Image default
Жамият

ГАЗЕТАГА ОБУНА БЎЛМАНГ!

Ҳар йили газетага обуна мавсумида атрофдагилар кўзига газетадагилар, худдики, «ебкетар»га пул сўраётгандек кўринади. Йўқ, бу ҳол бизни ажаблантирмайди, шунчаки, бироз манглайи тиришаркан одамнинг: уловлари хароб тураргоҳда тургани учун ҳар сафар неччидир минг сўм, асфальтининг дабдаласи чиқиб ётган йўлларда юрсаям «йўл фонди»га миллион-миллион сўм, сал ҳаво совуганда ёқилғининг нархини оширадиганларга фалон сўм, бир ҳафтадан сўнг сўлиб қолаётган гул кўчатларига фалон сўм, кўчада бекорга оқиб исроф бўлиб ётган ичимлик сувлари орқали беҳуда «оқиб» кетаётган маблағлар, лимит устига лимит қўйилиб ётган электр тўловларига фалон сўмлаб харажат қилаётганларида «ғиқ-қ» этмаётганлар кўзига шу газета обунаси учун йилига бир марта пул чиқариш «оғир туюлади» нимагадир.

Аслида, ўйлаб кўриш керак: газета ўзи нега чиқарилади? Китоб-ку ўқимаймиз – «уйқумиз келади» (доим «тренд»даги баҳона!), «ҳаром қонимиз қўзиб қолади» (бир китоббехабар «иқрор»и!), «нима фойда» (ўзбекнинг «ўлмас» хулосаси!), «вақт қайда» (аксари бекорчилар, аниқроғи умри қарта ўйнаб ё нарда ташлаб ўтиб бораётганлар «аттанг»и!)… Хўш, энди шу, бир неча саҳифагина чиқадиган газетани ҳам очиб қарашга эринсак, нимамиз одам бизнинг, ўзи!..
Зотан, кўзларининг нури китобу ойнома-ю рўзнома саҳфалари узра тўкилмаган, қулоқлари маърифат маъвизаларига «берк бўлган», бурун катаклари хонақоҳу кутубхона-ю китоб дўконларию турфа тоза илмгоҳлар ҳавосидан нафас олмаган, тили тиловату мутолаа учун «соқов» кимсани қайси мезонга кўра «ОДАМЗОТ» аташ мумкин? Ахир, бош, кўз, қулоқ, бурун, оғиз… – ҳайвон-у ҳашаротдаям бор! Тирикчилик учун қўнғиз ҳам ўрмалаб юради! Тўнғиз ҳам болаларини боқиш мақсадида овга чиқади, ҳар куни! Нима фарқимиз қолади шулардан, агарки, газета ўқимасак?
Эмишки, «бугун ҳамма нарса телефонда – газетадан фойда йўқ»! Айтинг-чи, шаҳрингизнинг ҳув-в бир бурчагидаги мактабида рус тилига ихтисослашган бутун бошли синфхоналари, казо-казо рус тили ўқитувчилари, рус тилини ўргатиш борасида узоқ йиллик шаклланган ўқитиш методлари… бўлишига қарамай, ота-оналар боласини рус тилига эмас, ўзбек тилли гуруҳларга беришини исташининг сабаби ҳам телефонингизда борми?
Ва яна, шаҳримиздаги қаҳрамонлар, маҳаллий хабарларни сунъий идрокдан сўраб кўринг-чи, нима деб қулоққа тепаркан?
Ёхуд автоҳалокат сабабидан ногиронлар аравачасига михланиб қолган ва эндиликда этикдўз бўлиб ризқини топаётган, Ўзбекистоннинг чекка бир жойида яшайдиган инсонга нега Президент фармонига кўра «Жасорат» медали берилганини ҳамда бу фалокатни ўша ҳамюртимиз ўзи «Худодан сўраб олганман», дейишининг боиси «Гоогле» бисотидан чиқармикан?
Ёинки, олис бир қишлоқда, онгги кун сайин тараққий топиб келаётган, катталарам ўқимайдиган семиз-семиз китобларни ўқиётган, биргина тарихий қиссасию эссе орқали Президент девонхонасидагилар эътиборига тушиб, ноутбук ва китоблар ила тақдирланган ўн беш ёшли ўспиринничи, танийдими телефонингиз?..
Умуман, биз билгану билмаган шу одамлар орасидан, наинки республика бўйича, балки дунё миқёсида ном чиқаргулик салоҳиятдаги ижодкор, санъаткор, спортчи, кашфиётчи, инноватор ёшлар чиқаётгани – буларнинг бари газеталар саҳифаларида бор ва бўлажак. Сизга қайси «бойвачча» қанча топганию, қаерда ким деган муштумзўр ёки «зўр ичадиган»лар борлигидан бўлак мавзулар ҳам қизиқ бўлса, албатта!
Ташкилотлар, мактабу боғчалар, тадбиркоргача газета-журналга обуна «мажбурий» бўлди, гўёки. Ғазаблангулик эмас, афсусли ҳолат бу. Одамларни маънавиятга мажбурлайдиган давр ҳам келган кўринади. Ҳолбуки, газетадаги бир мақола ё суҳбатни ўқишса, ўзларига қанчалар манфаат олади! Э, йў-ўқ, унда ўша телефонларидаги қай бир отарчининг отаси кимлигию бошқа бирининг қорнидаги болами ё бошқалиги ҳақидаги «ўта муҳим» хабарларни ким ўқийди, шундайми?!
