Image default
Жамият

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИНИНГ РИВОЖИ ВА КЕЛГУСИ ВАЗИФАЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Олмалиқ шаҳрида 15 октябрь куни Тошкент вилояти ривожининг ҳозирги ҳолати ва келгуси вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудуддаги иқтисодий-ижтимоий натижаларни атрофлича таҳлил қилиб, қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Сўнгги етти йилда Тошкент вилоятида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Ҳудуд иқтисодиёти 1,5 баробарга ўсиб, ўтган йили 119 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратилди, тадбиркорлар 16 мингтага кўпайиб, 170 минг доимий иш ўрни очилди. 6 миллиард долларлик 826 та янги саноат корхонаси ишга тушди, 5 миллиард долларлик экспорт бўлди. Буларнинг натижасида ўтган тўрт йилда 70 минг, бу йилнинг ўзида 19 минг оила камбағалликдан чиқарилди.
Тошкент вилояти туман ва шаҳарлар сони бўйича республикада биринчи ўринда туради. Ҳудуддаги давлат идораларида салкам 10 минг ходим ишлайди. 1 минг 25 та маҳаллада 6 минг 123 нафар “маҳалла еттилиги” бор. Бу ички имкониятларни ишга солиб, шаҳару қишлоқларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш учун етарли куч экани таъкидланди.
Шундай манзилли ўрганишлар натижасида қўшимча 13 миллиард доллар инвестиция, 500 минг иш ўрни, бюджетга 3,5 триллион сўм тушум қилиш имкониятлари аниқланган. Бу имкониятларни натижага айлантириш учун 22 та туман-шаҳарнинг ҳар бири бўйича ҳукматнинг алоҳида қарорлари чиқиши айтилди.
Вилоятда тадбиркорлик қилишга иштиёқ кундан-кун ошаяпти. Пойтахтдаги корхоналар ҳам инфратузилма яқинлиги, ер, мулк солиғи, ишчи кучи арзонлиги учун Тошкент вилоятидан жой қидираяпти. Шу боис Тошкент, Қибрай, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманлари, Чирчиқ ва Нурафшон шаҳарлари пойтахт туманлари билан ҳамоҳанг ривожланиши кераклиги таъкидланди.
Масалан, Тошкент туманида 97 гектарда индустриал технопарк ташкил қилинади. Унда тадбиркорлар ва банклар иштирокида 350 миллион долларлик юқори қўшилган қийматли лойиҳалар жойлаштирилади. Шунингдек, туманда кўп қаватли уйлар, янги санаторийлар, спорт ва кўнгилочар масканлар қуриш имконияти бор.


Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари, Пискент ва Оҳангарон туманларининг вилоят саноатидаги улуши 50 фоизни ташкил қилади. Улар ёнма-ён жойлашган бўлиб, хомашё захирасига жуда бой. Шу боис бу шаҳар ва туманларда ишлаб чиқаришни кооперация ва кластер асосида ташкил этиш учун мутлақо янги тизим – “саноат учбурчаги” дастури амалга оширилиши айтилди.
Ушбу ҳудудда 1 минг 100 та корхона ишлаяпти. Янги лойиҳалар ҳисобига 2-3 йилда улар 1,5 мингга етади. Бу кооперация натижасида транспорт харажати ҳам, таннархи ҳам камаяди.
Масалан, Олмалиқ комбинати йилига 9 триллион сўмлик маҳсулот харид қилаяпти. Бу – атрофда жойлашган 5 та шаҳар ва туман учун катта имконият экани кўрсатиб ўтилди.
Умуман, йил якунигача хорижий инвестициялар ҳажмини 2 миллиард долларга ва экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш, 661 та лойиҳани якунлаб, 30 минг янги иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилди.
Машинасозлик соҳасидаги талабни тўлиқ таҳлил қилиб, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ҳамда йирик корхоналар билан кооперациясини кучайтириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Тошкент вилоятида ер ва сув мўл. Лекин 1 гектардан ўртача даромад бошқа вилоятларга нисбатан кам. Сўнгги уч йилда вилоятдаги 21 минг гектар ер деҳқончилик учун 57 минг аҳолига берилган.
Мева-сабзавот экспорти ҳам ўтган йилгича бўлмаган. 2 минг 200 гектар самарасиз боғ ва токзор ҳисобига йилига 10 миллион доллар экспорт йўқотилаяпти. Сув тежовчи технология бўйича Тошкент вилояти энг охирги ўринларда.
Шу каби камчиликлар сабабли вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари вазифасидан озод этилди.
Боғдорчилик бўйича янги тизим асосида Оҳангарон ва Бўстонлиқдаги тоғолди ерларда малина ва голубика плантацияси, Паркент ва Оҳангаронда узум ва гилос боғлари ташкил қилиниши айтилди. Ангренда анор шарбати ишлаб чиқариш, Оҳангарон туманида олхўрини қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бу йил ҳам Тошкент вилоятидаги оилаларга деҳқончилик ва боғдорчилик учун қўшимча 5 минг гектар ер берилади.
Умуман, вилоятни боғдорчиликда намунали ҳудуд қилиб, экспортни 300 миллион долларга етказиш бўйича кўрсатма берилди.
Йиғилишда камбағалликни қисқартириш масалалари ҳам таҳлил қилинди.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида 63 мингта камбағал оила қолган бўлиб, уларнинг 190 минг нафар аъзолари меҳнатга лаёқатли. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида келаси йили вилоятда 116 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш режалаштирилган.
Лекин бу етарли эмас. Масалан, Тошкент вилояти кичик бизнес орқали аҳолини ишли қилиш бўйича республикада энг охирги ўринда. Вилоят саноатининг атиги 25 фоизи кичик бизнесга тўғри келади. Шу боис тадбиркорликни ривожлантириб, аҳолига даромад манбаи яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Бунинг учун бир йил ичида “Сайхунобод” тажрибаси асосида 27 минг, “Зарбдор” тажрибаси асосида 8,5 минг, “Уйчи” тажрибаси асосида 39 минг, “Ғиждувон” тажрибаси асосида 10 минг камбағал аҳолини банд қилиш вазифаси белгиланди.
Кичик тадбиркорлик лойиҳалари учун ажратиладиган 1 триллион сўм имтиёзли кредит ва 32 миллиард сўм субсидиялар натижасида 30 минг аҳоли тадбиркорликка жалб қилинади.
Кейинги пайтларда Тошкент вилоятидан хорижга арзон ишларга кетганлар 30 мингга камайган. Лекин ҳали 158 минг киши чет элда меҳнат қилаётгани қайд этилди.
Энди Миграция агентлиги фаолияти такомиллаштирилиб, аҳолини хавфсиз ва юқори даромадли иш билан таъминлаш бўйича янги ёндашувлар жорий этилади. Чет элда мавсумий ишлаб қайтган ва яна кетиш истагида бўлган кишиларга юқори даромадли касблар ўргатилади. Касб-ҳунари борлар хорижий тилларга ўқитилади.
Гўзал табиати, қулай инфратузилмаси бор Тошкент вилоятида туризм салоҳияти юқори. Лекин таклифга нисбатан талаб кўп бўлгани сабабли нархлар қиммат. Туризм масканларини кўпайтириб, хизматлар ҳажмини 2 карра ошириш, 10 миллион сайёҳни жалб қилиш имконияти борлиги қайд этилди. Мутасаддиларга келгуси йил учун 1,5 миллиард долларлик лойиҳаларни шакллантириш топширилди.
Йиғилишда қиш мавсумига тайёргарлик, энергия истеъмоли масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Йирик корхоналарда энергия сарфи юқори ускуналарни тежамкорига алмаштириш, маҳаллаларни иссиқлик билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Тошкент вилояти, шаҳар ва туман ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари йиғилишдан хулосалари ва келгуси режалари юзасидан ахборот берди. Давлатимиз раҳбари аҳоли вакиллари билан самимий мулоқот қилди.

Манба: President.uz

МАВЗУГА ОИД

ЧОРВА ҲАЙВОНЛАРИ ИДЕНТИФИКАЦИЯ ҚИЛИНАДИ – БУНИНГ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА?

admin

ГАЗГА НОҚОНУНИЙ УЛАНГАНЛИКНИНГ ЗАРАРИ 41 783 678 СЎМ

admin

ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ — ТАРБИЯНИНГ ИЛК ЎЧОҒИ

admin

КОНЧИ-МЕТАЛЛУРГЛАР КАСБ БАЙРАМЛАРИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

admin