Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 15 ноябр кунидаги ЎРҚ-999-сонли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206 ва 248-моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг ички ишлар органлари тизимида маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, маънавий ва жисмоний жиҳатдан ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга ҳозирги вақтда республикамизда маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар ўртасида профилактик чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамай, пробация назоратидаги шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бораётганлиги кузатилмоқда. Бу мазкур йўналишдаги ҳуқуқий таъсир чораларининг қайта кўриб чиқилишини талаб этаяпти.
Бундан ташқари суд томонидан белгиланган чекловлар ва мажбуриятларга риоя этмаётган пробация назоратидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш бўйича тезкор ҳамда таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш учун ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларига қўшимча ваколатларни бериш зарурияти юзага келмоқда.
Шу сабабли 2024 йил 15 ноябр куни Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-999-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларга нисбатан таъсир чораларини кучайтиришни, шунингдек, ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилди.
Ушбу ўзгартириш пробация назоратидаги шахслар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ва уларга нисбатан қўлланиладиган таъсир чоралари натижадорлигининг ошишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206-моддаси ва 248-моддаларига қуйидагича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
МЖтКнинг 206-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун қўлланиладиган жазо миқдори таъсири оширилди.
Эндиликда МЖтКнинг 206-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси қўлланиладиган бўлди.
Шунингдек, МЖтКнинг 248-моддасининг тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилди. Унга кўра МЖтКнинг айрим моддаларида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарликлар пробация хизмати назоратидаги шахслар томонидан содир этилганлиги аниқланган тақдирда бу тоифа шахсларга нисбатан тегишли тартибда қонуний чоралар кўриш ваколати Ички ишлар органлари пробация хизматининг катта инспекторлари ва инспекторларига берилди.
Эндиликда пробация хизмати назоратидаги шахслар томонидан МЖтКнинг 185 2-модда (совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланалиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш) ва 187-моддасида (жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда уларга нисбатан ички ишлар органлари пробация хизматининг катта инспекторлари ва инспекторлари томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чоралар кўрилиши белгилаб қўйилди.
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 10 сентябр куни қабул қилинган ва 2024 йил 24 октябр куни Сенат томонидан маъқулланган.
Х.Хайдаров,
Тошкент вилояти ИИББ ЖҲХ
Пробация бошқармаси МТБ
инспектори, подполковник.