Жорий йилнинг 10 декабрь куни Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги 4-сессияси бўлиб ўтди. Шаҳар ҳокимлиги кичик мажлислар залида бўлиб ўтган сессияда Кенгаш депутатлари, шаҳар ҳокимлиги вакиллари, сиёсий партиялар, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, тегишли корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари, Кенгаш ҳузуридаги Ёшлар парламенти вакиллари мактаби аъзолари, маҳаллий ОАВ вакиллари қатнашди.
10 декабрь Ўзбекистон Республикаси давлат Мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан раислик қилувчи томонидан Давлат мадҳиямиз ҳақида сўз юритилди ва сессия иши Ўзбекистон Республикаси давлат Мадҳияси билан бошланди.
Сессия ишида жами 9 та масала кўриб чиқилди.
Биринчи масала бўйича шаҳар маҳаллий бюджетининг 2024 йил 3-чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан фойдаланиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Масала юзасидан шаҳар Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Ш.Абдиев сўзга чиқди. Шаҳар Маҳаллий бюджети даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан амалга ошириладиган навбатдаги харажатлар тасдиқланди.
Иккинчи масалада шаҳар маҳаллий бюджетининг 2024 йил 3-чорак якуни ижроси ҳамда август-ноябрь ойлари давомида киритилган ўзгартиришлар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Кун тартибидаги учинчи масалада «Дастурлар ижросини шу жамладан, ажратилган кредитлар самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботи эшитилди. Депутатлар томонидан шаҳардаги айрим маҳаллаларда фуқароларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг ўз вақтида қайтарилиши бўйича муаммолар юзага келаётгани, бу муаммоли кредитлар билан ишлашда ва бундай ҳолатларга йўл қўймасликда ҳоким ёрдамчиларининг масъулияти сустлиги танқид остига олинди. Шунингдек, муаммоли кредитлар юзага келмаган деб топилган энг яхши 3 та маҳаллада ҳам ўрганишлар олиб борилиши, намунали тажрибаларни оммалаштириш чоралари кўрилиши ҳақида сўз борди.
Тўртинчи масалада Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олмалиқ шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудирининг шаҳардаги корхона ва ташкилотларнинг мурожаатлар билан ишлаш ҳолати бўйича ахбороти тингланди ва унда келтирилган ҳолатлар муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда шаҳардаги айрим маҳаллаларда мурожаатлар сони нисбатан кўплиги, такрорий ва айнан бир шахс томонидан қилинган мурожаатлар сони ортиқлиги, уларнинг сабаблари таҳлил қилинди. Соҳалар кесимида мутасаддилар фаолиятига нисбатан депутатларнинг муносабатлари билдирилди.
Сессиянинг навбатдаги кун тартибида шаҳар Адлия бўлимининг 2024 йил 16 октябрдаги 1-10/1-7/30-сонли тақдимномаси тўғрисидаги бешинчи масала кўриб чиқилди ва тақдимнома қаноатлантирилди.
Олтинчи масалада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-343 сонли ҳамда Осиё Тараққиёт банки иштирокида Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш (3-босқич) лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-341-сонли Қарорларининг Олмалиқ шаҳридаги ижроси тўғрисида сўз борди. Шаҳар Кенгаши депутатлари «Тошкент сув таъминоти» корхонасининг Олмалиқ филиали раҳбарининг ҳисоботини «қониқарсиз» деб топди. Шунингдек, ушбу масала бўйича юқори турувчи буюртмачи ташкилотларнинг ҳисоботини эшитишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6166 сонли Фармонининг ижроси тўғрисидаги масала кун тартибида еттинчи масала сифатида кўриб чиқилди. Мазкур масала доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилганлиги, қўшимча фикрлар йўқлиги инобатга олиниб, тўғридан-тўғри қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибидаги саккизинчи масала юзасидан Олмалиқ шаҳар 3-сектор раҳбарининг «Айрим оилаларни «Темир дафтар»дан чиқариш тўғрисида»ги мурожаати кўриб чиқилди. Округ депутатлари ва доимий комиссия ўрганишлари инобатга олиниб, 3 та оиланинг моддий аҳволи яхшилангани боис, «Темир дафтари»дан чиқарилиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибидаги сўнгги масала — «Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 2024 йил 4 сентябрдаги VI-102-109-10-147-К/24-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорини эътироф этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, бир овоздан маъқулланди.






Кенгаш котибияти.