Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсларнинг вакиллари мурожаатлари кўп ҳолатларда кўриб чиқилиб, мазмунан ҳал қилиш учун тааллуқлиги бўйича тегишли давлат ташкилотлари ва хўжалик юритувчи субъектларга йўналтирилади. Масъуллар томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинса-да, бу қарорлар ижроси жойларда таъминланмасдан қолиши фуқароларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқаришга ҳамда юқори турувчи назорат органларига қайта мурожаат қилишларига сабаб бўлади.
Халқ қабулхоналари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда уларга энг яқин бўлган ҳақиқий халқчил демократик институт ҳисобланади. Шу боис ҳар бир жисмоний ва юридик шахс мурожаати Халқ қабулхоналари томонидан ҳар томонлама чуқур таҳлил этилган ҳолда ўрганиб чиқилмоқда. Зарурат вужудга келганда эса мурожаатлар ўз ўрнида бошқа тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ҳал этилаяпти. Бироқ мавжуд амалиёт ва таҳлиллар шуни кўрсатадики, муаммолар ўз вақтида, жойида ҳал қилинмаганлиги, фуқаролар мурожаати қаноатлантирилмагани, пайсалга солиб келингани, раҳбар ходимларнинг масъулиятсизлиги ва давлат ташкилоти вакилларига фуқаролар ишончсизлиги сабаб, Халқ қабулхоналарига мурожаатлар кўпаймоқда. Халқ қабулхоналари томонидан мурожаатлар ўрганилганда энг аввало, мурожаатни юзага келтираётган омиллар, сабаблар ва шарт-шароитлар тўлиқ ўрганиб чиқилади.
Бу эса ўз навбатида, биринчидан, такрорий мурожаатларнинг олдини олса, иккинчидан, бир турдаги мурожаатларни ҳал қилиш амалиёти самарадорлигини ошириш имконини беради.
Халқ қабулхонаси томонидан шаҳарда энг кўп мурожаат келиб тушган маҳаллаларда шаҳар ташкилот раҳбарлари томонидан сайёр қабулларни ўтказиш жадвали тузилган бўлиб, Халқ қабулхонаси билан ҳудуддаги барча давлат органлари ва ташкилотлари билан мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Хусусан, жорий йил 19 сентябр куни С.Оллоёр МФЙда яшовчи О.Муқимовга кредит олиш масаласида қилган мурожаати бир кунда ижобий ҳал қилиб берилди. Бундан ташқари, С.Оллоёр маҳалласида яшовчи Д.Эргашевага тикувчилик ишини ривожлантириш учун 28 млн сўм кредит ажратилиб, мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Бундай мисолларни яъни, ичимлик сувидан, табиий газдан асоссиз қарздорликларни ечиш, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, моддий ёрдам ажаратилиши ҳақидаги мурожаатларни ижобий ҳал этилганлиги кўплаб келтириш мумкин.
Гулнора Балтаева,
шаҳар Халқ қабулхонаси
етакчи мутахассиси.