Оила кодексининг 15-моддасида фуқароларнинг никоҳ ёшига оид талаблар аниқ қилиб белгиланган. Бунга кўра, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш ҳисобланади.
Мана шу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ агар узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация қилинишида)) – никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга (яъни 17 ёшгача) камайтириши мумкин.
Юқоридаги қоидаларга риоя қилмай, эрта никоҳ қурилганда қонунларимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-3-моддаси ва Жиноят кодексининг 125-1-моддасига асосан:
1.1. Маъмурий жазо: никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади;
1.2. Жиноий жазо: агар юқоридаги қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
2.1. Маъмурий жазо: агар ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахс эрга берилса, ёхуд уйлантирилса — базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинади.
2.2. Жиноий жазо: агар юқоридаги қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
3.1. Маъмурий жазо: никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинади.
3.2. Жиноий жазо: агар юқоридаги қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Раъно Абдуназарова,
шаҳар ФҲДЁ бўлими 2-тоифали инспектори.