Таъкидлаш керакки, партиямиз қонунларни ижро этиш жараёнида уларга нисбатан ҳар қандай формал муносабатда бўлиш ва бунинг натижасида адолатга путур етказиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишни ўзининг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгилайди. Қонунларни самарали ижро этиш ва адолатни таъминлаш эса ҳуқуқий-демократик давлатнинг зарурий шарти ҳисобланган адолатли, мустақил одил судлов фаолиятига бориб тақалади.
Шундан келиб чиқиб, партия ҳуқуқий давлат барпо этишда, энг аввало, адолатли ва мустақил суд тизимини яратишни мақсад қилган. Бу борадаги энг муҳим ташаббусларимиздан бири судьялар сонини кўпайтириш ва уларнинг ихтисослашувини кенгайтириш ҳисобланади.
Бугунги кунда айрим ҳолларда судьянинг ўртача иш ҳажми бир неча юзлаб суд ишлари ва материалларни ташкил этмоқда. Бу эса ўз навбатида судлар томонидан ишларни кўриш муддати ва сифатига салбий таъсир ўтказмоқда.
Статистик рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2023 йил давомида жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судида 58 418 та жиноят иши, 600 966 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган. Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судлар 943 892 та, иқтисодий судлар 271 748 та ишни кўриб чиққан.
Бунинг натижасида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судининг бир судьяси бир ойда ўртача 200 га яқин ишни, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судининг судьяси 300 га яқин, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судининг судьяси эса 200 га яқин ишни кўриб чиқишига тўғри келмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, бир судья бир ойда АҚШда ўртача 40 та, Канадада 50 та, Японияда 10 та, Германияда 15 та ва Буюк Британия 20 та иш кўради.
Ҳозирда шиддат билан ўзгариб бораётган замонда айрим тоифадаги ишлар борки, судьялардан мазкур ишларни ҳал қилишда нафақат чуқур юридик билимларни, балки бошқа соҳалар бўйича ҳам кўникмаларни ҳам талаб этади. Масалан, интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича судья бўлиш учун юқори малакали ҳуқуқшунос бўлишнинг ўзи камлик қилади, техника, рақамли технологиялар соҳалари бўйича ҳам билимлар керак бўлади.
Шу боис, судьялар ресурсидан оқилона фойдаланиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлар сансалорлигини олдини олиш учун судьяларнинг соҳалар бўйича ихтисослашувини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид йўналишлар мураккаблигига кўра ихтисослашувни талаб этади. Агар, хорижий тажрибага қараладиган бўлса, меҳнат судлари Германия, Францияда, интеллектуал судлар Япония, Жанубий Кореяда самарали фаолият кўрсатмоқда.
Шунинг учун ҳам ҳозирда энг долзарб бўлган соҳалар, яъни меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича судьялар ихтисослашувини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Партиямиз томонидан илгари сурилаётган ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, буни қуйидагича асослаш мумкин:
Биринчидан, айрим туманларда ташкил этилган фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар бошқа туман аҳолисига анча ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Мисол учун, Жиззах вилоятида ташкил этилган фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судига Мирзачўл ва Арнасой туманлари аҳолиси ҳам фуқаролик ишлари юзасидан мурожаат қилишади. Шу боис, ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.
Иккинчидан, бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларининг иш ҳажми жуда катта. Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди бир йилда ўртача 10 мингга яқин иш кўрган бўлса, ўртача 4 мингга яқини Бухоро тумани билан боғлиқ ишлар ташкил этса, қолган қисми эса Бухоро шаҳри билан боғлиқ фуқаролик ишлари ташкил этади. Ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаровий низолар сони салмоқлидир.
Шу билан бирга, партиямиз томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча сарсонгарчилигининг олдини олиш мақсадида давлат органи ва улар мансабдор шахсларининг қарори ва хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан маъмурий судга шикоят қилишда низоларни судгача ҳал қилиш тартибини жорий қилиш, шунингдек, маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув тартибини йўлга қўйиш таклифи ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Дастлабки эшитув босқичи демократик ва мақбул институт бўлиб, унинг жорий этилиши маъмурий суд ишларини юритиш учун конструктив ечим бўла олади.
Жаҳон амалиётида (АҚШ, Германия) кенг қўлланилаётган дастлабки эшитувнинг самарали ва ижобий жиҳатларидан бири аризани иш юритишга қабул қилишда тарафларнинг тортишуви принципига амал қилинишига ва юқорида баён этилган шароитда судья тарафларнинг фикрларини эшитиши ва инобатга олиши, агар эътирозлар бўлса, у ўз ажримида асослаб бериш имконини беради.
Шунингдек, дастлабки эшитув институти томонларга ҳам асосий суд муҳокамасига яхшироқ тайёргарлик кўриш имконини беради. Хусусан, томонлар зарур ҳужжатларни, гувоҳларни ва далилларни олдиндан тайёрлашлари мумкинлиги, иш юзасидан ўз позициясини аниқроқ ва тизимли равишда асослаш имкониятини тақдим этади.
Шу нуқтаи назардан, маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув тартиби муайян иш бўйича муҳим далилларни эрта аниқлаш орқали ишни ҳар томонлама баҳолашга ёрдам беради. Бу эса суд қарорларининг янада асосли ва адолатли қабул қилинишига замин яратади ва, ўз навбатида, фуқароларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Шу билан бир қаторда, маъмурий судга шикоят қилишда низоларни судгача ҳал килиш тартибини жорий қилиш ташаббуси ҳам муҳим аҳамият касб этиб, низоларни муносиб ва муқобил ҳал қилиш борасида қатор имкониятларни беради.
Аввало, юқорида қайд этилганидек судьяларнинг иш юкламаси катталиги ишни сифатли, ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқишга таъсир қилиши мумкин. Бундан ташқари, низоларни муқобил ҳал қилиш, хусусан, судгача низоларни турли механизмлар асосида ҳал қилиш тенденцияси жаҳон амалиётида ҳам, миллий қонунчилигимизда ҳам ўзининг ижобий жиҳатларини намоён этмоқда. Бу, ўз навбатида тарафлар учун ҳам қатор енгилликларни назарда тутиб, ўзлари учун мақбул ечимларга келиш имкониятини ҳам беради.
Албатта, мазкур ташаббус фуқаролар учун ҳам бир қатор қулайликларга эга. Жумладан, судгача низони ҳал қилишда суд харажатлари ва давлат божининг мавжуд эмаслиги фуқаронинг ортиқча сарф харажат қилишининг олдини олишга, низоларнинг тезкорлик билан ҳал этиш асосида манфаатдор шахслар вақтларини тежалишига имкон яратади.
Маъмурий ишларни кўриб чиқишда мазкур институтнинг жорий этилиши судлар юкламасини камайтиришга, харажатларни оптималлашишига, низоларни ҳал қилиш жараёнини тезлашишига, асосли қарорлар қабул қилинишига, бир сўз билан айтганда суд-ҳуқуқ тизимининг янада самарали фаолият юритишига хизмат қилади.
Умуман олганда, мазкур тизимни жорий этиш мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада одил судлов механизмларини кенг жорий этиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Адолатли жамиятни биргаликда қурамиз! Адолат партиясининг номзодларига овоз беринг!
Дилмурод Исмаилов,
Надира Рашидова,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутатлигига номзодлар.