Image default
Жамият

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ: УЙЛИ БЎЛГАН СЕВАРА

…Севаранинг онаси учта қиз кўрди, учаласининг ҳам оталари бошқа бошқа. 37 ёшли она дом-дараксиз кетди. Пала партиш ҳаёт тарзи, ичкиликбозлик онани нафсга кишандбанд қилганди…

Севаранинг болалик хотиралари кўплаб тенгқурлари қатори ширинликлар, ўйинчоқлар ичида ўтгани йўқ. Бугун ўзи она бўлиш остонасида турган Севара хотираларини титишни аслида ёмон кўради. Нима қилсин, уларда на ранг бор, на болалик изи…
У дастлаб тилла балиқча эди, гўё. Тилла балиқ ўзининг кичкина кўлмагини дунё деб билганни каби Севара ҳам одамлар сарқитини ташлаб кетадиган жойни дунё билди. Бўйи ўсди, ақлини таниди. Қарасаки, оламда бошқа ранглар ҳам бор экан.
Севара 11 ёшида опаси, синглиси билан Бўка туманидаги меҳрибонлик уйига келди. Балоғат ёшига етгунича ўзи, жигарлари ҳаммаси шу ерда бўлишди.
Етимларнинг бошини силаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишга кўмак бериш халқимизнинг энг олий, йиллар давомида унут бўлмай келаётган фазилатидир. Буни давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатида ҳам кўришимиз мумкин. Биргина мисол: Болалаги ахлатхонада ўтган, кейинчалик меҳрибонлик уйида тарбияланиб, бугун ўз шахсий хонадонига эга бўлиб турган фуқаро — Аипова Севара Очиловнага давлатимиз томонидан Олмалиқ шаҳар Бобур МФЙ, A.Навоий кўчаси 15-уйдан умумий майдони 38.95 м2 бўлган хонадон харид қилиниб, таъмирланган ҳамда жиҳозланган ҳолда топширилди.

  • Мен ва менга ўхшаган етимликда катта бўлганларнинг давлат томонидан ғамхўрлик кўриши меҳрнинг, мурувватнинг олий намунаси деб биламан. Онам дом-дараксиз кетганидан сўнг бир неча йиллар узоқ Шарқда бўлган отамни топдим. У ҳозирда менинг хонадонимда яшайди. Турмуш ўртоғим ҳам мен каби меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси. Она бўлиш арафасидаман. Бор кучим, ғайратим билан фарзандимни яхши инсон қилиб тарбиялашга, унга тўлақонли муҳит яратишга интиламан. Бошимни силаб менга бошпана берган давлатимизга, қолаверса, Олмалиқ шаҳар ҳокимлигига ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдириб қоламан -, дейди қаҳрамонимиз.
    P/S: Дунёдаги барча мамлакатларда бўлгани каби, тақдир тақозосига кўра, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож тоифаси, жумладан, етимлар бизда ҳам бор. Давлатимиз уларга доимо ғамхўрлик кўрсатади: болалар боғчаси, мактаб, лицейларда, олий ўқув юртларида, ҳатто ишга жойлашишда ҳам уларга бир қатор имтиёз ва енгилликлар, моддий кўмаклар белгиланган.
    Очиғи, кейинги 10-15 йил ичида бизда бу муаммонинг ижтимоий сабаби ва оқибатлари етарлича ўрганилмади. Шикоят қилган етимларгагина эски ётоқхоналардан бошпана берилиб, масалага юзаки ечим топилди. Уларни доимий, даромадли ишга қўйиш билан ҳеч қайси ташкилот шуғулланмади. Ҳатто, жиноят қилиб, қамалиб чиққанларидан кейин ҳам бундайларни йирик шифохоналарга ўт ёқувчи, юк ташувчи сифатида расмийлаштириб қутулишди. Натижада, уларнинг кўпчилиги Меҳрибонлик уйи ёки коллежни битиргач, кимгадир эргашиб хорижга ишга кетди. Афсуски, хорижда ҳам уларнинг ёнида жонкуяр, яқин кишиси йўқ. Мана шу масалалар ҳам чуқурроқ ўрганилса мақсадга мувофиқ бўларди…
    Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керак:
    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 октябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 656-сонли қарорига асосан, Олмалиқ шаҳрида 2024 йилда уй-жойга муҳтож бўлган жами 10 нафар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш белгиланган.
    Шаҳар ҳокимининг 2024 йил 22 майдаги 11-сонли мажлис баёнига асосан, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга белгиланган Низом талабларига асосан турар жойлар харид қилиш учун шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари бошчилигида шаҳар иқтисодиёт ва молия, статистика, қурилиш бўлими ва «Инсон» ижтимоий хизматлари марказлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди ҳамда харид қилинадиган турар-жойлар аниқланиб, комиссия далолатномаси асосида Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши қошидаги «Халқпарвар» комиссиясига кўриб чиқишлик учун тақдим этилди. Мазкур комиссиянинг 2024 йил 27, 31 май кунларидаги мажлисида етимларга уй бериш масаласи кўриб чиқилиб, ушбу хонадонларни харид қилиш учун ижобий хулосалар тақдим этилди.
    Юқоридаги ҳужжатлар асосида, Олмалиқ шаҳридан иккиламчи бозордан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга 10 та 1 хонали турар жойлар харид қилинди.
    Ана шу харид қилинган хонадонларнинг бирида бугун мақоламиз қаҳрамони — Севара Аипова истиқомат қилиб келмоқда. Келажак ҳақида, туғилган фарзанди ҳақида орзулар билан яшамоқда.

Дилафрўз Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

ИПОТЕКА КРЕДИТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШДА ИМТИЁЗ БОРМИ?

admin

ШОНЛИ ТАРИХДАН ИСТИҚБОЛЛИ МАРРАЛАРГА

admin

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ-МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

admin

ДАВЛАТ ТИЛИГА БЎЛГАН ЭЪТИБОР – МУСТАҚИЛЛИККА БЎЛГАН ЭЪТИБОР

admin