Жорий йилнинг 8 ноябр куни Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг VII чақириқ 1-сессияси бўлиб ўтди. Сессияга қонунчиликка мувофиқ Олмалиқ шаҳар Сайлов комиссияси раиси Баҳодир Ибрагимович Дўсимбетов раислик қилди.
Сессияда 2024 йил 27 октябрь куни Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига янги сайланган 25 нафар депутатларнинг барчаси ҳамда вилоят ҳокимининг вакили Маҳмудов Шукурулла Насимхонович иштирок этди.
Шунингдек, сессияда сектор раҳбарлари, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, шаҳардаги ташкилотлар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар, нуронийлар ва ОАВ вакиллари, шаҳар фаоллари қатнашдилар.
Сессия очиқ деб эълон қилингач, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижро этилди.
Сессия кун тартибига қуйидаги учта масала таклиф этилди ва маъқулланди:
- Халқ депутатлари Олмалиқ шахар Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш ҳақида.
- Халқ депутатлари Олмалиқ шахар Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялари тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш тўғрисида.
- Вилоят ҳокимининг Олмалиқ шаҳар ҳокимини тайинлаш тўғрисидаги қарорини тасдиқлаш ҳақида.
Раислик қилувчи шаҳар сайлов комиссияси раиси сифатида 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтган сайлов якунлари бўйича ахборот бериб ўтди.
Ахборотда қуйидагилар таъкидланди:
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ХVII боб, 92-моддаси, ХХII боб 128 ва 129-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси талабларидан келиб чиқиб жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлиги учун Марказий Сайлов комиссияси томонидан Ангрен, Оҳангарон, Олмалиқ шаҳарлари ва Оҳангарон туманидан иборат 45-“Тошкент вилояти” округи тузилган бўлиб, ушбу округ депутатлигига 5 та сиёсий партиялар томонидан 100% номзодлар кўрсатилди. Сайлов участкаларимиз томонидан бир мандатли ва ягона сайлов округи бўйича овоз бериш натижалари тўғрисидаги якуний баённомаларини тегишли ҳудудий сайлов комиссиясига топширдилар. Ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмади. Бир мандатли ва ягона сайлов округи бўйича натижалар Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлигига сайлов ўтказиш учун вилоятда жами 60 та сайлов округи ташкил этилган бўлиб, шулардан 3 таси, яъни 5-“Кимёгар”, 6-“Олмалиқ” ва 7-“Кончилар” сайлов округлари Олмалиқ шаҳар ҳудудига тўғри келади. Ҳар учала округда 15 нафардан жами 45 нафар шаҳарда обрўли, ҳуқуқий саводхонлиги юқори, сайлов ўтказишда тажрибага эга бўлган ҳамшаҳарларимиз фаолият олиб бордилар. Вилоятга қарашли 3 та округда ҳам 5 та сиёсий партиялар томонидан 100% номзодлар илгари сурилди.
Сайлов ўтказишда малакали кадрлардан иборат жами 15 нафар аъзодан иборат таркибда Олмалиқ шаҳар Сайлов комиссияси тузилди ва бу комиссия Олмалиқ шаҳар Касб-ҳунар мактаби биносида ўз фаолиятини олиб борди.
Олмалиқ шаҳрида сайлов ўтказувчи жами 49 та сайлов участкалари ташкил этилган бўлиб, улардан 3 таси ёпиқ участкалардир. Сайлов участкаларида иш ҳажмидан келиб чиқиб 5 нафардан 13 нафаргача аъзолар тасдиқланиб, жаҳми 520 нафардан ортиқ ҳамшаҳарларимиз фаолият олиб боришди.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлиги учун 25 та сайлов округлари тузилган бўлиб, мазкур сайлов округлари маҳаллаларимиз чегараларини инобатга олиган ҳолда ташкил этилганлиги сайловчилар учун ҳам, номзодлар ва ташкилотчилар учун ҳам қулай бўлди, десак адашмаймиз.
Шаҳар Кенгаши учун тузилган 25 та сайлов округи учун 5 та сиёсий партиялар томонидан 100% номзодлар кўрсатилди. 5 нафардан жаъми 125 нафар номзодлар ўзаро кураш олиб бордилар. Сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари учун тенг шароит ва имкониятлар яратиб берилди.
Сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари шаҳримиздаги маҳаллалар, корхона, ташкилот ва муассасаларда, аҳоли гавжум жойларда жаъми 250 дан ортиқ ўз тарғибот тадбирлари ва сайловолди учрашувларини ўтказдилар.
Сайлов участкаларидаги комиссиялар томонидан ўтказилган хатлов натижаларига кўра шаҳарда жами 84 минг 778 нафар сайловчи рўйхатга олинди. Сайловларда сайловчиларнинг жами 72% сайловчи иштирок этди.
Сайловларнинг шаффофлигини кузатиб бориш мақсадида 5 та сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла) вакилларидан иборат жами 294 нафар кузатувчилар сайловларни кузатиб бордилар. Бундан ташқари сайлов куни оммавий ахборот воситалари вакиллари ва 2 нафар халқаро кузатувчилар 10 дан ортиқ сайлов участкаларида бўлиб, жараёнларнинг ҳаққонийлигини кузатиб борди. Олмалиқ шаҳридаги сайлов жараёнлари ва овоз бериш якунлари бўйича ҳеч қандай шикоят ва аризалар келиб тушмади.
