Image default
Жамият

ОЛМАЛИҚ ШАҲАР ҲОКИМИ ХАМДАМОВ ҚОБИЛ МУРАТҚУЛОВИЧНИНГХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ 7-ЧАҚИРИҚ 1-СЕССИЯСИДАГИ ОЛМАЛИҚ ШАҲРИНИ 2025-2029 ЙИЛЛАРДА КОМПЛЕКС ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАСТУРИ БЎЙИЧА АХБОРОТИ

Барчангизга маълум, яқинда ҳурматли Президентимиз Олмалиққа ташриф буюриб, шаҳримизнинг 2025-2029 йиллардаги дастурининг аниқ рақамлар ва муддатлари билан 5 йиллик олдимизда турган вазифаларни эса масъуллари ва йўналишлари кесимида белгилаб бердилар.
Белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда Олмалиқ шаҳрида 2025-2029 йилларда амалга ошириладиган муҳим масалалар тўғрисида тўхталиб ўтмоқчиман.
Ҳурматли юртбошимизга шаҳримиз халқи номидан алоҳида миннадорчилик билдиришни жоиз деб биламан, сабаби ташриф арафасида шаҳримизни ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, унда 2025-2026 йилларда 552,0 млрд. сўмга яқин маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда асосий устувор йўналишларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масаласида келаси 5 йилда бир қанча ишлар амалга оширилади.

