Тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги ва биродарлиги, бу икки қўшни давлатларнинг икки томонлама фойдали ҳамкорлиги, бундай ўзаро муштараклик турмуш тарзида, урф-одатларда, таом ва либосда, оилавий муносабатларда яққол кўзга ташланади. Бу асло тасодиф бўлмай, маданий алоқалар, жуда қадимий тарихга эга бўлган тожиклар ва ўзбеклар ҳамкорлиги минг йилликлар давомида шаклланиб, тарихнинг турли синовларидан ўтган.
Тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги узоқ тарихга эга бўлиб, бу икки қўшни халқ асрлар давомида бир заминда яшаб, бир-бирларининг шодлик ва қайғуларига шерик бўлиб келганлар. Бу эзгу анъаналар мамлакатларимиз мустақиллиги даврида ҳам давом этди ва Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг октябр ойида қайта тикланди. Бугунги кунда ҳар икки давлатда дипломатик алоқалар ўрнатилгани муносабати билан ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги ва биродарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, дўстона муносабатларни қайтадан йўлга қўйишда икки давлат раҳбарлари – Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари беқиёс. Улар ўзаро қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида мулоқотлар ўтказиб, мавжуд муаммоларни бартараф этдилар ва икки томонлама ҳамкорликни муроса йўли билан ривожлантириш икки давлат тараққиётининг муҳим омили эканини эътироф этиб, уларни амалга ошириш учун ватанпарварлик ташаббусларини илгари сурдилар, тарихий ютуқларни мустаҳкамлаш йўлида қўшимча чора-тадбирларни йўлга қўйдилар.
Президентимиз Ш.Мирзиёев 2018 йилнинг март ойида Тожикистонга илк давлат ташрифини амалга ошириб, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди ва давлат раҳбарлари ҳамкорликнинг муҳим масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда қўшма келишувларни имзоладилар. Шу асосда нафақат чегаралар очилди, балки Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамланиб, давлатлараро ва идоралараро ҳамкорликка оид 26 та ҳужжат имзоланди. Ушбу имзоланган ҳужжатларнинг ҳар бири икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнади. Бу орқали иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳамкорликлар йўлга қўйилиб, қисқа вақт ичида иқтисодий-савдо кўрсаткичлари, товар айланмаси ва маҳсулотларни сотиш ҳажми икки мартага ошди.
Ўзаро ҳамкорликларни кучайтириш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йилнинг август ойида Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон давлат сафари билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ва мулоқотлар ўтказди. Эмомали Раҳмоннинг расмий сафари чоғида 27 та давлатлараро ва идоралараро келишувлар, жумладан, “Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликка оид битим” имзоланиб, бу икки томонлама муносабатларимизни ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарди. Мазкур муҳим ҳужжат ва имзоланган бошқа ҳужжатлар асосида қўшма корхоналар ташкил этиш, ўзаро тажриба ўрганиш, савдо марказлари бунёд этиш ва маданий гуманитар тадбирларни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди ва икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми бир неча марта ошди.
Бугунги кунга қадар турли давлат ва хусусий тузилмалар ўртасида 200дан ортиқ шартнома ва келишувлар имзоланган бўлиб, уларнинг ҳар бири икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.