Агар сиз яхши яшаётган бўлсангиз унда икки карра таҳсил олинг, агар ёмон яшаётган бўлсангиз унда тўрт карра ўқишга интилинг…
Ўқидиму муаллифини излай бошладим. Топмадим. Аммо уни борича эслаб қолишга тиришдим. Шу ҳақиқатни туғ қилиб яшаб келаётган қаҳрамонларимни жонлантираман: хаёлимга илк келганлардан бири кўплаб шогирдларни тарбиялаган моҳир педагог, салоҳиятли юрист, бутун қувваи ҳофизаси билан ўзини илму маърифатга, одамларнинг яшаш сифатини яхшилашга бахшида қилиб келаётган замонамиз фидойиси — Матлуба опа Ашурова бўлди…
Матлуба Ашуровани таниганимга ҳам 18 йил бўлибди. Ўшанда Матлуба опа педагог сифатида фаолият юритарди. Ҳақли маънода айта оламизки, бугун шаҳримиздан учирма бўлиб, юридик соҳада, шунингдек, педагогика ва бошқа ижтимоий-гуманитар соҳаларда таҳсил олиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган кадрлар муваффақиятида бу инсоннинг фидокорлиги, меҳнати ва заҳмати сўзсиз тилга олинади, тан олинади.
1996 йилда Тошкент давлат педагогика институтини, кейинчалик Тошкент давлат юридик институтининг юриспруденция йўналишларини тамомлаган қаҳрамонимиз ўқиш асносида ўз меҳнат фаолиятини ҳам изланувчанлик руҳида давом эттирди. Опанинг Шаҳрисабз шаҳридаги Бедил номли 13-сонли умумтаълим мактабида тарих фани ўқитувчиси сифатида илк иш фаолиятини бошлаганига ҳам мана 31 йил бўлибди. Кейинчалик, тақдир тақозоси билан Олмалиққа келган Матлуба Маҳмудовна дастлабки иш фаолиятини техника коллежида 2-тоифали ўқитувчи сифатида бошлади. Иш фаолиятини Олмалиқ шаҳар ижтимоий-иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ҳамда 18-умумтаълим мактабида тарих фани катта ўқитувчиси сифатида давом эттирар экан, бу йиллар ўз-ўзига талабчанлик, билим бериш асносида ўзи ҳам тинимсиз илм олиш, умуман тобланиш йиллари бўлди, дейиш мумкин.
Шу ўринда бироз чекинишни лозим топдим, азизлар: Ҳазрат Румийда ўқиганим бор эди: “Гилам тоза ва озода бўлсин деб уни қоқишади. У покиза бўлади. Инсон ҳам шундай. Қийинчиликлар уни тоблайди, қалбан поклайди”…
Шу маънода қаҳрамонимиздан қийинчиликлардан, унга тўсиқ бўлиб турган муаммолардан айланиб эмас, уларга тик боқишни ўргандик. Мана шу мустаҳкам ақида опа тарбиялаган фарзандлар, ўқувчилар, шогирдларнинг катта ҳаётдаги йўлчи юлдузи бўлди, дея оламиз.
Шунча йиллик педагогика соҳадаги самарали фаолиятидан сўнг Матлуба Маҳмудовна “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки Олмалиқ филиали Юридик хизмати-ҳуқуқшунос маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат заҳираларини бошқариш қўмитасига қарашли “Магнит” давлат корхонаси юрисконсульти, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси юрисконсульти, Тошкент вилояти Адлия бошқармаси ҳузуридаги Олмалиқ шаҳар Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти, Тошкент вилояти Адлия бошқармаси ҳузуридаги Олмалиқ шаҳар Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи сифатида иш олиб борди.
Опанинг тамсилида мен ҳамиша юридик соҳага ўқиган ва қалбан ўқитувчи бўлиб қолаверадиган сиймони кўраман…
-Ҳозирги кунда Адлияда юридик соҳада фаолият кўрсатиб келиш асносида 23-умумтаълим мактабида ҳам ўқувчиларга таълим бериб келмоқдаман. Ёш авлоднинг муваффақиятли одимлари албатта, мени ҳам севинтиради. Аммо, тарбиядаги қусурларимиздан ҳам кўз юмиб бўлмайди.Мен ҳар доим айтаман: Ғарб бизга андоза бўла олмайди. Йиллар давомида тобланган қадриятларга “эскилик сарқити” деб қарашнинг ўзи нотўғри эканлигини, ҳар бир миллат, ҳар бир халқ ўзига хослиги, одатлари, қадриятлари билангина бу жаҳон тамаддунида мустаҳкам тура олишини вақтнинг ўзи кўрсатмоқда, -дейди анъаналарга содиқ қаҳрамонимиз.
Бир пайтлар отасини кумир деб билган Матлуба опа бугун ўзи ҳам кўпчиликнинг кумирига айланди, дейиш мумкин. Отаси — Маҳмуджон Ашуров, онаси — Турсуной Ашурова яратган оиладаги илмга, илмдор одамларга бўлган юксак муносабат бу даргоҳда катта бўлаётган икки қизнинг камолотига ўзининг таъсирини кўрсатди, албатта. Маҳмуджон ота бир умр ҳайдовчилик қилиб оила тебратди, қизларни ўқитиш, олий маълумот олиши учун замин яратди. Ўзи ҳам бадиий адабиётга ниҳоятда ошуфта инсон бўлган…
Французларнинг “Сабрина” деган машҳур фильми бор. Фильм қаҳрамони — Сабринанинг отаси китобларни жуда севади. Қизнинг “нима учун ҳайдовчилик касбини танлагансиз” деган саволига ота шундай жавоб беради: “Касбимда кўпроқ китоб ўқишга вақт бўлади, шунга танлаганман” деб жавоб берган эди.
Хаёлимда 60-йилларнинг одми кийинган шофёрлари жонланади. Оқ-қора кино лентасидек…
“Агар от ўзининг қанчалик қувватга эга эканлигини билганида жиловлаб қўйишларига йўл қўймасди” дейишади тибетликлар. Дарвоқе, оптимизм, олдига қўйган мақсадларни амалга ошириш каби фазилатларни яхши ўзлаштирган қаҳрамонимиз ҳаётсеварлиги билан киши эътиборини тортади.
Интилиш бўлмаса ҳаёт чинакам зулматдир. Илм бўлмаса, ҳар бир интилиш бекордир. Иш бўлмаса, барча билимлар беҳудадир. Ишга муҳаббат бўлмаса, ҳамма иш ҳам самарасиздир.
Мана шу ҳаётий ҳақиқатлар ҳаётининг бош гултожи бўлган қаҳрамонимиз, малакали юрист, билимдон тарихчи, кўпчиликнинг меҳрини қозонган устоз — Матлуба Ашурованинг ҲАЁТ КИТОБИНИ варақлаб, унинг зар сарлавҳалари инсонийлик фазилатлари билан йўғрилганлигини ҳис этиш мумкин…
Дилафрўз Эгамбердиева.