Шаҳримизда ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 100% ва оқова сув таъминоти билан таъминланганлик даражаси 70% ни ташкил қилади.
2025-2026 йилларда шаҳарда ичимлик суви ва оқова тармоқларини қуриш ҳамда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 344,7 млрд. сўм маблағлар йўналтирилади.
Жумладан, Сўфи Оллоёр, «Шошилоқ», Увайсий, «Чамбил», «Тошкент», Ҳамза, «Боғаро», Ибн Сино, «Коинот», «Наврўз», «Рамазон», А.Авлоний, Ш.Рашидов, «Намуна», «Гултепа», «Бўстон» МФЙларида 24,8 км узунликдаги оқова тармоқларини реконструкция қилиш учун 100,8 млрд.сўм;
«Ҳилол» ва «Чамбил» МФЙларда 7,0 км сув тармоқларини реконструкция қилиш учун 4,5 млрд.сўм;
Шаҳардаги оқова сувларни тозалаш иншоотини қуриш учун 19 млн. доллар маблағ, йиллар кесимида таҳлил қилганимизда:
2025 йилда 170,1 млрд.сўм;
2026 йилда 174,6 млрд.сўм маблағлар ажратилади.
Юқоридагилардан ташқари шаҳарнинг А.Қаҳҳор ва И.Каримов МФЙлари ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига 16,0 млрд. сўм маблағ эвазига 14,3 км узунликда янги ичимлик сув ва оқова тармоқлари тортилади.
Амалга оширилган ишлар натижасида оқова таъминоти билан таъминланганлик даражаси 85% га етади.
Электр таъминотини яхшилашга 2025-2029 йилларда умумий қиймати 70,6 млрд.сўм режалаштирилган бўлиб, жумладан, 2025 йил 51,0 млрд. сўм, 2026 йил 2,7 млрд.сўм, 2027 йил 3,1 млрд. сўм, 2028 йил 4,0 млрд. сўм, 2029 йил 3,5 млрд.сўм ажратилади.
Натижада, «Ҳилол», «Бўстон», «Кўрпасой», «Намуна», «Олтин», Муқимий, «Олмалиқовул», «Тинчлик», «Чамбил» МФЙларида 54,7 км узунликда тармоқлар реконструкция қилинади ҳамда И.Каримов, А.Қаҳҳор МФЙларига 15,0 км янги тармоқлар тортилади.
А.Қаҳҳор, И.Каримов, «Чамбил», «Олмалиқовул», «Ҳилол», «Бўстон», «Кўрпасой», «Намуна», «Олтин», Муқимий, «Олмалиқовул», «Тинчлик», «Чамбил» МФЙларга 29 дона янги трансформаторлар ўрнатилади ҳамда 120 дона трансформатор мукаммал таъмирланади.
И.Каримов МФЙда 1 дона янги подстанция қурилади ҳамда шаҳардаги 4 дона подстанциялар жорий таъмирланади.
Газ таъминотини яхшилаш ва тежамкор технологияни қўллашга 11,5 млрд. сўм маблағ ажратиш режалаштирилган бўлиб, 2025 йил 2,0 млрд. сўм, 2026 йил 2,3 млрд. сўм, 2027 йил 2,5 млрд. сўм, 2028 йил 2,2 млрд. сўм, 2029 йил 2,5 млрд. сўм ажратилади.
Натижада «Ҳилол», «Бўстон», И.Каримов, А.Қаҳҳор МФЙларда 10,0 км узунликдаги тармоқлар қурилади;
«Гултепа», «Дўстлик», «Ўзбекистон», У.Носир, «Зарбулоқ», «Теракли», А.Қодирий МФЙдаги 40 км узунликдаги тармоқ таъмирланади;
И.Каримов ва А.Қаҳҳор МФЙларга 12 дона янги газ тақсимлаш пункти ўрнатилади;
Муқимий, «Теракли», «Зарбулоқ», «Тинчлик», «Олтин», «Юлдуз», «Кўрпасой», Т.Малик, Чўлпон, «Металлург», «Кимёгар» МФЙлардаги 35 дона газ тақсимлаш пункти таъмирланади;
22 та маҳалладаги 4,5 минг аҳолининг газ таъминоти яхшиланади.
Иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида ҳам бир қанча ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Жумладан, кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминотини яхшилаш учун «Боғаро», «Тошкент», Ибн Сино, «Кимёгар», Чўлпон, Увайсий, «Металлург» МФЙларда 22,0 млрд. сўм маблағ эвазига 17,5 км иссиқлик тармоғи янгиланади;
И.Каримов, А.Қаҳҳор МФЙларда қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида 45,0 млрд сўм маблағ эвазига 5 та янги замонавий локал қозонхоналар қурилади ва 3,5 км узунликда иссиқлик тармоғи тортилади.
Йўллар масаласи тўғрисида гапирганда, Олмалиқ шаҳрида охирги йилларда йўлларимиз шахсан Давлатимиз раҳбари томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига анча яхшиланганлигидан барчамиз хабардормиз.
Лекин, шунга қарамасдан ҳали бу соҳада қилинадиган ишларимиз кўлами катталигича қолмоқда.
Жумладан, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича 2025-2029 йилларда 105,1 млрд. сўм маблағ эвазига 121,0 км узунликда янги йўллар қурилиши ва таъмирланиши режалаштирилган. Шундан:
2025 йил И.Каримов, А.Қаҳҳор, «Чамбил», «Кимёгар», «Металлург» МФЙларига 27,5 км йўл учун 24,1 млрд. сўм;
2026 йил И.Каримов, А.Қаҳҳор, Чўлпон, Увайсий, «Бўстон» МФЙларига 24,0 км йўл учун 21,0 млрд. сўм;
2027 йил «Кўрпасой», С.Оллоёр, А.Қаҳҳор, «Бўстон» МФЙларида 22,5 км йўл учун 19,0 млрд. сўм;
2028 йил «Ҳилол», Муқимий, «Чамбил» МФЙларига 23,0 км йўл учун 20,0 млрд. сўм;
2029 йил «Янги ҳаёт», М.Жалил, «Ойдин», Ҳамза МФЙларига 24,0 км йўл учун 21,0 млрд. сўм ажратилади.
Натижада 21 та маҳалланинг ички йўллари яхшиланади.
Ижтимоий соҳа — тиббиёт, таълимга бўлган эътибор сабабли, охирги 7 йилда 3 та олий ўқув юрти (1 та хусусий) ишга туширилди ва 8 та мактаб таъмирланди. Бунинг мантиқий давоми сифатида ишлар давом этади.
Бизга яхши маълумки, ҳозирда йилига шаҳримизда ўртача 600 нафар ўқувчи кўпайиб бормоқда. Ўз навбатида кўпайиб бораётган ўқувчиларимиз учун етарлича қулай шарт-шароитлар яратишимиз лозим.
Мазкур талабдан келиб чиқиб, 1 та мактаб реконструкция қилинади (21-мактаб), 1 та мактаб (11-мактаб) мукаммал ва 1 та мактаб жорий таъмирланади (1-мактаб).
Ушбуларни амалга ошириш учун 2025 йил 9,6 млрд.сўм, 2026 йилда 10,0 млрд.сўм маблағ ажратилади.
И.Каримов, А.Қаҳҳор МФЙларида жойлашган “Янги Ўзбекистон” массивида 141,0 млрд. сўм маблағ эвазига 990 ўринли 3 та янги мактаб қурилади.
Мактабгача таълим йўналишига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани боис, бугун Олмалиқ шаҳрида боғча ёшидаги болаларнинг қамров даражаси 76,4 %ни ташкил қилди.
2025-2026 йилларда 3 та (2-, 12-, 41-сонли) боғча 14,0 млрд. сўм маблағ ҳисобига реконструкция қилинади. Натижада қамров даражаси 80,5 %га оширилади.
Бундан ташқари, 3 та хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади.
И.Каримов ва А.Қаҳҳор МФЙларида жойлашган “Янги Ўзбекистон” массивида 44 млрд. сўм маблағ эвазига 420 ўринли 2 та янги боғча қурилади.
Ҳурматли фаоллар, барчамизга маълумки, ҳалқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида, устувор вазифалар белгилаб олинди.
2025-2026 йилларда тиббиёт соҳасига 11,3 млрд. сўм маблағ ажратилмоқда.
“Коинот” маҳалласидаги 3-сонли оилавий поликлиника реконструкция қилинади ва “Янги Ўзбекистон” массивида 16 млрд. сўм маблағ эвазига замонавий, барча қулайликларга эга янги оилавий поликлиника қурилади.
Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда 5 нафар шифокорнинг малакасини ошириш режалаштирилди.
Ҳурматли депутатлар, бугун аҳолини камбағалликдан чиқариш шахсан ҳурматли юртбошимиз ташаббуслари билан умумхалқ ҳаракатига айланди.
Йил бошида шаҳарда камбағаллик даражаси 4,8 фоизни (2,6 мингта) ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 1,0 мингта оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 3,0 фоизга (1,6 минг) туширилди.
Йил якунигача 2,8 фоизга, 2025 йилда 2,1 фоизга қисқартирилади.
Бунда, биринчи навбатда уларни тўлиқ хатловдан ўтказиш орқали 750 нафарини иш билан таъминлаш, 325 тасини ўқитиш, 250 тасига кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда 540 тасига бошқа турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилади.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда асосий эътибор камбағал оилаларнинг оила аъзоларини қайта ўқитиб, даромадли касбга йўналтириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга қаратилмоқда.
Сессия иштирокчилари, шаҳримизда инвестиция оқимини кўпайтириш, чет элдан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш борасида сектор раҳбарлари ва инвестицияга масъул бўлган ҳоким ўринбосарининг масъулиятини ошириш орқали эришилади.
Жорий йил якунигача 110 млн. доллар инвестиция жалб қилиниб, 2 800 нафар иш ўринлари яратилади.
Асосан, қурилиш, кимё, электротехника, тоғ-кон саноати ҳамда енгил саноат йўналишларига устуворлик берилади.
2025-2029 йилларда инвестиция дастурлари ижроси таъминланиб, умумий қиймати 2,1 млрд.доллар инвестиция жалб қилинади. Натижада 12 мингта янги иш ўринлари яратилиб, 119,6 млн. долларлик экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва экспорт миқдори бугунги кундаги 62,7 млн доллардан, 850,0 млн долларга оширилади.
Мисол учун:
“Ҳилол” МФЙ ҳудудида 227,4 гектар ер майдонида “HOLLIY GROUP” МЧЖ томонидан “Буюк ипак йўли” индустриал технопарки махсус саноат зонаси ташкил этиш лойиҳаси доирасида умумий қиймати 1,5 млрд.доллар инвестиция жалб қилинади, 100 та янги лойиҳалар ишга туширилади, 8 мингта янги иш ўринлари ва 450,0 млн. долларлик экспортбоп маҳсулотлар яратилади.
“Хилол” МФЙ ҳудудида 33,8 гектар ер майдонида янги ташкил этилаётган Кичик саноат зонасида умумий қиймати 300 млн.доллар инвестиция жалб қилиниб, 25 та янги лойиҳа ишга туширилади, 1 100 нафар янги иш ўринлари ва 75,0 млн.долларлик экспортбоп маҳсулотлар яратилади.

