ТИЛ ХАКИДАГИ УЙЛАР…
-Ало, моши-моши…
-Моши-моши, ҳай
-Рина Сан конничива, ассалому алейкум!
-Ассараму арейкум! (Японларда “л” ҳарфининг ўзи йўқ, “л” нинг ўрнига “р” талаффуз қилинади)…
Яқиндан бери Ўзбекистонга келиб она тилимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уни ўрганаётган 23 ёшли япон қизи- Рина Сан билан илк суҳбатимиз шу тариқа бошланди. Дарвоқе, Рина Сан хақида. Қаҳрамонимиз Япониянинг Аичи шаҳридан, у ўша ерда юқори мактаб ўқувчиларига япон тилидан сабоқ бериб келади. Ўзбекистонга келганига 2 ой бўлган бўлса-да, Рина хоним ўзбек тилига юқори даража қизиқиш билдириб, Ўзбекистон-Япон тили марказида ўзбек тилини ўрганиб келмоқда.
-Мени мафтун қилган мамлакатлар рўйхатида биринчи — Ўзбекистон номи туради. Бу ерга келганимда илк ҳайратланган воқелик метрода, автобусда бўлган. Ҳар қанча йўл узоқ бўлмасин, агар салонга кексароқ, ёши катта ва ёки аёл киши чиқса унга ўз жойини бўшатиб берган йўловчиларни кўп кўрдим. Умуман, одамларнинг бир-бирларига бундай муносабати, оқибати нафақат менда, балки Ўзбекистонга келган кўплаб японларда ҳайрат уйғотган. Кейин яна бир ҳолатга кўпроқ ҳайратланганман. Японияда қиш фасли кириб келса одамлар кўпроқ оч рангли кийимлар кийишади. Аммо мамлакатингизда сал бошқачароқ экан. Одамлар қишда кўпроқ тўқ рангли кийимларни кийишар экан.(Жилмаяди).
-РИНА САН, МАНА, СИЗ ЎЗБЕКИСТОНГА КЕЛГАНИНГИЗДАН БУЁН ЎЗБЕК ТИЛИНИ ЎРГАНЯПСИЗ. АЙТИНГЧИ, ТИЛИМИЗДА ҚАЙСИ СЎЗНИНГ ТАЛАФФУЗИ СИЗДА ҚИЙИНЧИЛИК УЙҒОТЯПТИ ВА ҚАЙСИ СЎЗ СИЗГА ХУШ ЁҚАДИ?
-Япон тилида учта алфавит бор — катакана, хирагана ва канжи. Канжида иероглифлар ифодаланади. Япон тилидаги ўзак сўзлар хираганада ёзилса, халқаро ёки бошқа тилдаги сўзлар айтилганида катакана алфавитидан фойдаланилади. Биласизми, япон тилида “Л” ҳарфи бўлмагани учун биз бу ҳарфни айтишга бироз қийналамиз. Шунинг учун “Л” кўпроқ бўлгани учун “Ассалому алайкум” сўзини айтишда бироз қийналишимни яширмайман. (кулади).
Ўзбек тилидаги энг машҳур сўзлардан бири бу “Ош” бўлса керак. Ҳали мамлакатингизга келмай туриб маълум-у машҳур бу таом хақида билардим. Японлар ошни “Пурафу” дейишади, яъни русча “плов”ни японлар ўз талаффузида “Пурафу” га ўзгартиришган. Лекин менга ош дейиш қулай. Ва бу сўзни ҳам, таомни ҳам жуда завқ билан айтаман, таомдан баҳраманд бўламан.
-АЙТИНГЧИ, ХАЛҚИМИЗНИНГ ЎЗ ОНА ТИЛИГА МУНОСАБАТИ ҲАҚИДА НИМА ДЕЯ ОЛАСИЗ?
