Азиз ватандошлар! Ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида республикамиз ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Сизлардан ушбу тадбирларда фаол иштирок этишингизни сўраймиз. Ёнғин хавфсизлиги қоидалариги доимо қатъий риоя қилиб, болаларни газ, олов ва электр жиҳозлари билан ўйнашларига йўл қўйманг. Уларга ёнғин офатининг аянчли оқибатларини тушунтириш орқали нафақат тадбирнинг фаол иштирокчисиги айланасиз, балки бу билан давлат ва ўз шахсий мулкингизни, хонадонингизни “тилсиз ёв” балосидан асраган, яқинларингиз ва фарзандларингиз хавфсизлигини таъминлаган бўласиз.
Энг бебаҳо неъматимиз бўлмиш ҳаётимизни ёнғиндан асраш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бунинг учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қилиб, зарур чора-тадбирларни ўз вақтида кўриш, давлат ёнғин назорати томонидан тақдим этилган барча камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш лозим.
Ҳамиша ҳушёр бўлиб, ёнғиннинг олдини олиш учун қоида талабларига риоя этишнинг ўзи кифоя.
Пешона теримиз билан ҳалол меҳнат қилиб топган бор мол-дунёйимизни бир неча сонияда кўкка совурилиб, фожеа қурбони бўлмай десангиз, олов билан ўйнашманг.
Ўт балосига учрамаслик учун ҳамиша хушёр бўлайлик, хавфсизлик қоидарига амал қилайлик!
Ш.Шерқулов,
шаҳар ФВБ бошлиғи
ўринбосари,катта лейтенант.
Э.Жумабоев,
шаҳар ФВБ катта инспектори, катта лейтенант.