Бу тонг ўзгача шукуҳ билан бошланди. Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида, 2024 йил 25 август куни ниҳоят шаҳримиз аҳолиси йиллар давомида орзу қилган муҳташам “Ҳилол” жомеъ масжиди расман фаолиятини бошлади. Олмалиқ шаҳри “Эвалак” ҳудуди “Фахрийлар” кўчаси 50-уйда жойлашган “Ҳилол” масжиди 2020 йил йил 12 август куни Тошкент вилояти Адлия бошқармаси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Шу кунга қадар 150 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган шаҳримизда битта масжид фаолият кўрсатаётган эди. Мазкур масжид очилиши билан Тошкент вилоятидаги масжидлар сони 225 тага, Республикадаги масжидлар сони эса 2071 тага етди. 6 минг намозхон сиғимли масжиднинг қурилиши 2021 йил октябрь ойида бошланиб, 3 та айвон ва 65 метр баландликдаги 2 та минора ҳамда 40 кишига мўлжалланган таҳоратхонага эга. Иморат орқа қисмида бир йилда ҳосилга кирадиган 500 туп турли мевали дарахт кўчатлари экилиб, боғ яратилди.
Масжид очилган кун ҳеч истиҳоласиз шаҳримиз тарихидаги улкан воқелик сифатида муҳрланди дейиш мумкин. Бу куннинг қадрини айниқса, ушбу масжид пойдеворидан тортиб қурилиш ишлари якунигача бош-қош бўлган шаҳримизнинг бир гуруҳ фидойи нуронийлари жуда яхши ҳис қилишади. Жамоатчилик, халқнинг хайрия маблағлари ҳисобига бунёд бўлган масжид шунчаки ўз-ўзидан қад ростлаб қолмаганини шаҳримизнинг ташаббускор нуронийлар гуруҳи аъзолари билан суҳбатимиз давомида янада чуқурроқ англаб етдик. Жамоатнинг хайрия маблағларини бир жойга йиғиб, мақсадли тўғри сарфлаш, виждонан назорат қилиш инсондан улкан масъулият, соф виждон эгаси бўлишни талаб этади. Мана шундай улкан ва эзгу вазифани зиммаларига олган қаҳрамонлар дея албатта ташаббускор нуронийлар гуруҳи раиси Хулмат ҳожи ота Холбоев бошчилигидаги Абдураим Усмонов, Хусниддин Шамсиддинов, Абдужаббор Абдуҳошимов ҳамда Олий Мажлис депутати Адҳам Назирқуловларнинг номларини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Хулмат ҳожи ота Холбоевни шаҳримизда танимаган-билмаган инсон бўлмаса керак. Холбаев Хулмат Турматович 1952 йил 23 декабрда Олмалиқ шаҳрида ишчи оиласида туғилган. 22-ўрта мактаб, тоғ-металлургия техникуми, политехника институтларида илм олиб, Ярославл шаҳрида йигитлик бурчини адо этган. 1970 йилдан 2013 йилга қадар “Олмалиқ КМК” АЖ ва “Олмалиқшаҳаргаз”да меҳнат қилиб кўплаб кўкрак нишонларига эга бўлган. Шаҳар сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий ҳаётида ҳам фаол бўлиб, 1985-1990 йиллар икки маротаба Тошкент вилояти Кенгаши депутатлигига сайланган. Хулмат ота бугунги кунда 2 ўғил ва 1 қизни оқ ювиб, оқ тараб элга қўшган, 10 нафар неваранинг суюкли бобоси. Маҳалласида, жамоатчиликда фаоллиги, халқпарвар ва адолатпарварлиги ҳамда ташаббускорлиги билан каттаю-кичик орасида ҳурмат қозонган нуронийлардан. Эл манфаатини шахсий манфаатларидан устун қўя олувчи ватанпарвар бу каби инсонлар ёшларимизга ҳақиқий ибрат намунасидир, деса ҳам бўлади.
Аллоҳнинг байтини қуришда жонбозлик кўрсатган бу каби инсонлар ва саховатпеша халқимизнинг ҳаққига бугун минглаб инсонлар дуога қўл очмоқда… Бундай шарафга, саодатга эга бўлиш энг катта бахт аслида!
Дилфуза Рўзиева.