Ўлкамизда ноябрь ойининг бошланиши об-ҳавонинг кескин пасайиши оқибатида иссиқликка, табиийки, газга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Кўп қаватли уйда яшовчи аҳолининг кўпгина қисми уйни иситиш муаммосига дуч келади ва бу муаммони осонгина ҳал қилиш йўлини топиб, хонадондаги газ плиталаридан ёки хўжалик дўконлари, бозорлардан “Эрон”, “Украина” русумли печлардан техник хавфсизлик қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда ўзбошимчалик билан фойдаланишади.
Куз-қиш мавсумига ўтишдаги мана шу даврнинг хавфлилиги шундаки, кўп қаватли уйлардаги аҳолининг марказлаштирилган иссиқлик тизими берилгунига қадар исиниш мақсадида газ плиталаридан фойдаланишидир. Чунки, газнинг узоқ вақт шамоллатилмаган (иссиқлик ташқарига чиқиб кетмаслиги учун эшик ва деразаларни ёпиб қўйиши оқибатида) хонада ёниб туриши натижасида хонага ис гази тўпланади.
Таркибида 0,1 фоиз ис гази мавжуд бўлган ҳаводан нафас олиш инсонни ўлим ҳолатига олиб келади. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида:
- Газ плиталаридан исиниш мақсадида фойдаланманг;
- Газ плиталаридан фақат овқат пишириш ва чой қайнатиш мақсадидагина фойдаланиш кўзда тутилган;
- Газ жиҳозлари ўрнатилган хонада ухламанг ва дам олманг;
- Газ сизиб чиқишини аниқлаш учун олов ёқиб текширманг;
- Ошхона ромлари ва вентканалларини (целлофан клеёнкалар билан) беркитманг;
- Газ жиҳози мавжуд ёки газ қувури ўтган хонадан газ ҳидини сезсангиз, светни ёқманг, ёқилган бўлса ўчирмай, эшик ва деразаларни очиб, сўнг 70-61-4-27-16 ёки 104 телефон рақамларига қўнғироқ қилинг.
Куз-қиш мавсумини беталофат, йўқотишларсиз, бахтсиз ҳодисаларсиз ўтказишимизда сизу биз масъул эканлигимизни унутмайлик.
Ж.Абдугаппаров,
“Олмалиқшаҳаргаз” ГТБ бошлиғи.