Image default
Жамият

ҲАЛОВАТ ҲАДЯСИ

Ёши улуғ инсонлар уйнинг фариштаси. Баъзан жойларда “Уч авлод учрашуви” тадбирларида ҳаёт тажрибасига эга, жамият ва давлат ҳаётида ўз ўрни бўлган нуронийлар суҳбатини тинглар эканмиз, қалбда бугунги кун шукронаси жўш уради. Мустақилликнинг халқимизга бераётган энг буюк неъмати бўлмиш тинчликнинг нақадар азиз эканлигини англаш учун атрофга назар солишнинг ўзи кифоя.

Ҳаловатга тинчлик билан, офият билан интиламиз. Тинчликка ҳаракат ҳамда бирдамлик билан эришилади. Биз бир миллат бўлиб шу юрт равнақи ва ривожи йўлида бирга ҳаракат қиламиз. Қаранг, юртимиз тинч. Ўқишга, ишга кетаётган фарзанднинг ота-онаси «Болам, яхши ўқиб келгин», «Ўғлим, ишинг бароридан келсин» ёки «Яхши бориб келгин», — дейди. Уруш бўлаётган диёрлардаги ота-оналар эса «Болам, дийдор қиёматга қолмаган бўлса, кўришамиз», — деб фарзандларини кузатади.
Айрим ҳудудларда нотинчлик, беқарорлик, хунрезлик ҳукм сураётган бир вақтда Янги Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталикни таъминлаш учун ҳам ўзаро янада иноқ ва аҳил бўлиб яшашимиз, бирлашиб бир кучга айланишимиз керак.
Бугунги кунда турли зиддиятлар чиқариш ва шу йўл билан ўз ғайир мақсадларига эришишни кўзлайдиган кучлар борлигини ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак. Шундай кучлар бор экан, низоли вазиятларни сунъий равишда вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам тўхтамайди. Бу ҳар бир ақли расо кишидан доимо огоҳлик ва ҳушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан қарашни талаб этади.
Шундай экан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни биз учун ёт бўлган ғоялар таъсирларидан ҳимоя қилиш, ёшларни ўз қатъий қарашлари ва эътиқодига эга, маънавий баркамол этиб тарбиялаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.
Зеро, тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш, тараққиёт бўлади. Мамлакат гуллаб-яшнайди.
Бугун айрим инсонларнинг ношукурлик қилиб, нолиётганликларига гувоҳ бўламиз. Етти мучаси соғ одам бугун ҳамёнида маблағи йўқ бўлса, шунга нолиши керакми?
Бориб, шифохоналарда қўл — оёғи йўқ, ёки хасталаниб, ажалини кутиб ётган беморларни кўрсинлар, шунда қандай буюк неъмат соҳиби эканликларини ҳис қиладилар.
Уй-жойлари эскириб қолганидан нолиётганлар эса, уй-жойсиз, ижарама-ижара ёки олисда Ватангадо бўлиб юрганларни кўрсинлар.
Банда икки қоидани билиб олиши керак, яъни бир инсонга икки қанот керак, биласизми у нима? Бири шукр, иккинчиси сабрдир. Масалан: машаққат устида сабр қилиб, борига шукр қилсак, Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ила енгилликни ато қилади. Енгилликда ҳам шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Бизнинг ҳамёнимиз сабр ва шукр бўлсин.

Муҳиддин Абдуллаев,
шаҳар Маҳалла ва нуронийларни
қўллаб-қувватлаш бўлими.

МАВЗУГА ОИД

ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ МАҲАЛЛА УЧУН ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР ҚИЛА ОЛАДИ?

admin

«МИЖОЗЛАР ҚАРЗДАН ҚЎРҚИШМАЙДИ»

admin

ШАҲАР ПРОКУРАТУРАСИНИНГ 2022 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

admin

ГЕРМАНИЯ ФЕДЕРАЛ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ БОШЧИЛИГИДАГИ ДЕЛЕГАЦИЯ ОКМКГА ТАШРИФ БУЮРДИ

admin