«Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили бу – миллатнинг руҳидир.»
Ислом Каримов.
Дунёда тилсиз халқ йўқ, чунки тилнинг тириклиги миллатнинг мавжудлигига боғлиқ. Ҳар бир инсоннинг исми бўлганидек, ҳар бир тилнинг ҳам номи бор. Она тили миллат бирдамлигини ифодаловчи бош тимсол ҳамдир.
Қадимги хитой алломаси Конфуцийдан «Агар сизга ваколат берилса, нимани кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифа, деб ҳисоблаган бўлардингиз?» -дея сўрашганида, у: «Тилни тартибга келтириш энг зарурий вазифадир», -деб жавоб берган экан.
Асрлар давомида сайқалланиб, шаклланиб келаётган ўзбек тили ўзига хослиги билан ўзга халқлар тилидан ажралиб туради. Бугун ўзбек тили юртимизнинг давлат тили сифатида давлатимиз рамзлари қаторида эъзоз ва эҳтиромга сазовордир. Давлат ва миллатнинг ўзига хослигини ифодаловчи хусусиятлари унинг рамзи, тили, қадрият ва анъаналари ҳисобланади. Улар орасида тил алоҳида ўрин эгаллайди. Бинобарин, тил-миллатнинг маънавий бойлигидир. Шу боис давлатимизда ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Бунинг баробарида халқимизнинг асрий орзулари ушалиб, минг йиллик қадриятларини ўрганиш ва тарғиб этиш учун кенг имконият яратилди.
Хусусан, ушбу сана муносабати билан шаҳримиздаги барча таълим муассасаларида Тил байрами кенг нишонланди. 15-умумий ўрта таълим мактабида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Гўзал Матмуратова ҳамда 6-«Г» синф ўқувчилари иштирокида «ОНА ТИЛИМ – ИФТИХОРИМ МEНИНГ» мавзусида ўтказилган очиқ тарбиявий соат ҳам шулар жумласидандир. Тадбирда ўқувчилар томонидан мавзу доирасида шеърлар, мақоллар, фойдали маълумотлар берилиб, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Тадбирда сўзга чиққан мактаб директори Сапарали Туракулов ҳам она тилимизни қадрлаш, сўзлардан ўринли фойдаланишни таъкидлади. Тадбир сўнгида барча қатнашувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.




Гўзал Матмуратова,
15-умумтаълим мактаби
она тили ва адабиёти
фанлари ўқитувчиси.