонма-хонадон юриб, олтита саволга жавоб тўплашди: уй эгасининг тўлиқ номи, ўн олти ёш ва ундан катта ёшдаги озод оқ танли эркаклар сони, ўн олти ёшдан кичик бўлган озод оқ танли эркаклар сони, озод оқ танли аёллар сони, бошқа озод шахслар сони, қуллар сони.
Ўттиз йил ўтгач, Италия, Испания, Англия, Ирландия, Авст рия, Францияда рўйхатга олиш вақти келди. 1851 йилда Хитойда, кейин Японияда (1871) ва ниҳоят Россияда аҳоли рўй хатга олинди.
Замонавий босқич ХХ асрнинг ўрталаридан бошланди. Бир қатор Осиё мамлакатларида, шунингдек, Африкада аҳолини рўйхатга олиш ўтказилди. Бу янги мустақил давлатлар пайдо бўлиши билан боғлиқ эди. Ўтган асрнинг 70-йилларда Яман, БАА, Саудия Арабистони каби мамлакатларда биринчи маротаба аҳолини рўйхатга олиш ўтказилди. ХХ асрнинг охирига келиб, аҳолини рўйхатга олиш дунёнинг деярли барча ҳудудини қамраб олди.
Дунёдаги ҳар бир мамлакат, ўзининг аҳолиси ва унинг яшаш ҳолати бўйича ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида мунтазам равишда аҳолини рўйхатга олади. Кўпчилик мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш ҳар беш ёки ўн йилда амалга оширилади.
Ҳозир жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатларида аҳоли ўртача ҳар ўн йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказилмоқда. Халқаро амалиёт шундай. Биздачи? Ўзбекистон ҳудудида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган. Шундан сўнг 1926, 1939, 1959, 1970, 1980 йилларда ўтказилган. Ушбу тадбир сўнгги бор 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда республикамиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган.

Шуҳрат Исахўжаев,
шаҳар Статистика бўлими бошлиғи.

МАВЗУГА ОИД

Кичик бизнес субъектлари

admin

СТАТИСТИКА

admin

24.01.2022 – 30.01.2022

admin

ОЛМАЛИҚ РАҚАМЛАРДА

admin