Овоз бериш натижалари тўғрисида тегишли сайлов комиссияларининг қарорлари қабул қилинди.
Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар учун овоз бериш натижаларига кўра тегишли қарор қабул қилиниб, 25 нафар номзод Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутати сифатида рўйхатга олинди.
Сайланган депутатларнинг 32% — аёллардир.
Ёш кесимида: 30 ёшгача — 12%, 30 ёшдан 45 ёшгача — 40%, 45 ёшдан 60 ёшгача — 36%, 60 ёшдан юқори бўлганлар эса -12% ни ташкил этади.
Миллатлар кесимида: Депутатларнинг 92% — ўзбек, 8% бошқа миллат вакиллари.
Маълумоти бўйича: Депутатларнинг 96% — олий маълумотли.
Мутахассислик кесимида: 40% — муҳандис, 24% педагоглар. Иқтисодиёт, ҳуқуқ, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги вакиллари 4% дан иборат. 20% эса бошқа соҳа мутахассиссларидир.
Соҳалар бўйича: 8% — “маҳалла еттилиги”, 24% — таълим ташкилотлари, 12% — партия ходимлари бўлса, 56% — бошқа соҳалардан.
Партиявийлик бўйича: 32% — ЎзЛиДеП, 20% — ХДП, 16% — ЎзМТДП, 16% — “Адолат” СДП, 16% — ЭП ҳиссасига тўғри келади.
Депутатларнинг 4 нафари илмий даража ва унвонга эга бўлса, 7 нафари давлат мукофотлари соҳибларидир…
Шунингдек, комиссия раиси Баҳодир Дўсимбетов шаҳар Сайлов комиссияси номидан сайловларни ташкил этишда ва ташкилий-техникавий таъминлашда фаол қатнашган барча соҳа вакилларига, жамоатчилик фаолларига, нуронийлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларига, халқаро кузатувчиларга, шунингдек, сайловда ўз фуқаровий фаоллигини кўрсатган барча ҳамшаҳарларимизга миннатдорчилик билдирди ҳамда Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг янги сайланган аъзоларига омад тилади.
Сессия кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишга ўтилди. Кун тартибидаги биринчи масала – Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш масаласи кўриб чиқилди. Сайланган депутатлардан иборат партия гуруҳларини рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди.
Кун тартибидаги иккинчи масала – Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низомларини тасдиқлаш ҳақида бўлди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2024 йил 21 октябрдаги КҚ-835-IV-сонли қарори билан Халқ депутатлари Кенгашларининг намунавий Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги намунавий Низом тасдиқланган.
Ушбу намунавий ҳужжатлар асосида Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низомларининг лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу лойиҳалар депутатлар томонидан бир овоздан қабул қилинди.
Кун тартибидаги учинчи масала – вилоят ҳокимининг Олмалиқ шаҳар ҳокимини тайинлаш тўғрисидаги қарорини тасдиқлаш тўғрисидаги масала бўлди.
Маълумки, амалдаги қонунчиликка асосан туман, шаҳар ҳокимлари вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Шу муносабат билан, сўз кун тартибидаги мазкур масала бўйича вилоят ҳокимининг вакили, вилоят ҳокими ўринбосари Маҳмудов Шукурулла Насимхоновичга берилди.
Вилоят ҳокими вакили Тошкент вилояти ҳокимининг қарорини ўқиб эшиттирди.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунда туман, шаҳар ҳокими лавозимига номзод халқ депутатлари Кенгашига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурини тақдим этиши белгилаб қўйилган.
Шу боис, сўз шаҳар ҳокими лавозимига номзод Хамдамов Қобил Муротқуловичга берилди.
Номзод томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастури тақдимот қилинди.
Шаҳар ҳокими лавозимига номзод бўйича депутатлар Абдумажид Шодиев, Севар Қодирова ва Эргаш Абдурайимовлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Сўзга чиққанлар ўтган давр мобайнида шаҳарда олиб борилган ишлар хусусида фикрларини билдириш билан биргаликда, Қобил Хамдамовнинг раҳбарлик салоҳиятига алоҳида тўхталдилар.
Сўнг вилоят ҳокимининг Хамдамов Қобил Муротқуловични Олмалиқ шаҳар ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарорини тасдиқлаш масаласи овозга қўйилди ва бир овоздан тасдиқланди.
Сессия якунида сўз Олмалиқ шаҳар ҳокими Хамдамов Қобил Муротқуловичга берилди. Шаҳар ҳокими аввало мазкур лавозимга қайта ишонч билдирган раҳбариятга ва бир овоздан тасдиқлаган депутатларга, шунингдек, у билан елкама-елка туриб шаҳарни ривожлантиришда хизмат қилаётган барчага миннатдорчилик билдирди. Қобил Муротқулович бу ишончни оқлаш йўлида садоқат билан хизмат қилишини билдирди.
Раислик қилувчи шаҳар ҳокимига шаҳримизнинг тараққиёти ва равнақи, янада гуллаб яшнаши учун Муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган бунёдкорлик ишларини олиб боришда, дастурий режаларни депутатлар, халқимиз билан биргаликда охирига етказишда унга саломатлик, куч-ғайрат ва омадлар тилади.
Сессия кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилганлиги, депутатларда сессияни олиб бориш юзасидан бошқа таклиф ва мулоҳазалар йўқлиги инобатга олиниб, Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг биринчи сессияси ёпиқ деб эълон қилинди.