Бир корхона бор эди
Қурилишда энг илғор,
Хориж-ла хамкор эди
Ёллаб ишчи, омилкор.
Унда ишда қўшиб бош,
Бўлиб бир тану бир жон,
Халқимиз билан йўлдош —
Ҳиндлар урарди жавлон.
Мўлжаллаб мезон ойин
Ва кунин этиб баён,
Ҳамкасб йигит бахт тўйин
Бошлаб қолди бир замон.
Тўйга чоғланди обдон
Касбдошу дўстлар бари
Ва ташриф этди шодон
Ҳиндларнинг уч нафари.
Тўй базми қизиб борар
Дастурхонда ноз неъмат,
Мезбонлар «сузиб берар»
Дўст бўлиб олийҳиммат.
Сархушликда бирпасда
Кайфият фалак қучди,
Ўзбекнинг ҳинд-ла аста
Суҳбатлари қовушди.
Чақчақлашиб хўб ширин,
Самимият ҳар дилда,
Тушунишар бир-бирин
Сўйлашса-да ҳар тилда.
Тўй раиси сухандон
Сўзга чиқиб бир маҳал,
Қутлов учун қадрдон
Меҳмонларга берди гал.
Дилдан армуғон этиб
Касбдошлар тилакларин,
Ҳиндларга навбат етиб,
Раис чорлади барин.
Аҳли жамоат андоқ
Такаллуфдан лол қолиб,
Бу ёғи бўлди қандоқ?..
Дердилар ўйга толиб.
Ҳинд меҳмонлар билгани
Бу инглиз тили эди.
Фикрин аён қилгани
Шу тил жон-дили эди.
Даврада аксин олиб
Йўқ эди бир таржимон.
Хиндлар сўзласа тўлиб,
Ҳеч тушунмас оломон.
Даврадаги бир инсон
Ушбу тилдан бохабар,
Сўзлашар эди осон
Ҳиндлар билан ҳар сафар.
Касбдошлар шу инсонни
Билиб чиндан-да маъқул,
Ғанимат санаб онни,
Келди тўхтамга мақбул.
Ҳиндистонлик учовлон
Қутламоққа этиб қасд,
Давра олгани ҳамон,
«Таржимон» чиқди сармаст.
Ҳиндлар дил изҳорини
Бирин-кетин йўллади,
У ҳам «иқтидор»ини
Таржимада қўллади.
Сўнгра жойларин қайтиб,
Айни банд этишган он,
Биров бир гапин айтиб,
Куларди уриб хандон.
Таржимонга дерди у:
«Маҳоратингга балли!
Кўп таржимон кўрдиму,
Сендақасин йўқ ҳали.
Ҳиндлар билан туриб тек,
Таржимани дўндирдинг,
Учинчига келиб, лек
Ўзинга гап қўндирдинг:
Инглизча қутлов этди
Ҳиндлар икки нафари,
Униси жўшиб кетди,
Ҳиндчадан ўтмай нари.
Маълум эди анчадан
Жахон тилин билишинг,
Билмас эдим ҳиндчадан
Зўр таржима қилишинг.»
Таржимон бўлмай мулзам,
Ўзин тутиб хотиржам,
Деди: «икки тилда ҳам,
Маъно бирда мужассам!»
Қисса шуки, «таржимон»
Сархуш бўлиб ўшал он,
Ўгирган эди равон
Икки тилдан ҳам «осон».
11.2023