Image default
Таълим

ОТАЛАР –ОИЛА ТАЯНЧИ

Меҳрингиздан яшнаб юраман,
Мағрур қадам ташлаб юраман,
Дунёда энг табаррук инсон-
Дада, сизни яхши кўраман.

Аламларим кўзларин ёпай,
Ёнингизда югурай, чопай,
Келинг, бир бор бағримга босай,
Дада, сизни яхши кўраман.

Инсонинг орзулари, келажакда ким бўлиши, ҳаётда муносиб ўрнини эгаллаш, одатда, у улғайган муҳитга боғлиқ бўлади. Яхши ота эса фарзандининг кўзлаган манзилига қоқилмай етишида вақт ва имконият имтиёзи. Отанинг фарзандга меҳри-муҳаббати чексиздир. Дунёга келганимизда энг кўп хурсанд бўлган зот. Қалби бизга бўлган муҳаббат билан тўлиб тошган азизимиз, бахтимизни ўз бахтидан устун деб билган инсон – отадир. Фарзанд отанинг бир қисми бўлиб суратда ва хулқ атворда унга ўхшайди. Шунинг учун ота фарзанди тарбиясига диққат қилади. Ўзи истаган фазл-у камолни фарзандига беришга, уни ўзидан ҳам кўра мукаммал қилиб етиштиришга ғайрат қилади. Бу мақсади йўлида ҳар қандай машаққатга бардош беради. “Тарбия қилган отасига раҳмат!”- деган олқишни эшитишни, фарзанди орқали наслининг давом этишини орзу қилади. Мана шундай улуғ зот оталаримизга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг розилигини олиш ҳар бир фарзанднинг зиммасидаги масъулият ҳисобланади.
Дарҳақиқат, азизлар, ота-онамиз биздаги бабаҳо бойлик ҳисобланади. Улар то шу кунгача бўлган муддат мобайнида бизни ардоқлади, асради, эъзозлади, кийинтирди, озиқлантирди, севди, севишга ўргатди. Билим берди, йўл кўрсатди, ҳар бир ишимизда қўллаб келди ва қўллаб келмоқда. Билмаганларимизни ўргатди ва ҳали ҳануз йўлимизни маёқдек ёритиб келмоқда. Энг қизиғи, буларниниг барчаси – беминнат! Уларга бизнинг бахтли ва соғлом юришимиз кифоя.
Эсингиздами, азон вақти онамиз бизни эркалаб уйғотиб: “Тур, болам, мактабингга кеч қоласан, юзингни ювиб, чойингни ичиб ол. Кийимларингни дазмоллаб қўйдим”- десалар. Отамиз эса чой ичаётган пайтимиз: “Болам, мактабда устозларингни айтганини қилгин, ҳеч ким билан тортишма!” – деб уқтирар эдилар. Булар бир қарашда ҳар кунги оддий бир гаплар эди. Аслида-чи? Биз эътибор қаратмаган хазина сўзлар. Бу сўзлар замирида комил инсон тарбияси ётади. Яъни барчанинг орзуси. Вақт ўтиб, улар кексайган, бизнинг ширин меҳримизга зор бўлган пайтида эса биз уларга вақт ажрата олмай қоляпмиз.
Кунига икки лабларимиз орасидан бошқалар учун чиқаётган минглаб эзгу сўзлардан уйга қайтсак, улар учун икки оғиз ширин сўзларимизни аямоқдамиз. Кези келса, қанақадур бир тийинга қиммат қоғозларни деб ишдан кечикиб кетсак, улар хавотир олиб қўнғироқ қилган пайти бироз муомаламиз совуқ эмасмикан?!
Унда кўра, келинглар, дўстлар, қаерда бўлмайлик уларни бир зум эслайлик. Улар билан ўтган ширин болалигимизни ёдга олайлик. Шу ўтган ёрқин дамларимиз ҳурмати улар билан боғланиб: “Отажон, яхшимисиз? Сизни яхши кўраман, бахтимга соғ бўлинг. Сизга раҳмат!”, — деб айтсак, уларнинг кўнгли шод бўлиб бизни яна дуо қилишса, инсон деган номга бир зумга бўлса ҳам лойиқ бўлар эдик.
Мана шундай имконият 15-сонли умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, 5-“Г” синф раҳбари Нилуфар Атакулова томонидан “Оталар куни”га бағишлаб “Оталар – оила таянчи” номли маънавий-маърифий тадбир орқали ташкил қилинди. Тадбирда “Коинот” маҳалласи раиси, ёшлар етакчиси, шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари, ММИБДЎ, мактаб ўқитувчилари ҳамда 29 нафар ўқувчиларнинг оталари иштирок этишди. Тадбирда оталарни мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар, рақслар намойиш этилди. Юқори савияда ўтган ушбу тадбирда ўқувчилар баралла “Дада, сизни яхши кўраман” дея айта олди.

Гўзал Матмуратова.

МАВЗУГА ОИД

ТИЛ МИЛЛАТ РУҲИ, МАДАНИЯТИМИЗ ХАЗИНАСИ

admin

МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР -МАЪНАВИЯТ КЎЗГУСИ

admin

БУЮК СИЙМО ЁДИ

admin

240 ЎРИНЛИ ЯНГИ БИНО ҚУРИЛИБ, ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

admin