Нок қандаласи Hemiptera туркумининг Tingidae оиласига мансуб. Зараркунанда етук зот шаклида хазон ораси ва пўстлоқлар остида қишлаб чиқади. Апрелдан бошлаб олма ва нок дарахти баргларига ботириб тухум қўяди, ундан 20-25 кунда личинка очиб чиқади ва 20-25 кундан кейин вояга етади. Шундай қилиб, тўлиқсиз ривожланадиган бу қандала кейинги 2-бўғинни бошлаб беради. Бу бўғиннинг зичлиги каттароқ бўлиб, дарахтни қийнаб қўяди, новда силкитилса, ҳашарот аввал тўқилиб, кейин учиб кўтарилади. Зарарланган дарахт барглари оч яшил тусга киради, баргнинг орқа тарафи қандала экскрементлари билан ифлосланади, баргларда фотосинтез жараёни сусаяди, дарахтлар қийналади, барглар тўқилади, ҳосилдорлик ва унинг сифати кескин пасаяди. Нок қандаласининг ҳаёт кечириши ҳам олма қандаласиникига жуда ўхшаб кетади.
Нок қандаласи Шарқий Европанинг шарқий ва жанубий минтақаларида, ғарбий Европанинг марказий ва жанубий минтақаларида, Кавказ, Марказий Осиёда, жумладан Ўзбекистонда ва қўшни давлатларда кенг тарқалган. Бу зараркунанда Сурия, Чехия, Словакияда учрайди.
Қўлланиладиган тадбирлар: дарахтларнинг кузда тўкилган барглари ҳаммаси йиғиштириб олиниб, ёқиб юборилади. Эрта баҳорда дарахтларнинг кўчиб кетган пўстлоқлари сидириб олинади ва улар ҳам ёқиб юборилади, дарахтлар оқланади. Ерлар ағдариб чопилади, личинка ва имаголарига қарши баҳор ва ёзда фосфорорганик препаратлар ҳамда пиретроидлар билан 1-2 марта ишлов берилади. Биопрепаратлардан Биослип БВ 2л/га ишлатиш тавсия этилади. Нок қандаласи билан кучли зарарланган, яъни, 1 зарарланган баргда 10 донагача зараркунанда аниқланса профенофос+циперметрин, сульфоксафлор, фипронил, циперметрин асосли препаратлардан бири билан ишлов ўтказиш лозим.
Ш.Шораҳимов,
Тошкент вилояти Ўсимликлар карантини
ва ҳимояси агентлиги Олмалиқ ТИФ
инспектори.