Кеча бир тадбиркор билан кредит масаласида гаплашиб қолдим. Ҳолат шундайки, тадбиркор ўз мулкини гаровга қўйиб бир фуқарога катта миқдорда кредит олиб берган. Фуқаро эса кредитни олиб тўламаган. Оқибатда ҳолат банк кедит таъминоти сифатида қўйилган бинони ҳатлаб уни сотувга қўйишгача боради. Шундан сўнг, тадбиркор барча кредит толовларини тўлаб ўз биносини сақлаб қолади.
Масала шундаки, кейинги босқичда банк ҳисобланган жарима ва пеняларни ундиришни сўраб судга мурожаат қилади ва суд ундирувни яна гаровга қўйилган бинога қаратади. Бу ерда тадбиркор ҳисобланган фоизларни ҳам тўлашга мажбур эдими? Фуқаролик кодексининг 268-моддасига асосан агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаров талабнинг уни қондириш пайтидаги ҳажмини таъминлайди, хусусан фоизлар, неустойка, ижрони кечиктириб юбориш натижасида етказилган зарар тўланишини, шунингдек, гаровга олувчининг гаровга қўйилган ашёни сақлашга қилган зарур харажатлари ва ундирув харажатлари тўланишини таъминлайди деб белгиланган.
Яъни, сиз бирор мулкингизни гаровга қўйиб бошқа бир шахсга кредит олиб беряпсизми, эртага у кредитни тўламаган тақдирда сиз ҳам асосий қарзни, ҳам асосий қарзга ҳисоблаган пеня, жарима ва бошқа зарарларни ҳам гаровга қўйган мулкингиз ҳисобидан тўлашга мажбур бўласиз.
Раъно Масидиқова,
шахар ФҲДЁ бўлими мудираси.