Ҳурматли депутатлар, ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг ўз иқтидорини намоён қилишга шароит яратиб бериш борасида ҳам алоҳида режаларимиз мавжуд.
2025 йил 1977 нафар мактаб, 1105 нафар профессионал таълим, 452 нафар олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш диққат эътиборимизда бўлади.
Бундан ташқари, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида, 712 (5 йилда 3 848) нафар хотин-қизларни касбга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, олий таълимга ўқишга қабул қилинган 10 (5 йилда 50 ) нафар қизларимизнинг тўлов контрактларини тўлаб бериш ва бошқа турдаги моддий қўллаб-қувватлаш масалалари назарда тутилган.
Ҳурматли юртбошимиз айтганларидек, бир оиладан камида бир нафар аёл олий маълумотга эга бўлиши шарт деган тамойилга асосан 2025 йилда 161 (5 йилда 915 ) нафар хотин-қизлар Олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тайёрланади.
Юқорида барча келтирилган маълумотлар ва таклифлар тагида асос бор, рақамлар бор ва энг асосийси, маблағ тўлиқ таъминланган.
Мазкур масалаларни амалга оширишда ҳурматли депутатлар, шаҳримиз фаоллари, нуронийлар, барча муассаса ва ташкилот раҳбарларини ҳамкорликка чақириб қоламан.
Ва ўйлайманки, Сизларнинг ёрдамингиз, кўмагингиз ва қатъий жамоатчилик назорати орқали олдимизга қўйган режаларни тўлиқ бажариб, Олмалиқ шаҳар халқи ва ҳурматли Президентимиз билдирган ишончни биргаликда оқлаймиз.

МАВЗУГА ОИД

«ТУМАН, ШАҲАР САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИ»ДАГИТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҲУДУДИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ ҚАРОРИ

admin

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ 98-СЕССИЯСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

admin

«ОЛАВЕРИНГ, ҚАШШОҚЛАШИБ ҚОЛМАЙМИЗ»

admin

«ОЧИҚ БЮДЖЕТ»НИНГ ҒОЛИБ ЛОЙИҲАЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ

admin