2022 йил 24-25 ноябрь кунлари Ангрен шаҳрида жиноий гуруҳ — А.Б. ва А.О. бошчилигида “Оппартак” маҳалласида тил бириктириб, Раинисо Хатамбаевага тегишли 4 млн 600 минг сўмлик икки бош қўйни ўғирлади. Ушбу ҳодиса, жиноий гуруҳ фаолиятининг бошланиши эди.
Кейинчалик, 2023 йил 20 июлда A.O. «Indigo» боғчаси олдида Фурқат Мадусмоновга тегишли 30 млн сўмлик 7 бош қўй ўғирланди. 2023 йил 28 октябрь куни эса Рахмонжон Мавляновнинг 25 млн сўмлик 10 бош қўйи ҳам «шумо» қилинди.
Ушбу гуруҳ 2023 йил 7 ноябрь куни А.А., А.О. ва А.Ж. биргаликда Бахтиёр Умаровга тегишли 22 млн сўмлик 2 бош буқани ҳам ўғирлашди. Шу йилнинг 12-13 декабрь кунлари Ўткир Мисировнинг 20 млн сўмлик 7 бош қўйи, 2024 йил 25-26 февраль кунлари жиноий гуруҳ Хуршида Абдирасулованинг 20 млн сўмлик бир бош буқа ва бир бош сигирини ўғирлашди. Ўғриларнинг қилмишлари шу ерга келганда фош этилди ва қонун ўз ҳукмини айтди.
Суд мажлисида судланувчи А.Д. тергов органи томонидан эълон қилинган айбловларга тўлиқ иқрор бўлди. Суҳбат давомида мол ўғирлаб, пул топишни аввалдан режа қилганларини ҳам судга маълум қилди.
Суд барча тарафларни эшитиб қарор, судланувчиларга қуйидагича ҳукм ўқиди:
Судланувчи А.Д. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, ушбу модда билан ЖКнинг 57-моддаси қўллаб, 4 (тўрт) йил 5 (беш) ой 14 (ўн тўрт) кун озодликни чеклаш жазосини;
А.О. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 4 (тўрт) йил 5 (беш) ой 15 (ўн беш) кун озодликни чеклаш жазоси;
А.Л. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўллаб 4 (тўрт) йил 6 (олти) ой озодликни чеклаш жазоси;
У.Ё. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан айбдор деб топилиб, ушбу модда билан унга 3 (уч) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Судья томонидан судланувчига агар озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкинлиги тушунтирилди.
Б.Юсупов,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди судьяси.