2017 йил 11 август
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев илк марта Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди.
- Мазкур ташриф давомида Давлатимиз раҳбари томонидан “Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг иккинчи босқичи” лойиҳасига старт берилиб, “Ёшлик” кони очилди.
-Олмалиқ шаҳрига 2017 йил 10 августдан Мирқосимов Мираъзам Мирозодович ҳоким этиб тайинланди (Бу ҳақда газетамизнинг 2017 йил 18 августдаги №33-сонида чоп этилган).
- Президент Олмалиқ шаҳри марказидаги 5/2 массивида 7 қаватли, 2 ва 3 хонали турар-жой биноларини бориб кўрди, шаҳар аҳолиси билан мулоқот қилди.
- Олмалиқ шаҳрининг бош режаси асосида амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишилди.
- 2035 йилгача мўлжалланган бош режага кўра Олмалиқнинг маъмурий ҳудуди 2 минг 600 гектардан 3,5 минг гектарга етказилиши белгиланди.
- Саноат ҳудуди шаҳар марказидан олиб чиқилиб, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига қулай уй-жойлар барпо этиш кўзда тутилди.
- Президентимиз аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини ҳисобга олиб, тўққиз қаватли уйлар барпо этишни таклиф этди.
- “Ойдин” деҳқон бозори ва буюм бозорининг бугунги кундаги ҳолати, хизмат кўрсатиш даражаси талабга жавоб бермай қолгани боис ушбу бозорларни капитал реконструкция қилиш, қўшимча бино ва савдо нуқталари барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳада деҳқон бозоридаги турғун савдо нуқталарини тартибга келтириб, замонавий автотураргоҳ, буюм бозори учун 450 ўринли павильонлар барпо этиш режалаштирилди.
- Президентимиз “Ойдин” бозорида сотувчи ва харидорларга яратиладиган шарт-шароитлар билан қизиқди. Иншоотларни замонавий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда қисқа муддатда сифатли барпо этиш, қўшимча қулайликлар яратиш юзасидан тегишли тавсиялар берди.
- Олмалиқ шаҳар Болалар шифохонасини реконструкция қилиш топшириғи берилиб, бинода кўп тармоқли марказий поликлиника, тез тиббий ёрдам, юқумли касалликлар, қон қуйиш бўлимлари, бошқа бўлинмалар жойлаштириш белгиланди.
- Президентимизга замонавий типдаги шаҳар ФҲДЁ бўлимининг янги биноси қурилиши лойиҳаси намойиш этилди. Ушбу бинода ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ва “Ягона дарча” маркази фаолият кўрсатади. Бу типдаги ФҲДЁ биноси илк бор лойиҳалаштирилган бўлиб, адлия идораларининг бир жойда жойлашуви аҳолига сифатли юридик хизматлар кўрсатиш имконини беради.
- Олмалиқ шаҳар оқова сувларни тозалаш иншоотини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди.
2021 йил 29 июль
- Президент Ш.Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг “Ёшлик-1” конини бориб кўрди.
- Давлатимиз раҳбарига коннинг салоҳияти, уни ўзлаштириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Мазкур кондан йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олинади. 60 миллион тонна мис-молибден рудасини қайта ишлаш қувватига эга мис бойитиш фабрикаси қурилади.
- Ушбу улкан лойиҳа 2024 йилда ишга туширилиши, жами 6 мингта иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган.
- ОКМК 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Қиймати 2 миллиард доллар бўлган ушбу корхонада биринчи босқичда йилига 60 млн. тонна руда қайта ишланади.
Иккинчи босқичда қувват 160 миллион тоннага етади ёки бугунги кўрсаткичдан 3 баробарга кўпаяди. Ушбу икки босқич амалга оширилиши натижасида корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.- - Давлатимиз раҳбари Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси қурувчилари учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Корхона яқинида 3 минг кишига мўлжалланган ётоқ мажмуаси барпо этилган. Ишчиларнинг яшаши, дам олиши, спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган. Президент бу ерда ётоқ ўринларини кўпайтириш, бундай ихчам, шинам мажмуаларни бошқа заводларда ҳам ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.
- Президент «Jurabek laboratories» қўшма корхонаси фаолиятини кўздан кечирди. Корхона 48 миллион флакон инфузион эритмалар, 480 миллион дона ампула, 60 миллион дона қуруқ антибиотиклар, 20 миллион дона лиофилизация қилинган дори шаклларини ишлаб чиқариш қувватига эга.
