Image default
Жамият

ЧОРВА ҲАЙВОНЛАРИ ИДЕНТИФИКАЦИЯ ҚИЛИНАДИ – БУНИНГ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА?

Медицина – инсонни даволайди, ветеринария эса инсониятни даволайди. Ветеринария соҳаси вакиллари орасидаги бу гап бежиз айтилмаган. Ҳайвонлардан инсонларга кўплаб касалликлар юқиши мумкин. Ҳатто ўлим хавфини юзага келтирадиган касалликлар борки, бу айниқса, чорва билан шуғулланадиган инсонлар соғлиги ва ҳаёти учун янада хавфлидир. Шу боис ҳам чорва молларининг соғломлигини таъминлаш борасидаги чораларни ўз вақтида кўриш, шу орқали ҳам ҳайвонлар, ҳам инсонлар саломатлигини асраш муҳим аҳамият касб этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айнан шу каби масалалар билан чамбарчас боғлиқ. Гап шундаки, мазкур қонун лойиҳасида чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш, ҳайвонларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда.
– Бугунги кунда республикамизда йирик шохли моллар 14 миллионни, майда шохли моллар 14 миллионни ташкил этиб, уларнинг 90 фоизи аҳоли қарамоғидадир, – деди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов. – Халқаро тажрибада ҳайвонларни идентификация қилиш қонун билан тартибга солинган.
Ҳайвонларни идентификация қилиш тизимининг энг асосий афзалликларидан бири, бу тизим орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Шу боис лойиҳада ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш, уларнинг насли билан боғлиқ ва соғлиги тўғрисидаги ягона электрон тизим яратилиши белгиланмоқда. Ҳайвонларни идентификация қилувчи, рўйхатга олувчи ва кузатувчи мутахассисларининг, идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилмоқда. Истеъмол учун ишлатиладиган гўшт ва бошқа маҳсулотлар олинадиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, туя каби ҳайвон турлари ҳамда улар учун касаллик хавфини туғдириши мумкин бўлган ҳамда касаллик кириб келишининг олдини олиш, эпизоотик осойишталикни таъминлаш мақсадида ит, мушукларни идентификация қилиш таклиф этилмоқда. Идентификация қилинган ҳайвонлар профилактика учун давлат томонидан бепул эмланади.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ички ва ташқи бозор учун ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот прогнози тўғрисида аниқ маълумотлар базасини шакллантириш, истеъмол учун чиқариладиган барча маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни олишга, бозорларни сифатли чорва маҳсулотлари билан таъминлаш, ҳайвон эгаларининг ҳайвонга эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф қилиш ҳуқуқларини янада кафолатлашга имконият яратади.
Шунингдек, турли касаллик ёхуд бошқа сабаб билан нобуд бўлган чорва молларининг гўштини хуфиёна сотишнинг олди олинади, – деди Баҳром Норқобилов.
Муҳокама ва таклиф-мулоҳазалардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

МАВЗУГА ОИД

“МЕНИНГ ЙЎЛИМ” ЛОЙИҲАСИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

admin

Тиббиёт бирлашмасида қандай шифохона қуриш режалаштирилган?

admin

БУ МИЛЛАТНИНГ ОНАСИ БЎЛИШ ОСОН

admin

“ОНА, БИЗ ДАМ ОЛСАК, ВАТАННИ КИМ ҚЎРИҚЛАЙДИ…”

admin