-Ўзбек ёшлари қўшимча, хорижий тилларни ўрганишга кўпроқ тиришадилар, бу яхши. Аммо уларнинг баъзида ярим ўзбек, ярим рус сўзларидан фойдаланган ҳолда муносабатга киришишларини бироз оқламайман. Кейин яна бир нарса агар бирор бир аудиторияда ўтирганларнинг 2 ёки 3 таси русий забон бўлса бўлди русча мулоқот тури танланар экан. Бунинг устига ҳеч кимдан сўраб ўтирмаган ҳолда. Гарчи Японияда давлат тили қонун билан кафолатланмаган бўлса-да, бу борада ўзига хос тартиб ва критериялар мавжуд. Масалан, сиз Японияга хоҳ ишга, хоҳ ўқишга борасизми, япон тили бўйича маълум бир даражангиз бўлиши талаб этилади. Энг юқори даража — “ИККЮ”- биринчи даража, “НИККЮ” -иккинчи даража, “САНКЮ”-учинчи даража.
-РИНА САН, КЎПЛАБ ФОТОСУРАТЛАРИНГИЗНИ КЎРГАНИМДА СИЗНИНГ АЛЬПИНИЗМ БИЛАН ҚИЗИҚИШЛАРИНГИЗНИ КЎРДИМ, КЕЛИНГ, БИЗГА ШУ ҲАҚДА, УМУМАН ХОББИЛАРИНГИЗ ҲАҚИДА ҲАМ ГАПИРИБ БЕРСАНГИЗ.
-Эверестни забт этиш болаликдан буён мени тарк этмайдиган орзу. Альпинизм билан 10 ёшимдан буён шуғулланиб келаман. Буни қарангки, мазкур спорт тури билан шуғуллана бошлаганимдан сўнг ўзимда кучли энергияни, мотивацион руҳни ҳис қиламан. У менга орзу ва мақсадларимни бирма бир амалга ошириш йўлида қанот бамисоли.
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
…Бугун дунёда 60 миллионга яқин одам сўзлашаётган ўзбек тили сўзлашувчиларининг сони бўйича қардош тиллар ичида 2-ўринни эгаллаб, жаҳондаги энг йирик 50 та тилнинг бири ҳисобланади.
Ҳозирда бу тил дунёнинг 70 дан ортиқ университетларида ўрганилмоқда, ўқитилмоқда. Бугун Қўшма штатларнинг қайсидир аудиториясида инсонлар ўзбекча калом билан саломлашмоқда, миллати, эътиқоди бошқа одамлар дуторда “Тановар”ни айтмоқда. Рина Сан каби кунчиқар юрт вакиллари ороллар оша ўзбек диёрига келиб она тилимизга чексиз ҳурмат кўрсатиб, уни ўрганмоқда. Рина Сан ўз юртига қайтиб кетганида у ерга бориб ўзбек тилининг тарғиботи билан шуғулланишни ният қилган. Тилимизни бошқалар эъзозлаганда, эҳтиром кўрсатганида нега ўзимиз ардоқламайлик?!
Мақола сўнггида кичик бир луқма тарзидаги танқид.
Ҳар йили 21 октябрь санасига бағишланадиган умумий манзара шундай бўлади: қайсидир филолог ёки шу соҳанинг бирорта “масъули” чиқиб маърузабозлик қилади, ёшлар бирорта чопонни елкасига илиб, сохта соқолни қўйиб “Навоий бобо” ролини ўйнайди. Тил устози ёзиб берган ашъорни тутилиб тутилиб ўқийди.Тиллақошдаги Гули чиқиб Навоий байтларини айтади. “Тилга эътибор-элга эътибор” тарзидаги мақоллар айтилади. Шу билан гўёки бизнинг тилга бўлган ҳурматимиз ифодаланади…Аммо аслида ҳам шундаймикан?
Ўзбек тилининг мақоми бундан 35 йил муқаддам Қонун билан мустаҳкам тарзда кафолатлаб қўйилди.Бу Қонунни ҳурмат қилиш мезони тадбирбозлик билан ўлчанмайди, Навоийнинг туғилган йилини “соткаларининг рақамлари бўлса керак” дегувчи ёшларнинг рубоийларни чала-чулпа айтиши билан унинг равнақи ортиб ҳам қолмайди, азизлар. Бу борада янгича ёндашсак сиз нима дейсиз?
Нима бўлганда ҳам йўргаклигимиздаги илк сўз шу она тилимизда жаранглаган.
Дилафрўз Эгамбердиева.