Обуна бўлган-бўлмаган ҳар қандай кишининг яхши ёзилган шеърлари, мақолалари, ташаккурнома-ю илтимосномалари газетада чиқса, қанчалик қувонишини кўрибмидингиз ҳеч? Арзимасгина туюлиб келган ҳаёт йўлини эссе ё мақола ҳолида ўқиб, кўзлари намланган камсуқумгина одамнинг, бўғзига нимадир қадалиб, базўргина «…раҳмат!», деганини-чи, эшитганмисиз умрингизда? Кейинги сафар улар янада қизиқиши ортиб ёзишлари ёки ўзларининг мавжудлигини ҳис этиб яшашда давомлашлариничи, биласизми?..
Айниқса, ижодкор ёшлар жуда ҳам талай. Кўпи мактаб боласи ҳали ёинки талабалар. Уларга таҳририятимиз эшиклари ҳамиша очиқ. Тўғри, «қалам ҳақи» ўрнида пул беролмасмиз, лекин ПУЛ ОЛМАЙМИЗ ҲАМ – уларнинг ёзганини газетада чоп этганимиз эвазига!
Аммо Алихонтўра Соғуний таърифларича айтсак, баъзи бир «устал ошиқлари», яъни столига ёпишиб, ҳаётни идоралари деразасига осиғлиқ «жалюзи» қобирғалари орасидангина кўрадиганлар буни тушунишмайди. Бу пул орқасидан қувиб, саводини қочирганлар, ҳаттоки бир қатор гапниям ўн хато билан ёзадиган ҳолларига, газетадагиларни маломату мазах қилишади ўзларича. На илож, улар кабилар ёзганларини таҳрир қилиш – вазифамиз, илжайишига чидаш – қисматимиз чоғи. Бироқ ўз тилида тўғри ёзишни ўрганишга улар ҳам бурчдор эмасми?! Шундай, газета – катталарни-да тез-тез бехато ёзишга ундаб тургувчи, тилсиз «тил-адабиёт ўқитувчиси» ҳамдур. Ҳа, матбуот чиғириғидан обдан ўтганнинг чаласаводини учратмайсиз!
Баъзида сўраганларга қаерда ишлашимизни айтсак, беписанд боқишади. Ўзлари газета ўқиб туришадими-йўқми, қизиқсангиз, ўша «анъанавий» жавобни оласиз:
— Йўқ-да-а, бизда вақт қаерда экан!
Аниқки, бундай «банд»ларга «фалончиникига ошга кетятувдик, юринг», десангиз, албатта эргашади. Вақт топади, шубҳасиз. Ёхуд бир ярим соат бақириб-чақириб, футбол кўришга вақт топадиганларда нимадир ўқишга бир ярим дақиқа «тақчил» бўлиб қолади. Кимнингдир уйида қаттиқроқ товуш чиқариб синган идишни ярим кун муҳокама қилишади-ю, ярим дақиқалик мутолада кўзлари юмилиб кетаверади…
Қадрли элдошлар, сиз йиғиб-териб опкелаётган ва норизо тўнғиллаб бераётган обуна пулингиз – бизнинг ҳалол меҳнатимиз эвазига оладиган даромадимиз бўлади! Ва яна, сизнинг даромадингиз олдида бизники ҳеч нима эмас, аслан. Ишонгингиз келмаяпти-а? Келинг, бир латифанамо мисол айтай: таҳририятга обуна пулларини йиллар мобайнида ўтказиб бермай келаётган «бечораҳол»лар рўйхатининг бошида – бозорлар, банклар, заводлар, тадбиркорлар туради! Бу «камбағал»ларнинг ёд бўп кетган «пластинка»ларини эшитавериб, сочларимиз оқариб бораётир. «Кўтар, ана, газитингди, опкетувир! Бизга керакмас газит-пазит!..», дейишлари-ку, мутлақо ортиқча.
Кўча-кўйда, одамлар орасида газетани ва унда ишлаётган инсонларни маломат қилишдан бурун биз қилаётган ишни, жилла қурса, тасаввур қилишга уриниб кўринг, газетамизни ўқинг ва марҳамат, кейин гапиринг!
Очиғи, бизгаям сизнинг бу тариқа обуна бўлишингиз керак эмас! Беадад шукрки, ризқимиз узилиб қолмайди. Биз ҳам обунага юракдан ихтиёр бермайдиган, обуна бўлишса – маълумот бермайдиган, маълумот беришса – материал бермайдиган, материал беришса – бирортаси эътибор бермайдиган чалажон ташкилотлардан чарчаганмиз аллақачон!
Аммо обуна бўлдингизми, бас, ТИРИЛИНГ! Тўртта илмилиқ, юқуми йўқ тадбирчани ўтказиб қўйиб, «ишлаяпмиз!» деб ў-ўтирманг. Билиб олганингиз, тадбир – хабарча, кейин яна битта тадбир – яна битта хабарча… Соҳангизда масалалар қалашиб ётибди-ку, енг шимариб киришсангизчи, қуруқ ҳисоботларга осилиб жон сақлагунча. Ёритиб, ёзиб, таҳлиллаб бориш биздан!
Газетага обуна бўлманг, балки ундагиларга EЛКАДОШ бўлинг – биргаликда муаммоларга ечим қидиринг! Мамлакат истиқболи бир Президентга керакми? Президентлик ҳам вақтинча бир мансаб. Сизу биз эса бунда умрбод яшашимиз бор, авлодимиз яшаши бор.

Шербек
БОБОҚУЛОВ.

МАВЗУГА ОИД

ПАРЛАМЕНТ ВА ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КЕНГАШЛАРИГА САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ БОШЛАНДИ

admin

ХАЛҚ ХИЗМАТИДАГИ ПОСБОН

admin

МУРОЖААТ

admin

МУРОЖААТДАН МУДДАОГАЧА

admin