2021 йил 22 декабрь
- Ш.Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик амалга оширилаётган мегалойиҳа ишларини кўздан кечирди. Кон ҳудуди 11 минг гектар, йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби қимматли ва нодир металлар бор. Уларни қайта ишлаш учун комбинатда 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда.
- Комбинатни 2030 йилгача ривожлантиришга доир режалар муҳокама қилинди. Келгуси икки йилда комбинатда замонавий бошқарув тизимини жорий этиб, уни давлат ёрдамисиз ишлай оладиган, дунёнинг етакчи металлургия компанияларидан бирига айлантириш зарурлиги таъкидланди.
- Маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот бўлди.
- Президент Олмалиқ шаҳридаги 20-сонли умумтаълим мактаби ва оилавий поликлиникани бориб кўрди.
- Талаб кўп бўлаётган йўналишларни туманлараро даражага тушириб, хизматларни аҳолига яқинлаштириш, Тошкент вилоятида тиббиёт бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
2024 йил 14-15 октябрь кунлари
- Президент Шавкат Мирзиёев ташрифнинг биринчи кунида Тошкент вилоятининг ривожи, аҳоли ҳаёти ва янги лойиҳаларни кўздан кечириш мақсадида Тошкент тумани, Зангиота тумани, Янгийўл туманига ташриф буюриб, йирик лойиҳалар билан танишди.
- Тошкент вилоятида фаолият бошламоқчи бўлган инвесторлар билан суҳбатлашди.
- Тошкент вилоятида 9 та лойиҳанинг қурилиши ва фаолиятига старт бериш маросимида иштирок этди. Хусусан, Олмалиқ шаҳрида 1 миллиард доллар инвестиция ҳисобидан 227 гектар майдонда “Буюк ипак йўли” махсус саноат технопарки қурилишга ҳам старт берилди. У ерда электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика каби йўналишларда 100 га яқин корхона жойлаштирилади. 3 мингта янги иш ўрни яратилиб, йилига 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 300 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлади.
- Ташрифнинг 2-кунида Президент Ш.Мирзиёев Олмалиқ шаҳрига ташриф буюриб, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Муҳандислик мактаби билан танишди. Бу ерда Германия тажрибаси асосида йилига 480 нафар муҳандис тайёрланади ҳамда минг нафар ходимнинг малакаси оширилади. Дарс жараёнлари йўналиш ва мавзулардан келиб чиқиб, хорижлик профессор-ўқитувчилар иштирокида олиб борилади. Ўқув дастури Германиянинг Фрайберг кончилик академияси, “GP Günter Papenburg AG” ва “Aurubis AG” компанияларининг илғор таълим методологиялари асосида ишлаб чиқилган. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси учун унда ишлайдиган мутахассислар ҳозирдан тайёрланмоқда.
- Давлатимиз раҳбари Олмалиқдаги “Ёшлик-1” кони ҳамда унинг негизида қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикасини кўздан кечирди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ўтган йили 148 минг тонна мис, 17 тоннадан зиёд олтин, 162 тонна кумуш ишлаб чиқарилган. 1 миллиард 100 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 662 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Кейинги йилларда геологик қидирувлар ва инвестициялар миқдори ошгани натижасида ишлаб чиқаришнинг янги имкониятлари топилмоқда. Шулардан бири – “Ёшлик-1” кони. Кон ҳудуди 11 минг гектар. Захираси ҳам салмоқли – йилига 65 миллион тонна маъдан. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор.
Давлатимиз раҳбари мазкур конда бўлиб, қазиш ишларини кўздан кечирди, мутахассислар билан мулоқот қилди.
Бу йирик лойиҳанинг қиймати 4,6 миллиард доллар бўлиб, конни қазиш, фабрика ва унинг инфратузилмасини қуришни ўз ичига олади.
Иккинчи босқичда қувват 160 миллион тоннага етади ёки бугунги кўрсаткичдан 3 баробарга кўпаяди. Ушбу икки босқич амалга оширилиши натижасида корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. - Давлатимиз раҳбари “Enter Steel” механика таъмирлаш корхонаси устахоналарида ҳам бўлиб, янги ускуналар ва иш жараёни билан танишди.
- Тошкент вилояти фаоллари билан вилоятнинг ривожи ва келгуси вазифалар таҳлил қилинди. Камбағалликни қисқартириш юзасидан кескин фикрлар билдирилди.







