Комбинат 75 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда унга илк бор ким томонидан тамал тоши қўйилгани қизиқ албатта. Тарих қандай бўлмасин уни борича қабул қилишимиз керак. Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг шаклланишида “Олтин-Топган” кони ўзак, негиз ҳисобланади. Тарихан олиб қараганда, ушбу коннинг тамал тоши Сталин томонидан имзоланган қуйидаги ҳужжат орқали қўйилган десак тўғри бўлар.
Зотан, тарихни бўрттириш ҳам, қоралаш ҳам ва ёки бошқача талқин қилиш бизга хос эмас.
КОН-ҚИДИРУВ ИШЛАРИ-100 ЙИЛЛИК ТАРИХ
Комбинатга оид илк кон-қидирув ишлари 1924 йилда Олмалиқ-Ангрен ҳудудларида фойдали қазилмаларни қидириш ишларидан бошланган. 1925 йилда геолог С.Машковцев биринчи бўлиб оксидланган рудаларнинг “Қалмоққир” да чиқарилишини тавсифлади. Кейинчалик, яъни 1927 йилда эса геолог Б.Наследов томонидан геология-қидирув ишлари бошланган.
ОКМК: ИЛК ТАМАЛ ТОШИ СТАЛИН ТОМОНИДАН ҚЎЙИЛГАНИ ҲАҚИҚАТМИ?
Мана шу 100 йиллик тарих давомида Олмалиқ кон-металлургия комбинати мис-молибден, рух-қўрғошин, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ҳмда уларни қайта ишлаш бўйича нафақат мамлакатимизда мустаҳкам мавқега эга бўлиш учун курашди, шу билан бир қаторда ОКМК дунёдаги 30 та, яъни мис маҳсулотларини қазиб олувчи ва уни ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар сафидан ҳам ўрин олди.
ЭРТА БУГУНДАН
БОШЛАНАДИ
Бугун нафақат минтақада, балки дунё саноат бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб бораётган Олмалиқ кон-металлургия комбинати дунё трендида йирик ишлаб чиқариш локомотиви, драйвери сифатида эътироф этилмоқда. Бу шунчаки эътироф эмас. Унинг ортида 75 йиллик шонли йўлни босиб ўтган комбинатнинг тарихи мужассамдир.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати рангли, нодир ва қимматбаҳо металлар қазиб чиқаришда етакчи. Мамлакатимиз ялпи саноат маҳсулотининг 5 фоизи, саноат маҳсулотлари экспортининг 6 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам саноат гуллаб яшнаётганидан далолатдир.
Биргина ўтган йилнинг ўзида 148 минг тонна мис, 17 тоннадан зиёд олтин, 162 тонна кумуш ишлаб чиқарилган. 1 миллиард 100 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 662 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Бугун дунёдаги энг йирик конлар Жанубий Америкада, Чилида жойлашган. Комбинат таркибидаги кон қувватлари ишга тушса биринчиликни биз олишимиз шубҳасиз. Бизда мана шу биринчилик сари ташланган қадамлар бор: “Ёшлик 1” инвестициявий лойиҳаси доирасида қурилаётган МБФ-3, МБФ-4 сўзсиз бунга мисолдир.
Бугун бизнинг комбинат очиқ кон ва ер ости маъданларини қазиб оладиган, бойитиш ва олтин саралаш фабрикалари, металлургия заводлари, йирик энергия ва транспорт тизимлари, ривожланган инфратузилмалари ва ижтимоий соҳа объектларини бирлаштирган ноёб саноат мажмуасига айланди. Мамлакатимизнинг Тошкент ва Сурхондарё, Наманган вилоятларида жойлашган 45 та таркибий бўлинмаларимизда 36 минг нафардан ортиқ киши меҳнат қилиб келмоқда. Комбинат дунёнинг 20 га яқин мамлакатига 17 турдан ортиқ маҳсулот экспортини амалга ошириб келаётгани қувонарли, албатта.
Шонли тарих йўлини босиб ўтган комбинат шу кунларда ўзининг 75 йиллик юбилейини нишонламоқда. Фурсатдан фойдаланиб, ҳамиша аҳил ва жипс комбинат жамоасини самимий табриклаб, ҳар бир суръат, ҳар бир рақам ортида шубҳасиз сизнинг матонатли меҳнатингиз борлигини ва бу заҳматнинг қадри ҳамиша баланд эканлигини билдириб қоламиз!