КУЗ ЁМҒИРИ
Куз ёмғири… Майин, бетакрор,
Ўйларимга бўлиб пайваста
Ёдга солар ёшлигим бир бор
Дил ойнасин чертиб оҳиста!
Ва ойнадан кўринар элас
Туйғулари топмай бир макон
Ёмғир аро икки дил бесас
Кетиб борар тутиб соябон!
Ишқ нафаси оташ уфуриб —
Ёноқлар ҳам олма қирмизи!
Юракларнинг масрур гупуриб,
Ўйноқлаган гўзал бир кези!..
Тўқнаш келиб бирда нигоҳлар,
Забонлар ҳам қолса бемажол,
Мулзам этиб юракдан оҳлар
Вужудимиз айларди беҳол!
Кўринганда манзил ҳам ногоҳ,
Висол ҳисси туйдириб қадрин,
Айрилиқдан этарди огоҳ
Кўнгилларга ёзиб ўз сатрин!
Ўшал ёмғир узра соябон
Бўлса ҳамки оддий бир матоҳ,
Ёш қалбларга бўлиб у қалқон
Топардилар қўйнида паноҳ!
