Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Олмалиқ кон-металлургия комбинати 75 йиллиги муносабати билан «Металлург» маданият саройида тантанали байрам тадбири ўтказилди.
Унда мамлакатимиз ва Тошкент вилояти фаоллари, меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ОКМКнинг ҳамкор коппаниялари вакиллари, хорижий давлатларнинг элчилари, кончилик соҳасида самарали фаолият юритаётган илғор ишчи-ходимлар, олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Дастлаб, Президентимизнинг «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти жамоасига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди.
Хорижий ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари ҳамда мамлакатимиздаги турдош корхоналарнинг масъуллари ҳам ОКМКнинг 75 йиллиги муносабати билан ўз табрикларини билдиришди.
Тадбир меҳмонлари 3-мис бойитиш фабрикасида ҳам бўлиб, фабриканинг қурилиш жараёни билан танишдилар. Шунингдек, шу куни ОКМК спорт мажмуасида концерт дастури ўтказилди. Концерт дастури аввалида ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов барчани айём билан самимий муборакбод этди. Бундан ташқари, 7 нафар фаол комбинат ишчи-ходимлари турли даражадаги «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишони билан тақдирланишди.
2 ноябрь куни «Металлург» маданият саройи ва «Ёшлар боғи» ҳудудида ОКМКнинг 75 йиллиги муносабати билан халқ сайли ташкил этилди. Халқ сайлида комбинат таркибий бўлинмалари томонидан ўзига хос техника воситалари, технологик ишлаб чиқариш жараёнида қўлланиладиган ускуналар, макетлар кўргазмаси намойиш этилди. Тадбирда комбинат таркибий бўлинмалар томонидан тайёрланган кўргазмалар танлови ғолиблари аниқланди.
Танловнинг фахрли 3-ўринни 1- ва 3-Мис бойитиш фабрикалари меҳнат жамоалари эгаллашди.
Марказий таъмирлаш механика заводи 2-ўринга лойиқ кўрилди.
Танлов ғолиблиги Технологик транспорт бошқармаси меҳнат жамоасига насиб этди.
Танловнинг мутлақ ғолиблигини Саноат темир йўл транспорт бошқармаси меҳнат жамоаси қўлга киритиб, гран прига эга бўлишди.













ОКМК Ахборот хизмати.