Image default
Жамият

ЭЪТИРОФ ОДАМЛАРИ

…Август куздан дарак, одамлар қандайдир бир муждалар кутадиган, орзиқадиган кунларни бошлаб келадиган сўлим ёзнинг сўнгги дамлари… Байрам арафаси, ҳамма жойда ўзига хос тадорик. Шундай кунларнинг бирида Президент Фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган Абдумавлон Рахмонов ҳақида хушхабарлар тарқалди.

“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонга кўра, тақдирланган бир гуруҳ юртдошларимиз ичида қаҳрамонимизнинг ҳам номи бор. Бу албатта, қувонч, чексиз ифтихордир. Садоқат билан қилинган меҳнатга берилган умумхалқ баҳоси, юксак эътибор ва эътирофдир!
Қаҳрамонимиз ОКМК Технологик транспорт бошқармаси бульдозер машинисти. Унинг резюмеларини кўриб чиқаман: соҳада фаолият юритаётганига салкам 40 йил бўлган экан.
Абдумавлон Рахмонов мактаб таҳсилидан сўнг комбинатга қарашли Ўқув марказида бульдозер бошқаришни ўргатадиган махсус курсларга ёзилади, 1986 йилда ушбу курсларни тамомлаб, ҳарбий хизматни ўташ учун кетади. Икки йиллик ҳарбий ҳаёт, мусофирлик уни янада тоблади, ҳаётга бўлган қарашларини теранлаштирди.
Очеркимиз қаҳрамони билан суҳбатлашарканман, 80-йилларни, ҳинд киноларининг ашаддий мухлиси бўлган ўзбек ёшларини тасаввур қиламан. “Танцор Диско” ва яна бошқа машҳур киноларнинг тақлидчиси, ошиғи бўлган бу ёшларнинг дунёқараши, фикрлаши табиийки, ҳозиргидан бўлакча бўлган. Шу жумладан, уларнинг ишга, юклатилган вазифага бўлган муносабати, масъулияти ҳам анчайин юксакроқ бўлган, дейиш мумкин.
Абдумавлон Рахмонов ҳам шу даврнинг интилувчан, изланувчан ёшларидан бўлган.
Ҳар бир замон ва даврнинг ўз кумирлари, ҳақиқатлари бўлади. Биз сўз юритаётган даврнинг ишга кириб келган ёшлари “Меҳнат қилсанг роҳат кўрасан” деган ҳикматни туғ қилиб меҳнат жабҳасига, ишлаб чиқаришга кириб келишган. Ва мана шу ҳикмат уларнинг йиллар давомида баланд тутган ҳақиқати бўлди, йўл кўрсатувчи маёғи бўлди, дейиш мумкин.

  • Ишлаб чиқаришга кириб келганимда бу соҳада деярли ҳеч нарсани билмайдиган 20 ёшли йигит эдим. Хаёлимда ўша йилларимга кўп қайтаман: билмасакда “кўп нарсани уддалаб ташлайман” деган ёшлик ишончи бўлганлигиданми ишга тезда киришиб кетган эканмиз, бу йўлда сўзсиз ва шаксиз устозларимнинг кўрсатмалари, ўгитлари катта куч бўлган. Бугун ўзим ҳам устоз даражасига етиб, кимгадир нимадир ўргата оладиган ёшга етган эканман, бор билим ва тажрибамни ёшларга ўргатишга, соҳа сир-асрорларидан уларни воқиф қилишга ғайрат қиламан. Чунки, қачонлардир мени ҳам шу азиз ва қадрдон жамоа қўллаган.
    Кўксимни безаб турган орден ортида меҳнатларим эътироф этилар экан, бу — энг аввало, мен ишлаётган жамоанинг эътироф этилиши демакдир. Биласиз, саноат соҳаси маълум бир изчиллик асосидаги, бир кишининг меҳнатини иккинчиси тўлдириб кетадиган соҳа ҳисобланади. Шунинг учун ҳам шижоати баланд, ўз ишининг моҳири бўлган жамоадошларимни айтгим келди, шу ўринда уларга чексиз меҳрим ва миннатдорчилигимни билдириб қоламан -, дейди ҳамсуҳбатимиз.
    Бугун дунёдаги энг катта конлардан бири Чилида жойлашган. Йил сайин ишлаб чиқариш салоҳияти ортиб бораётган Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳам яқин ўн йилликда ўз катталиги бўйича Чилини ҳам ортда қолдириши саноат экспертлари томонидан башорат қилинмоқда. Юксак марралар, юқори суръатлар, ишлаб чиқариш режаларини муддатидан олдин ва ортиғи билан адо этишлар ортида қахрамонимиз — “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, бир неча йиллик бульдозер машинисти Абдумавлон Рахмонов каби дарғаларнинг меҳнати, жонбозлиги, касбга бўлган юксак садоқати бўй чўзиб тураверади!

Дилафрўз Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

ХАВФЛИ ЕРДАГИ ХАВФСИЗ ҲАЁТ УЧУН

admin

ОЛАМНИ МЕҲРГА ТЎЛДИРГАН АЁЛ!

admin

ҲАРБИЙ ҚИСМДА БИР КУН

admin

118.282 М3 ҲАЖМДАГИ 118,2 МЛН. СЎМЛИК ТАБИИЙ ГАЗ НОҚОНУНИЙ ИШЛАТИЛГАНИ ФОШ БЎЛДИ

admin